“Кўринмас душман”нинг аён ҳужумлари

Бугунги кунда ер юзидаги энг глобал муаммолардан бири — атроф-муҳитнинг ифлосланишидир. Хўш, бу муаммо нега бунчалик долзарб ҳисобланади?
Ҳеч кимга сир эмаски, сўнги юз йил ичида экологик муҳитга инсоният тарафидан кўп озор етказилди. Уларни бирма-бир санаймиз десак одамнинг кўнгли хира тортади. Завод ва саноат корхоналаридан чиқаётган чиқиндилар, заҳарли тутунлар, транспорт воситаларидан атрофга таралаётган зарарли газлар, хазонларнинг оммавий тарзда ёқилиши, турли сув ҳавзалари, ариғу зовурлар, каналларга улоқтирилаётган ахлатлар шулар жумласидан. Ҳа, улар экологик мувозанатни издан чиқариб юбормоқда, шунингдек, инсон соғлигига ҳам катта хавф туғдирмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, бугунги кунда ҳаво сифати пасайишида транспорт воситаси, саноат объектлари, электр ва иссиқлик тармоқларидан чиқаётган заҳарли моддаларнинг улуши анчани ташкил этади. Фактларга таянсак, ер юзидаги барча автомобиллар бир суткада 500 минг тонна бензин тутунини ҳавога чиқаради. Ачинарлиси, мамлакатимиз ҳам бу муаммодан четда эмас. Айниқса, сув ва ҳавонинг ифлосланиши бугун жиддий экологик муаммога айланган. Хусусан, саноат марказларига айланган ҳудудларимиз бунда етакчилик қилади ва уларда ҳавонинг ифлосланиш даражаси кундан кунга ошиб бормоқда.
Оддий бир мисол, кўп қаватли уйларнинг ҳовлисида кўп учрайдиган ҳолатлардан бири — енгил автомашиналар эгалари унинг моторини қиздириш учун ишга тушириб, ўзлари улови ичида ёки уйда кутишади. Бу вақтда эса мотордан чиқаётган заҳарли газлар атрофдаги ҳавони ифлослантиради, албатта. Айни эрталаб, яъни болалар мактабга кетаётган, одамлар ишга шошаётган шундай вақтда улардан чиқаётган тутунлар инсонларнинг тўғридан-тўғри нафас йўлларига кириб боради ва жиддий зарар етказиши ҳам ҳеч гап эмас.
Биламизки, сўнгги йилларда Оролбўйи минтақасидаги экологик инқироз бутун дунё экологлари эътибор марказида бўлиб турибди. Бу бежиз эмас. Орол денгизнинг қуриши билан юзага келган чанг ва тузли бўронлар ҳавони нафақат маҳаллий, балки бутун минтақа бўйлаб ифлослантириб, турли касалликларга сабаб бўлаётгани бунинг асосий омилларидандир. Натижада одамларда юрак-қон томир, саратон, нафас йўллари билан боғлиқ касалликлар пайдо бўлмоқда. Шунингдек, бу ҳолат ҳайвонот дунёсига ҳам жиддий хавф солмоқда.
Табиатни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодга бус-бутун етказиш — ҳар биримизнинг асосий бурчимиздир. Бунга эса ҳар ким қўлидан келадиган иш билан ҳисса қўшса, нур устига нур бўлади. Масалан, ҳавони имкони борича тозалаш ва кислород билан тўйинтириш учун дарахтлар экиш энг мақбул йўллардан биридир. Шунингдек, заводлар, уйимиз мўриларидан чиқаётган заҳарли газлар учун махсус фильтрларни ўрнатиш, тозалаш иншоотларини қуриш, маиший ва саноат чиқиндиларни тоифаларга ажратиш ҳамда қайта ишлашни такомиллаштириш, дизел ва бензин ёқилғисида ишловчи автомобиллар ўрнига электр энергиясида ҳаракатланадиган экологик тоза транспорт турларига ўтиш самарали усуллардир.
Она сайёрамизни асраб-авайлаш орқали биз нафақат ўз саломатлигимизни муҳофаза қиламиз, балки келгуси авлодларга ҳам муносиб табиатни мерос қолдира оламиз. Бунинг учун эса одамда асосийси “Битта мен қилганим билан нима ўзгаради?” деган фикр пайдо бўлмаслиги даркор. Ахир катта манзилларга ҳам кичик қадамлар билан етиб борилади.
Тўмарис САГИНДИКОВА,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика ва ўзбек филологияси факультети талабаси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Кадастр паспортларини бериш муддатлари ўзгартирилди
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- «Ғалаба боғи»да мудофаа инновацион технологиялари фестивали ўтказилди—Фоторепортаж
- Президент Маккада бўлиб турган муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефонлашди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг