Кўҳна Бухорода санъат биенналеси бошланди

18:15 05 Сентябр 2025 Жамият
185 0

Истиқлол йилларида “Ипак ва зираворлар”, “Зардўзлик ва заргарлик” каби йирик халқаро фестиваллар мезбони сифатида ҳам танилган Бухорои шарифда яна бир йирик маданий тадбир бошланди. Бу ерда санъат биенналеси ўтказилмоқда. Минтақамизда илк бор ташкил этилган, “Қалблар дардига дармон” деб номланган анжуман нафақат юртимиз турли гўшаларидан келган меҳмонлар, балки хорижий сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

Шу ўринда биеннале сўзига изоҳ бериб ўтиш фойдадан холи эмас. У итальянча сўз бўлиб, икки йиллик маъносини англатади. Бошқача айтганда, биеннале, бу — бадиий кўргазма. Одатда, у икки йилда бир бор ташкил этилади. Дунёдаги энг машҳур шундай маданий тадбирлардан бири Венециан биенналеси саналади. У 130 йилдан буён ўтказилиб келинмоқда. Биз кўриб одатланган кўргазмалардан унинг фарқли томони шундаки, тадбир бир эмас, бир неча муаллифнинг ижодий ишларини намойиш этиш майдончасига айланади.

Айтиш жоизки, Бухоронинг биеннале ўтадиган эски шаҳар қисмида кенг қамровли ободончилик юмушлари амалга оширилди. Йўл ва йўлаклар таъмирланди. Оқова сув тизими янгиланди. Тарихий ёдгорликлар реставрация қилинди. У ёки бу манзилга етиб боришни осонлаштириш мақсадида махсус белгилар ўрнатилди.

— Юртимизда санъат ва маданият равнақига жуда катта эътибор қаратиляпти, — дейди таниқли миниатюрачи рассом, “Шуҳрат” медали соҳиби Давлат Тошев. — Давлатимиз раҳбарининг “Халқаро замонавий санъат биенналесини юқори савияда ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу фикр тасдиғидир. Қарорга мувофиқ, бу йирик тадбир ҳар икки йилда ўтказилади. Биенналенинг асосий мақсадларидан бири юртимизда замонавий ва амалий санъатни, ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш эканлиги алоҳида қайд этилган. Бундан биз, халқ амалий санъати усталари бениҳоя хурсандмиз. Мазкур тадбир бебаҳо санъатимизни дунёга кенг танитишда, кўҳна Бухоронинг нуфузини янада оширишда қўл келади, албатта.

Давлат ака ҳақ. Хорижий меҳмонларнинг миллий қадриятларимиз, тарихимиз, санъатимизга қизиқиши бениҳоя катта. Буни уларнинг қўл меҳнатига асосланган халқ амалий санъати асарларини қунт ва синчковлик билан кузатиб, бажонидил харид қилишларидан ҳам билиш мумкин. Айримлари ҳатто бу санъат сирларини ўрганиш мақсадида таниқли усталардан, жумладан, Д. Тошевдан ҳам маҳорат сабоқлари олишмоқда.

Дарвоқе, биз миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш фидойиси саналган Давлат ака билан “Говкушон” мадрасасида қисқача суҳбатлашдик. Бу ерда у биеннели дастури доирасида мактаб ёшидаги шогирдлари билан абри баҳор санъати бўйича машғулот ўтказди. ”Абри баҳор” ибораси “Баҳор булутлари” маъносини беради. Ватани Бухорои шариф саналади. Ундаги мафтункор, ўз навбатида кишини мушоҳадага чорловчи манзаралар махсус тайёрланган бўёқлар ва сув воситасида қоғозга туширилади. Бу камёб ва нозик санъат усули кейинчалик Эрон ва Туркияда ҳам кенг ёйилган. Замона зайли билан бу усул юртимизда унутилаёзган эди. Истиқлол йилларида мусаввирларимиз томонидан қайта тикланди.

Бевосита биенналега тўхталадиган бўлсак, у жорий йилнинг 20 ноябригача давом этади. Тадбирга турли давлатлардан маданият ва санъат вакиллари, мусаввирлар, ҳунармандлар келишмоқда. 70 нафардан зиёд маҳаллий ва халқаро ижодкор бирин-кетин тадбир учун танлаб олинган маданий мерос иншоотларида ўзининг махсус лойиҳаларини намойиш этишга киришди.

Истам ИБРОҲИМОВ

«Халқ сўзи».                                                                                                            

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?