Коррупция таълим сифатига таъсир қилаётган асосий муаммолардан бири эканлиги айтилди

12:15 06 Март 2021 Жамият
829 0

Кеча Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида «Таълим сифатини таъминлаш мақсадида ўтказиладиган жараёнларда коррупцияни олдини олиш» мавзусида видеосеминар ўтказилди.

Унда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов, Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев, мактабгача ва олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари мутасаддилари, инспекция ва вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари, мактаблар ўқитувчилари ва бошқалар иштирок этишди.

Маълумки, Президентимиз Олий Мажлис қилган Мурожаатномасида коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шартлиги, бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарурлигини таъкидлаб ўтган эдилар.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг январь ва февраль ойларида Таълим инспекцияси ишчи гуруҳи таълим сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини шаффоф ва адолатли баҳолаш, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ва педагогларга амалий-услубий ёрдам республикамизнинг барча ҳудудларида ўрганишлар олиб борган.

Ўрганиш натижалари бўйича тегишли вазирлик ва идораларга тақдимномалар киритилган ва мавжуд камчиликларни ҳамкорликда бартараф этиш бўйича йўл хариталари тасдиқланган.

Тадбирда сўз чиққан Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев инспекцияси фаолиятининг илк кунлариданоқ асосий эътиборни тизимдаги коррупция ҳолатларини бартараф этишга қаратганини таъкидлар экан, таълим сифатини таъминлаш мақсадида ўтказиладиган жараёнларда коррупцияни олдини олиш бўйича шу пайтга қадар амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берди.

— Таълим инспекцияси кўрсатаётган давлат хизматлари сифатини доимий равишда ошириб бориш ва турли коррупциоген омилларни бартараф этиш мақсадида педагог кадрларни аттестация ўтказиш жараёнида ўқитувчилар ҳамда хорижий давлатларда олинган дипломларни тан олиш бўйича мурожаат қилган талабгорлар ўртасида сўровномалар ўтказиб бориш доимий йўлга қўйилган. Сўровнома натижалари асосида ушбу жараёнларга ташқаридан аралашиш ҳолатлари ва фуқароларни алдаб фирибгарлик йўли билан шуғулланаётган шахслар тўғрисида маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилиб борилмоқда.

Шу билан бирга олий таълим муассасалари рейтингини аниқлаш ёки аттестациядан ўтказиш жараёнида ўқитувчилар, таълим олувчилар ва уларнинг ота-оналарининг таълим соҳасидаги мавжуд коррупция ҳолатлари бўйича фикри сўровномалар ўтказиш орқали мунтазам ўрганиб борилмоқда, аниқланган ҳолатлар бўйича таълим бошқарув органлари ва таълим ташкилотларига тақдимномалар киритилмоқда. Шунингдек, таълим ташкилоти жамоаси билан биргаликда учрашувлар ташкил этилиб, коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар бартараф этилмоқда. Айниқса, бунда таълим олувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш орқали бу каби иллатлар билан самарали курашилмоқда.

Таълим сифатини баҳолаш жараёнларида коррупциоген ҳолатларнинг олдини олиш учун шаффофликни оширишга, замонавий АКТдан фойдаланиб, инсон омили таъсирини камайтириш ва жараёнларни соддалаштириш чоралари кўрилган.

Шаффофлик ва очиқликни таъминлаш мақсадида таълим муассасаларини лицензиялаш, хорижий давлатларда берилган дипломларни тан олиш, педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш, таълим муассасалари аттестацияси ва аккредитация жараёнлари тўлиқ электронлаштирилган, — деди Таълим инспекцияси бошлиғи.

Шундан сўнг маъруза қилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов коррупцияга қарши курашишда жазо муқаррарлигини таъминлаш билан бирга, унинг олдини олиш чораларини кўриш жуда муҳимлиги таъкидлади.

— Мамлакатимизда яширин иқтисодиётни қисқартириш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича 26 та вазирлик ва идораларда «комплаенс-назорат» тизими жорий этилиши бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган.

Мазкур вазифаларнинг амалиётдаги натижаларидан бири сифатида Халқ таълими вазирлиги марказий аппарати тузилмасида «Коррупцияга қарши курашиш тизими, комплаенс-назоратни амалга ошириш бўлими» ташкил этилганини келтиришимиз мумкин.

Натижада ушбу хизмат томонидан халқ таълими тизимида 78 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар ҳамда ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари аниқланган. 214 нафар мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган, 34 нафар ходимлар лавозимидан озод этилган.

Аммо амалга оширилган мазкур ишларга қарамасдан, 2020 йилнинг декабрь ойида ўтказилган таҳлилларга кўра, Халқ таълими вазирлиги тизимида коррупцияга оид жиноятлар бўйича 2020 йилда 249 та шахс жиноий жавобгарликка тортилган бўлиб, 2019 йилда бу кўрсатгич 144 тани ташкил этган, яъни жавобгарликка тортилганлар сони 105 тага кўпайган. Ўсиш асосан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳисобига кузатилган. Етказилган зарар миқдори 2020 йилда 40,9 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2019 йилда 19 млрд сўм бўлган, яъни етказилган зарар миқдори қарийб 22 млрд сўмга ўсган.

Юқорида келтирилган рақамлар халқ таълими тизимида коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашишда Агентлик, Халқ таълими вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва кенг жамоатчилик томонидан амалга оширилиши керак бўлган вазифалар кўплигини кўрсатади, — деди Акмал Бурханов.

Тадбир давомида инспекция ва вазирликнинг ҳудудий бўлимлари ҳам коррупциянинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот беришди.

Якунда мамлакатимизда таълим сифатига салбий таъсир ўтказаётган ушбу иллатга қарши кураш бўйича Таълим инспекцияси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигидаги йўл харитасини тасдиқлаш ва амалга оширишга келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?