«Кўмакни даромадга йўналтирдик»
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Камбағаллик айб эмас, аммо ундан чиқиб кетиш қийин. Қишлоқ шароитида камбағал одам касал бўлса, дори-дармон харажатларидан ташвишга тушади. Фарзандлари пул топиш илинжида таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлади. Бу ўша оилани янада камбағаллик домига тортади.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 сентябрдаги «Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида»ги Фармони аҳолининг камбағал қатламини камбағалликдан олиб чиқишда муҳим ўрин тутмоқда. Фармон ижроси юзасидан Сурхондарё вилоятида камбағалликни қисқартириш мақсадида 77 та энг муҳтож маҳалла танлаб олинди. «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида одамларнинг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган ишларга 256 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. «Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият» тамойили асосида танлаб олинган маҳаллаларнинг «йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, ҳар бир хонадон, кўча ва инфратузилма объекти хатловдан ўтказилди. «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти масъулларига Ангор туманидаги Каттақум, Қўштегирмон, Талашқон ва Наврўз маҳаллалари, Бандихон туманидаги Зевар, Лимонзор, Полвонтош ва Обод юрт маҳаллалари бириктирилди.

Каттақум маҳалласида мавжуд 1 минг 400 оиланинг 158 таси ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган. Қўштегирмон маҳалласидаги 985 оиланинг 63 таси, Таллашқондаги 861 оиланинг 41 таси, Наврўз маҳалласидаги 1 минг 396 оиланинг 75 таси ижтимоий ҳимоя ягона реестрида турибди. Масъуллар мазкур оилаларнинг ҳар бири билан суҳбатлашиб, оилаларнинг ижтимоий ҳолати, томорқадан фойдаланиш даражаси, иқтисодий аҳволи ва яшаш шароитини чуқур таҳлил қилмоқда. Иккита оила фарзанди мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилди. Тўрт оила аъзоси мавсумий ишларга жалб этилиб, икки нафар оғир тоифадаги бемор бепул даволаниши учун йўлланма билан таъминланди.
Жарқўрғон туманининг Янги турмуш, Узумзор, Нефтчилар ва Халқобод маҳаллалари Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси масъулларига бириктирилганди. Ўрганишлар чоғида 44 та оила камбағаллик реестрига киритилиб, оғир тоифадаги оилаларга ижтимоий кўмак кўрсатилмоқда.

— Эҳтиёжманд оилаларга ғамхўрлик қилиниб, уларга моддий ва маънавий кўмак берилмоқда, — дейди Жарқўрғон тумани иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи А.Сафарқулов. — Натижада оилаларнинг каттагина қисми камбағаллик реестридан чиқарилишига эришилмоқда. Бироқ шундай оилалар ҳам борки, уларга бир-икки кўмак берилгани билан хонадонни камбағалликдан халос қилишнинг имкони йўқ. Шу боис бундай оилаларни тўлақонли, комплекс қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Узумзор, Нефтчилар ва Халқобод маҳаллаларига бириктирилган масъуллар томонидан оғир аҳволдаги 20 та оиланинг ҳар бирига бир бошдан соғин сигир берилди.

— Иккинчи гуруҳ ногирониман, — дейди Жарқўрғонлик Қурбонназар Аллаев. — Ишсизлигим туфайли мураккаб аҳволга тушиб қолгандим. Давлат томонидан уйимизни таъмирлаб беришди. Мотороллер олганимдан кейин ишлай бошладим. Ҳовлимизда паррандачилик билан шуғулланишига ҳам шароит яратилди. Ҳатто синглим Санобарга субсидия асосида тикув машинаси топширилди. Кўмакни даромадга йўналтирдик. Энди биз камбағал эмасмиз.

— Дастур доирасида ўтган йилда вилоятда 37,8 минг нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилишига эришилди, — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Фарҳод Қулмаматов. — Бугунги кунда вилоят бўйича 12 076 та оилада сўровномалар ўтказилиб, скоринг натижаларига кўра, 9 226 та оила «Камбағаллик реестри»га киритилди. Мазкур реестрга киритилган оилаларга 4 653 та индивидуал дастурлар тузилиб, 26 573 та хизматлар бириктирилди.
Ҳудудларда аҳоли турмуш шарт-шароитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган бундай ишлар ночор оилаларни камбағалликдан чиқаришда муҳим аҳамият касб этади. Фақат ўша оилалар берилган имкониятлардан оқилона фойдаланса, ўз даромад манбаига эга бўлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг