Коронавирусга қарши эмлаш жараёнлари қандай кечмоқда?

14:47 14 Июль 2021 Жамият
215 0

Жорий йилнинг 14 июль куни «Тараққиёт стратегияси» маркази ташаббуси билан 2021 йил – «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурининг 177-бандида белгиланган Республика аҳолисини коронавирусга қарши профилактик эмлаш ишларини ташкил этиш вазифаси ижросига бағишланган «Ўзбекистонда коронавирусга қарши профилактик эмлаш (вакцинация) жараёнлари» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Бу ҳақда Марказ ахборот хизмати хабар берди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков бошқариб борган тадбирда Марказ эксперт-мутахассислари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати масъул ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, жамоатчилик вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этишди.

Давра суҳбати аввалида Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимлари томонидан аҳолини коронавирусга қарши профилактик эмлаш (вакцинация) жараёнларининг ҳолати, ташкил этилган вакцинация пунктлари, эмлаш учун харид қилинган вакциналарнинг турлари, шунингдек, коронавирус касаллигига чалиниш ҳолатлари ва эмланган аҳолининг касалликка чалиниш сабаблари тўғрисида маълумотлар бериб ўтилди.

Нурмат Атабеков, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари:

— Ўзбекистонда режали эмлаш амалиёти олдиндан мавжуд. Хусусан, Мустақилликнинг дастлабки йилларида 6 та юқумли касалликка қарши эмлаш амалга оширилган бўлса, бугун бу кўрсаткич 13 тага етди. Шу билан бирга, баъзи бир гриппга ўхшаш мавсумий, шунингдек, яна айрим турдаги ичтерлама, куйдирги ва қутуриш каби касалликларга қарши ҳам тавсиявий эмлашлар мавжуд. Бугунги кундаги коронавирусга қарши эмлаш жараёни ҳам вақт ўтиб ушбу эмлаш турлари қаторига киритилиши мумкин. Бунинг учун маълум бир вақт давомидаги кузатишлар талаб этилади.

Ушбу касалликни тўлақонли енгиб ўтишимизнинг ягона йўли аҳолида иммунитетни шакллантиришдир. Бунинг икки йўли мавжуд: биринчиси, аҳолини касалликка чалиниб иммунитет ҳосил қилиши, иккинчиси, вакцина олиш орқали иммунитет ҳосил қилиш. Биринчи ҳолат орқали касалликни енгиб ўтиш қанчалик хавфли эканлигини барчамиз кўриб турибмиз. Кўпчилик инсонлар касаллик оғир кечиши натижасида яқинларини ҳам йўқотишди.

Ўзбекистонда бугунги кунда эмлаш жараёни бўйича бор имкониятнинг ярмидан фойдаланиляпти холос. Агар биз аҳолига эмлаш жараёни ҳақидаги маълумотларни тўлиқ ва тўғри етказсак, касалликни енгиб ўтишимиз янада осонлашади. Дастлаб, биринчи ўринда мамлакатдаги алоҳида хавф гуруҳига кирувчи 4 млн. 112 минг нафар аҳолини эмлаш назарда тутилган бўлса, 1 июль ҳолатига уларнинг 3,6 млн нафари эмланди.

Хусусан, 2021 йил 1 июль ҳолатига 660 минг доза AstraZeneca, 6,5 млн. доза Хитойнинг ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси ҳамда 240 минг доза Россиянинг «Спутник-V» вакцинаси олиб келинган. Айни кунда Ўзбекистонда 2,5 млн. дозадан ортиқ вакцина захираси бор.

Шунингдек, давра суҳбатида коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахслар ҳамда ушбу инфекция тасдиқланган беморларга бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш, зарур лаборатор ҳамда инструментал текширувлар ўтказиш, текширув натижаларидан келиб чиққан ҳолда уларга даво муолажаларини тавсия этиш борасидаги ишлар тизимли равишда йўлга қўйилгани айтиб ўтилди.

Ўз навбатида, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси масъул ходими Умидулла Рискиев аҳоли ўртасида эмлаш жараёни билан боғлиқ хавотирли вазиятларга ойдинлик киритиб ўтди:

— Бугунги кунда аҳоли орасида вакцинани олиш билан боғлиқ турли хилдаги иккиланиш, вакцина олиб ҳам касалликка чалинганлар бор-ку, деган хавотирлар мавжуд. Аммо бундай гумонлар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Вакцина олиш аҳолини саломатлигини самарали асрашда муҳим босқич ҳисобланади. Тўғри, айрим вакцина билан эмланган фуқароларимизда ҳам касалликка қайта чалиниш ҳолатлари учрамоқда. Бироқ, уларда касаллик эмланмасдан вирус юқтириб олган фуқароларга нисбатан енгил кечади.

Биргина мисол, бугунги кун ҳолатига Ўзбекистон — Хитой вакцинаси ZF-UZ-VAC2001 билан биринчи бор эмланган фуқароларнинг 22 нафарида, ушбу вакцинани иккинчи босқичини ҳам қабул қилиб бўлган фуқароларнинг эса 14 нафарида, 3 дозани олгандан кейин эса 4 нафар фуқарода касалликка чалиниш ҳолати қайт этилган ва улар касалликни енгил кўринишда ўтказган.

Шу боис, биз оммавий эмлаш жараёнларини аҳолига тўғри тушунтириб, кенг миқёсда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришимиз зарур. Агар аҳолининг 60-70 фоизи эмланадиган бўлса, биз қўрқмасдан касалликни енгиб ўтсак бўлади.

Таъкидланганидек, айни кунда Тошкент шаҳрида тиббий-санитария муассасалари ва хизмат кўрсатиш йўналиши яқин бўлган диспансерлар биносида махсус поликлиникалар фаолияти қўшимча равишда йўлга қўйилган. Мазкур поликлиникалар аҳолига куну тун хизмат кўрсатиши учун ҳар бир марказга 3 тадан тиббий бригада бириктирилган ва улар таркибидан 2 нафар шифокор ҳамда 2 нафар ўрта тиббиёт ходими ўрин олган. Шунингдек, аҳоли орасида касалликка чалиниш ҳолати ўсиб бораётган вилоятлар марказларида ҳам зарурий даволаш муассасалари қайтадан тайёрланмоқда.

Бугунги кунда беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Республикадаги барча ковидга чалинган беморларни даволашга ихтисослашган марказлар ва поликлиникалар рентген, кислород конденсаторлари, пульсоксиметр, зарур дори-дармонлар, сарфлов материаллари, дезинфекцияловчи эритма ва реактивлар, шунингдек, махсус тиббиёт воситалари билан таъминланган.

Давра суҳбатида бугунги кунда беморлар орасида болаларнинг касалликка чалиниш ҳолати ортиб бораётгани сабабли, коронавирусни даволашда қўлланиладиган дори воситаларини улар учун мўлжалланган дозаларда ҳам ишлаб чиқариш жараёнлари бўйича айрим давлатларда илк саъй-ҳаракатлар бошлангани маълум қилинди.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой ўтган давра суҳбати якунида аҳолини коронавирусга қарши вакцина билан эмланиши билан боғлиқ бугунги кундаги долзарб саволларга мутахассис ва экспертлар томонидан атрофлича жавоблар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?