Китоб жавонингизга

19:26 10 Сентябр 2021 Маданият
2120 0

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда мамлакатимизда қўлига қалам олиб халқи ва она юрти учун ижод қилган ва қилаётган кўплаб ёзувчи-шоирларнинг, адибларнинг тўпламлари нашр қилинди ва ўқувчилар қўлига етиб борди. Бу ишлар замирида Ватан истиқболини куйлаш, эртанги кунга ишонч уйғотиш ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳаққоний муносабат кўрсатиш каби юксак тушунчалар ётади.

Сўнгги кунларда «Адабиёт» нашриёти томонидан нашр қилинган ушбу тўпламлар ҳам қилинаётган ишларнинг узвий давоми десак адашмаган бўламиз.

«Буюк ўзбек йўли»

Она юртимизнинг қадимдан то бугунгача қандай шонли ва заҳматли йўлни босиб ўтгани барчамизга яхши маълум. Бу йўлда қанча аждодларимиз тунни тун, кунни кун демай заҳмат чекишган, келажак авлодларга нурли ва улуғ ватан қолдириш учун ҳаракат қилишган. Шунинг натижаси ўлароқ бугун тинч ва фаровон мамлакатда умр кечирмоқдамиз, яқинларимиз соғ ва омон. Мамлакатимиз кундан кунга юксалиб дунё халқлари орасида ўз ўрнига эга бўлгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар, кечаётган жараёнлар бутун дунё халқларининг диққат эътиборини тортмоқда.

Ушбу китобда жамланган мақола ва суҳбатларда юртдошларимиз қалбида шижоату кўтаринки руҳ бағишлайдиган янгиликлар, хабарлар акс этган.

«Келажакка бошлайди ишонч»

Ишонч туйғуси ҳамиша инсониятни олға ундаган, унга руҳий қувват ва ғайрат бағишлаган. Қачонки одамлар қалбида эртанги кунга ишонч бўлса кўнгли тўқ ва хотиржам яшайди. Бу ишонч эса қанча ҳаракатлар, меҳнатлар эвазига бунёд бўлади. Бугун юртдошларимиз юрагида эртанги тонгга, бугунгидан ҳам гўзал бахтга, кечагидан ҳам тотли қувончга ишонч туйғуси бор.

Мазкур китоб Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган бўлиб, ундан адабиётимиз ривожига ҳисса қўшган адиблар, пешқадам шоирлар ҳамда ёш ижодкорларнинг ватан, халқ, бунёдкорлик мавзусида, ватанпарварлик руҳида ёзилган шеърлари ўрин олган.

«Орзулар хиёбони»

Инсон қалби гўзал орзу билан безалган, юксак мақсадлар ила муштарак бўлса ҳаётнинг чин маънодаги лаззатини, шавқию завқини ҳис қилади. Орзусиз одамнинг юраги қоронғу уйга менгзайди. Бу уй қанчалик ёруғ бўлса, унда шунча яхшилик, эзгулик каби тушунчалар мавжуд бўлади. Орзулар хиёбонида орзулар қилинади, орзулар ушалади. Шу боис орзулар хиёбони кишиларнинг энг севимли жойи эканига шубҳа йўқ.

Ушбу китобга юртимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида таниқли адиблар, шунингдек, ёш ёзувчиларнинг Ватан, она замин, миллий тилимиз, айни пайтда қадриятларимиз, осори-атиқаларимиз ифода этилган энг сара ҳикоялари жамланган.

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер