Кластер — қишлоқ хўжалигини ҳаракатлантирувчи «драйвер»

Президентимиз мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган байрам табриги тақдирини замин билан боғлаган, ердан ризқ-рўз ундираётган киши борки, қалбини тоғдек кўтариб юборди. Ахир унда соҳа ходимларининг меҳнати юксак эътироф этилиб, жумладан, шундай дейилган: «Дунёдаги энг қадимий ва олижаноб касб эгалари ҳисобланган, эл-юрт дастурхонини тўкин ва фаровон этадиган ғоят муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган сизлар каби минглаб юртдошларимизнинг фидойи меҳнати ва жасорати ҳар қандай юксак эътирофга муносибдир».
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ходимларига алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиб, аграр соҳасини модернизация ҳамда диверсификация қилишга устувор аҳамият берилмоқда. Натижада амалиётга илғор ёндашувлар, инновацион усуллар жорий этилаётир. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг ғояси асосида қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш ва уни чуқур қайта ишлашнинг занжирли усулига асосланган кластерлар пайдо бўлгани бунга яққол мисолдир.
Мазкур янги тузилма ўтган жуда қисқа вақт ичида аграр соҳани ҳаракатлантирувчи етакчи куч — «драйвер»
Муваффақиятнинг бош омили
Кластер қайси омиллар ҳисобига ривожланяпти, деган савол туғилиш табиий, албатта. Бу ҳақда тўхталганда қуйидаги энг муҳим жиҳатларни алоҳида санаб ўтиш, кифоя.
Биринчидан, кластер усулида маҳсулот етиштирувчи ва уни қайта ишловчилар манфаатларининг муштараклиги таъминланяпти.
Иккинчидан, у ўзида чигит экишдан тортиб, пахта етиштириш, уни бирламчи ва чуқур қайта ишлаш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилишгача бўлган «занжирли» ишлаб чиқаришнинг тўлиқ ҳалқаси яратилмоқда.
Учинчидан, кластер иштирокчилари қишлоқ жойларга саноатни олиб кириш эвазига соҳада йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этишда ташаббускор бўлишяпти.
Тўртинчидан, қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш орқали уларнинг бой ва фаровон яшаши учун қулай муҳит яратиб берилаётир.
Мавсумий ишчи тушунчасига барҳам бериляпти
Президентимиз табригида пахтадан мўл ҳосил етиштирган илғор субъектлардан бири сифатида эътироф этилган Қуйи Чирчиқ туманидаги “ТCT Сluster” кластери янги тузилманинг афзалликларини амалда исботлади.
Гап шундаки, ушбу туманда кластер усулига ўтилмасидан олдин пахтадан гектарига 11 — 13 центнердан ҳосил олинган, холос. Экин майдонлари кластер ихтиёрига берилгач, биринчи мавсум — 2019 йилнинг ўзида гектаридан ўртача 35 центнердан пахта етиштирилиб, ялпи ҳосил 30 минг тоннадан ошди. Бу йил эса 10 минг гектарда ғўза парваришланиб, биринчи терим якунланмасдан туриб, шартномавий режадаги 34 минг тонна пахта хом ашёси йиғиштириб олинди. Мавсум якунлари бўйича ўртача ҳосилдорлик 41 центнердан ошди. Бу масаланинг бир жиҳати.
Унинг иккинчи томони шундаки, туманда фермер хўжаликлари давридаги ишчилар сони 898 нафарни, ўртача иш ҳақи эса 550 000 сўм бўлган бўлса, “ТCT Сluster”да 8 600 та иш ўрни яратилди, ўртача иш ҳақи эса 4 марта оширилди. 2019 йилда фермер хўжаликлари давридаги 7,9
Энг муҳими, пахта-тўқимачилик кластерида мавсумий ишчи деган тушунчага барҳам берилаётир. Кластерларда одамларнинг йил — 12 ой бандлиги таъминланяпти. Улар худди завод ва фабрикалар ишчиларидек, қишин-ёзин меҳнат қилиб, ойлик маош олишмоқда.
Катта ишонч ва ғамхўрликнинг юксак намунаси
Шунинг учун кластерлар давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, қулай агробизнес муҳити яратилмоқда. Биргина 2020 йилда қабул қилинган 5 та қонун, Президентимизнинг 12 та Фармони ва 30 дан ортиқ қарори, шунингдек, ҳукуматнинг кўплаб қарорлари мазкур соҳа вакилларини молиявий қўллаб-қувватлаш, қўшимча эркинлик ва енгилликлар беришга қаратилган.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан «Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари» уюшмаси ташкил этилгани эса кластер иштирокчиларига бўлган катта ишонч, ғамхўрликнинг юксак намунаси бўлди. Бундай эътибор бизларни руҳлантириш билан бирга, зиммамизга масъулият ҳам юкламоқда. Буни чуқур ҳис қилган ҳолда, қўлга киритилаётган ютуқларни мустаҳкамлаш йўлида бир қанча лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шулардан энг муҳими, бу — илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштиришдир.
