Корея Республикасининг Паран шаҳрида Фарғона вилояти савдо-логистика маркази иш бошлади
Фарғона вилояти делегацияси 13-18 октябрь кунлари Корея Республикасида бўлди. Ташриф доирасида тадбиркорлик, инвестиция, экспорт ва бошқа бир қатор соҳаларда келишувларга эришилиб, ҳамкорлик кўлами янада кенгайтирилди.
Хусусан, Паран шаҳрида янги савдо-логистика маркази ишга туширилди. Марказнинг очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Абдусаломов иштирок этди.
Логистика маркази фарғоналик ёш тадбиркорлар — Абдувоҳид Қодиров, Жавоҳир Валиев ва Муҳаммадсаид Хўжаев ташаббуси ҳамда 6 миллион долларлик сармоя ҳисобига барпо қилинди.

Тадбирда сўз олган Хайрулло Бозоров мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотлар ва ривожланиш жараёнлари хориждаги ватандошларимиз фаолиятини ҳам рағбатлантираётганини таъкидлади. Бу борада ҳар қандай бизнес кичик ташаббусдан бошланиши, бундай лойиҳалар келгусида йирик миқёсли компанияларга айланишига ишонч билдирди.
Фарғоналик тадбиркорларнинг хорижда фаолият юритиши, маҳаллий бозор қонун-қоидаларини ўрганиб, миллий маҳсулотлар экспортини йўлга қўйишдаги саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланди. Юксак билим, тадбиркорлик ва чет тилларини билиш муваффақият гарови эканлиги эътироф этилди.
Тадбирда ушбу лойиҳа ташаббускори бўлган “Koreta Co., LTD” компанияси фаолияти бўйича тақдимот ўтказилди. Компания 10 йилдан ортиқ вақт давомида озиқ-овқат ва тўқимачилик маҳсулотларини Жанубий Корея бўйлаб етказиб бериш билан шуғулланади. Ҳозирда 1000 дан зиёд мижозлар базаси мавжуд.
Маҳсулотлар Ўзбекистон, шунингдек, Россия, Грузия, Болгария, Италия, Польша ва Нидерландия каби 20 га яқин давлатдан келтирилади. Компаниянинг Польшада офислари, Қозоғистонда сут маҳсулотлари заводи ҳамда Ўзбекистонда тўқимачилик фабрикалари фаолият юритмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг