Кластернинг афзалликлари нималарда кўринмоқда?

08:42 04 Февраль 2021 Сиёсат
1437 0

Сўнгги тўрт йилда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида кластер деган сўз тез-тез ишлатила бошланди. Дастлаб янгилик сифатида жорий этилиши бошланган кластер тизими бугунги кунда юртимиз ҳаётининг барча соҳаларига кириб келмоқда. Очиғини айтиш керак, кейинги пайтларда кластер усулига нисбатан бир тарафлама бўлган турли гап-сўзлар айтилмоқда.

Хўш, ҳозирда амалиётда кенг қўлланилаётган ушбу инновацион усул амалда ўзини қандай оқлаяпти? Бу ҳақда сиёсий партияларнинг қуйи палатадаги фракциялари аъзолари фикрлари билан қизиқдик.

Одинахон ОТАХОНОВА, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси:

— Маълумотларга қараганда, ҳозирги пайтда юртимизда 97 та пахта-тўқимачилик, 149 та мева-сабзавотчилик, 65 та ғаллачилик, 35 та шоличилик ва 7 та доривор ўсимликлар етиштиришга ихтисослашган кластерлар самарали фаолият юритяпти. Мазкур янги тузилма ўтган жуда қисқа вақт ичида аграр соҳани ҳаракатлантирувчи етакчи кучга айланди. Биргина пахтачилик мисолида айтадиган бўлсак, 2020 йилда республикамиз бўйича етиштирилган 3 миллион тоннадан зиёд пахта хом ашёсининг асосий қисми пахта-тўқимачилик кластерлари ҳиссасига тўғри келди.

Бугунги кунда барча ҳудудларда пахта хом ашёсини етиштиришдан бошлаб, унга дастлабки ишлов бериш, маҳсулотни пахта тозалаш корхоналарида кейинги қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр тўқимачилик маҳсулоти чиқариш босқичигача бўлган ишлаб чиқаришни интеграция қилишни назарда тутувчи Пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этила бошланди. Бу каби амалга оширилган ишлар натижасида 2020 йилнинг биринчи чораги бўйича ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларининг республика ялпи ички маҳсулотидаги улуши 2017 йил биринчи ярим йиллигидаги 4,6 фоиз ўрнига 8 фоиздан ортиқроқни ташкил этиб, 8,7 трлн. сўмни ташкил этган.

Кўряпмизки, кўрсаткичлар ижобий. Ҳозир ижтимоий тармоқларда тарқалаётган асоссиз фикрлар ушбу тизимга нисбатан нохолис ёндашувни келтириб чиқармоқда. Энди тасаввур қилинг, авваллари, ўртача 1,5 АҚШ долларига экспорт қилинган бир килограмм пахта толаси кластер тизими натижасида 10-20 баробар қиммат нархдаги тайёр трикотаж-тўқимачилик маҳсулотига айлантирилиб, юқори қўшилган қийматли маҳсулот сифатида экспорт қилинмоқда. Бу нимадан далолат беради? Шубҳасиз, тизимнинг ҳар томонлама пухта ўйланганлигининг самарасидир. Бу эса аҳоли ва Давлат бюджети даромадларининг ортишига ҳам ижобий таъсир кўрсатяпти.

Дилрабо ХОЛБОЕВА, «Адолат» СДП фракцияси аъзоси:

— Ўтказилган таҳлилларга кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан юқори ҳосил олиш учун ер майдонларидан фойдаланишда юзага келаётган асосий муаммолар сифатида қуйидагилар учрамоқда:

— замонавий, энг илғор технологияларни жорий қилишда халқаро тажрибани ўрганиш ва олимлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш кўрсаткичларининг пастлиги;

— қишлоқ хўжалигида юқори қўшилган қиймат яратиш учун маҳсулот етиштиришдан чуқур қайта ишланган тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнларининг тўлиқ қамраб олинмаганлиги;

— юқори ҳосил берувчи навларни яратиш ва уруғчилик йўналишларида маҳсулот етиштирувчилар билан ҳамкорликдаги узилишлар;

— молиявий ресурсларнинг етишмаслиги ва шу каби муаммолар.

Албатта, бу муаммоларни ҳал этиш учун фермер ва деҳқон хўжаликларига олимларнинг тавсиялари, ўтказилаётган кўргазмалар, тижорат банклари кредитлари сезиларли самара бериши билан бирга, кутилган натижаларга эришиш кечикмоқда.

Бунинг учун тезкорлик билан қишлоқ хўжалигида ердан фойдаланиш шаклларини замонавийлаштириш ва диверсификация қилиш муҳим вазифа сифатида қолмоқда.

Ерлардан фойдаланиш тизимидаги анъанавий фермерлик, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари тизими қаторида агросаноат кооперациялари ҳамда кластерлар тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Сўнгги йилларда кластерларнинг эришаётган натижалари бу соҳада қонунчилик базасини мустаҳкамлаш ва кенг имкониятларни яратиш заруратини юзага келтирмоқда. Жумладан, пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан пахта ҳосилдорлигини оширишга қаратилган ишлар натижасида ҳосилдорлик гектарига ўрта 3,5 центнерга ошган, баъзи вилоятларда (Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари) бу кўрсаткич 6-9 центнердан ошган.

Сув тежовчи технологиялар жами пахта далаларининг 32,5 минг гектарига жорий этилган бўлса, шундан 21 минг гектари кластерлар ҳисобига тўғри келади. Биргина, 2020 йилда кластерлар томонидан 18,2 минг гектар майдонларда томчилаб суғориш ва 2,4 минг гектарда пульсар усулда суғориш технологиялари ўрнатилган.

Шу билан бирга, кластерлар томонидан 3,6 минг гектар фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни фойдаланишга киритилганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Бундан ташқари, кластерлар томонидан яратилаётган барқарор ва расмий иш ўринлари ҳам аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, даромадларини оширишга қаратилган натижавий кўрсаткич сифатида ҳам баҳоланади.

Бугунги кунда кластерлар бўйича ижтимоий тармоқларда чуқур таҳлилларга асосланмаган ҳолда билдирилаётган турли хил танқидий фикрлардан келиб чиққан ҳолда олдимизда турган асосий вазифа кластерлар фаолиятини ривожлантириш учун адолат мезонларига асосланган қонунларни қабул қилиш ва уни амалиётга татбиқ қилишдир.

Анвархон ТEМИРОВ, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Бир қатор интернет нашрларида берилган кластер тизими билан боғлиқ ахборотлар эътиборимни тортди. Ўзгаларнинг фикрини ҳурмат қилган ҳолда, айтиш жоизки, бирор масала ҳақида гапиришдан олдин унинг моҳиятини тўлиқ англаб етиш зарур.

Айни пайтда барча соҳа ва тармоқларга кириб келаётган, юз минглаб қўшимча иш ўринлари яратилишига ҳамда бир неча ўн триллион сўмлик юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқарилишига хизмат қилаётган кластер тизими афзалликлари ҳақида тўхталганда, энг муҳим жиҳатларни алоҳида санаб ўтиш зарур.

Энг аввало, кластер усулида маҳсулот етиштирувчи ва уни қайта ишловчилар манфаатларининг муштараклиги таъминланади. Кластер иштирокчилари қишлоқ жойларга саноатни олиб кириши эвазига соҳада йиғилиб қолган муаммолар ўз ечимини топади. Қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш, ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириб, олинадиган даромад салмоғи каррасига кўпаяди.

Мисол учун, Қуйи Чирчиқ туманида кластер усулига ўтилмасидан олдин пахтачиликда гектаридан 11-13 центнердан ҳосил олинган. Экин майдонлари кластер ихтиёрига берилгач, биринчи мавсум — 2019 йилнинг ўзида гектаридан ўртача 35 центнердан пахта етиштирилди. 2020 йил эса ўртача ҳосилдорлик 41 центнердан ошди. Бу масаланинг бир жиҳати.

Унинг иккинчи томони шундаки, туманда фермер хўжаликлари давридаги ишчилар сони 898 нафарни, ўртача иш ҳақи эса 550 000 сўм бўлган бўлса, кластер тизими жорий этилгандан сўнг 8 600 та иш ўрни яратилди, ўртача иш ҳақи эса 4 марта кўп — 2,1 млн. сўмга етказилди. 2019 йилда фермер хўжаликлари давридаги 7,9 млрд. сўмдан 6 баробар кўп ёки 28,7 млрд. сўм солиқ тўловлари тўланди. 2020 йилда тўланган солиқ ҳажми эса 53 млрд. сўмни ташкил этди.

Буларнинг барчаси кластер тизими имкониятларини яққол кўрсатмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?