Ҳаммаси илмга асосланади
Тажриба шуни кўрсатяптики, илм-фан ва техника ютуқлари ишлаб чиқариш билан чамбарчас боғланмаса муваффақиятга эришиб бўлмайди. Шу боис бугун кластерлар ва олий ўқув юртлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида дастлабки муҳим қадам ташланди. Яъни мамлакатимизда биринчи бўлиб Бухородаги “BCT Cluster” ҳамда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида давлат-хусусий шериклик йўлга қўйилди. Унинг доирасида дуал таълим тизими амалиётга жорий қилиниб, келгусида кластер талабидан келиб чиққан ҳолда, барча бўғиндаги мутахассислар тайёрланадиган бўлди.
Яна бир янгилик шундан иборатки, Президентимизнинг ғояси асосида юртимизда фаолият юритаётган кластерлар қошида Илмий марказлар, Илмий-техник кенгашлар ташкил этилмоқда. Уларга соҳанинг етук олим ва профессорлари, ёш тадқиқотчилар жалб этиляпти. Пировардида деҳқончиликка интенсив технологиялар, илғор усуллар қўлланилмоқда. Шунингдек, барча агротехника тадбирлари илмий асосда амалга ошириляпти. Бунинг ҳисобига уруғлик, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш материаллари — мухтасар айтганда, моддий ва табиий ресурслар тежалишига эришилиб, қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштирилмоқда.
Миллий брендлар дунёни забт этади
Пахта-тўқимачилик кластерларининг изланишлари туфайли кейинги пайтда янги миллий брендлар яратилиб, Ўзбекистон маҳсулотлари дунё бозорларини забт этмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, Бухородаги “BCT Cluster” кластерининг бешта фабрикадан иборат тўқимачилик мажмуасида тайёр жинси кийим-кечаклари ишлаб чиқариш тўлиқ ўзлаштирилгани ва миллий бренд яратилганига алоҳида тўхталиш жоиз. Бу ерда тайёрланаётган органик тўқимачилик маҳсулотларни харидорларга тўғридан-тўғри етказиб бериш мақсадида республикамиз ҳудудида 50 та савдо дўкони очиляпти. Уларнинг дастлабкилари ҳозирги пайтда фаолият кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги элчихоналари кўмагида хорижий давлатларда 100 та савдо нуқтасини ташкил этиш режалаштирилган. Айни вақтда Германиянинг Мюнхен, Дрезден каби йирик шаҳарларида дастлабки 7 та савдо дўконини очиш саъй-ҳаракати олиб борилмоқда. Бундай савдо тармоқлари яқин истиқболда Европа давлатлари, Болтиқбўйи республикалари, Япония ва ҳатто жинси ватани бўлган АҚШда ҳам фаолиятини бошлайди. Пировардида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йилига ўртача 20 — 25 миллион евро миқдорида валюта тушумига эришилади. Бу миллий брендларимиз яқин йилларда дунёни эгаллашидан бир нишонадир.
Ишончни, албатта, оқлаймиз!
Тўғрисини айтиш керак, қўлга киритилаётган ютуқлар баробарида ҳали кластерлар, уларнинг бошини бир жойга қовуштираётган «Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари» уюшмаси олдида муҳим вазифалар, улкан ишлар турибди. Президентимиз кластер усулига Ўзбекистон пахтачилигининг келажаги, дея катта ишонч билдирган экан, биз, пахта-тўқимачилик кластерлари иштирокчилари ана шуни оқлаш учун амалиётга йирик инновацион лойиҳаларни татбиқ этиб, қишлоқларни обод, одамлар турмушини фаровон қилишга ҳаракат қилаверамиз.
Бугун юртимизда ажойиб айём — ризқ-рўзимиз бунёдкорларининг касб байрамлари нишонланмоқда. Юртимизнинг барча ҳудудларида кенг тантана қилинаётган «Ҳосил байрамлари»да жорий деҳқончилик мавсуми сарҳисоб қилиняпти, келгуси йил режалари тузилмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан ушбу соҳада меҳнат қилаётган фидойи деҳқонлар ва кластер иштирокчиларини чин дилдан табриклаймиз! Уларнинг ишига унум ва барака тилаймиз!
Муртазо РАҲМАТОВ,
«Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари»
уюшмаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори,
профессор, сенатор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг