Кўлми ёки қорақум? «Етти кўл»га нима бўляпти?

12:02 30 Октябр 2024 Жамият
251 0

Самарқанд вилояти ҳудудидан оқиб ўтувчи ўтувчи Зарафшон дарёси бўйидаги кўл бугун кўз ўнгимизда йўқ бўлиб кетмоқда. Қарийб 22 гектар жойни эгаллаган. Ўз вақтида сув билан қопланган қисми 13 гектар бўлган кўлда 2021 йилда ҳам оз миқдорда сув бўлган.

Яқин йилларгача Самарқанд шаҳри, туманлар, қўшни вилоятлар ва ҳатто, бошқа давлатлардан бу ерга дам олувчилар келиб, ҳордиқ чиқарган. Бугун эса кўл қуриб, чиқиндихонага айланган. Юк машиналари қурилиш чиқиндиларини шу ерга ташламоқда. Хўш, бундай ҳолатнинг сабаблари нимада? Кўлни сақлаб қолишнинг имкони борми ёки уни қуритишдан кимлардир манфаатдорми?

– Зарафшон дарёси 887 километр узунликка эга. Дарё қўшни Тожикистон Республикасидан бошланиб, Самарқанд вилоятига кириб келгандан сўнг Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятларининг катта қисмини сув билан таъминлайди, – дейди вилоят экология, табиатни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бўлим бошлиғи Тўрахон Ҳошимов. – Бу кўлга сув дарё сатҳининг кўтарилиши ёки сувнинг пасайиши натижасида шағалли ҳудуддан сизиб ўтиб тўпланган. Йиллар давомида ёввойи қушлар вақтинча қўним топадиган сув ҳавзаси ҳам бўлганди. Кейинги йилларда Зарафшон дарёсининг сув сатҳи пасайиб кетганлиги учун сизот сувлари чиқмай қолди. Яъни, Равотхўжа сув тўғонидан бошлаб Зарафшон дарёси кўпригигача бўлган дарёнинг 50-60 километр қисмида қарийб 6 миллион куб метр қум-шағал етишмайди. Натижада, ўрмон ҳудудидаги Зарафшон миллий боғидаги кўп йиллик дарахтлар ҳам қуриб бормоқда.

Соҳа мутахассисларининг фикрлари ва интернет тармоғидан олинган суратлардан кўринишича, бу ер аввал Зарафшон миллий табиат боғи билан уйғунлашиб катта кўл бўлган. Бугун ўша манзарадан асар қолмаган. Жаҳон экологлари бу каби табиат ўзгариши, дарахтлар ва сувнинг қуриб қолишини инсониятнинг келажак авлодини ўз қўли билан нобуд қилишига тенглаштиришади. Биз қайсидир лойиҳани амалга ошириш учун бутун бир ҳудуднинг бугуни ва эртасини сунъий равишда ўз қўлимиз билан йўқ қилмоқдамиз.

– 40 йилдан буён сув хўжалиги соҳасида ишлайман, вақтимнинг асосий қисми Зарафшон дарёси билан боғлиқ, – дейди Жомбой туман сув хўжалиги бўлими мироби Ҳасан Ашуров. – Ер остидан чиқадиган чашмалар, Зарафшон миллий табиат боғининг сизот сувлари ва дарёдан ариқлар орқали келадиган сув иккита қувур ёрдамида бу ерни сув билан таъминларди. Ёз бўйи одамлар билан гавжум эди. Самарқандга кириб келадиган ҳар қандай одам дастлаб сув ҳавзаси манзараси билан юзлашган. Бу ерни янада чиройли кўрсатиш ва дам олувчиларга завқ бағишлаш учун 1990-2000 йиллар давомида чўмилиш масканида 5 та сунъий оролча ташкил этилди. Бу ердан халқаро алоқа кабели, электр ҳаво тармоғи ўтган. Иш жараёнида коммуникация тармоқларига зарар етмаслигига эътибор берганмиз.

Хўш, ҳозир ҳам бу ҳолатни бартараф этиб, кўлни аввалги ҳолатига қайтариш, аниқроғи,тиклашнинг имкони борми?

Зарафшон дарёсининг ўнг қирғоғидан канал ўтган, канал ва дарё ўртасида катта ҳажмда сизот сувлари бор, – дейди сув хўжалиги фахрийси Зойир Жўрабеков. – Шу боис, атрофда кўплаб табиий кўллар бўлган ва ҳавзага ҳам доим тоза сув тушиб турган. Илгари миллий қўриқхона ҳудуди ҳисобланган кўллар ўрнида ҳозир балиқчилик хўжаликлари ташкил этилган. Сув йўли тўсилгандан сўнг аҳоли чўмилиб, дам оладиган маскан йўқ бўлиб кетди. Бунга аввало, дарёдан кўп миқдорда тош олиш ва вилоят бўйича деҳқончилик учун минглаб ер ости қудуқларининг қазилиши ҳисобига сув сатҳи пасайиб кетиши сабаб бўлди.

Бу жой нима учун бу қадар муҳим, замонавий бассейнларда ҳам чўмилиш дам олиш мумкин-ку, дегувчилар топилади. Биринчидан, дарё сувида табиий минераллар бор ва у инсон саломатлиги учун жуда муҳим. Иккинчидан, бу каби оилавий дам олиш масканлари Самарқандда шундоқ ҳам кам эди. Шаҳарнинг Хишрав қўрғонидаги 16 минг куб метр сув ҳажмига эга сув ҳавзаси ҳозир кичик ариққа айланиб қолган. Зарафшон дарёси бўйидаги бу сунъий кўл ҳам йўқ бўлиб кетди. Лекин ҳозир ҳам бу масканни тиклаш мумкин. Фақат биринчи навбатда кўлни чиқиндидан тозалаш, сув бор сатҳгача кавлаш, эски ўзандан сув йўлини очиш керак. Бу дам олиш масканларини кўпайтириш, хизмат кўрсатиш соҳасида янги субъектлар очиш ва асосийси экологияни мусаффо сақлашга хизмат қилади.

Мавзуни ўрганиш жараёнида кўл ўрнида нима ташкил этилиши, бу ерни чиқинди билан тўлдиришнинг сабаблари билан қизиқдик. Одамлар орасида кўл ўрнида боғ бўлармиш, кўп қаватли уйлар қурилармиш, бошқа жойдаги бозор кўчириб келинармиш, деган миш-мишлар юрибди. Бу гапларга аниқлик киритиш ва саволларимизга жавоб олиш учун Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Жомбой туманлари ҳокимликларига мурожаат қилганимизда «Бу ер бизнинг ҳудудимиз эмас», деган жавобни олдик. Кадастр агентлиги вилоят бошқармасининг харитада белгилаб кўрсатишига кўра, кўл жойлашган ҳудуд Самарқанд шаҳар тасарруфида экан.

Мавзу сўнгида яна бир эслатма. Юртимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловларнинг тарғибот жараёнида бешта сиёсий партия ҳам сайловолди дастурларида экологик муаммоларга ечим топиш бўйича ташаббусларни илгари сурди. Бу муаммога партиялар ҳам эътибор қаратади, деган умиддамиз.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Журналист.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер