Китоб — келажак учун энг яхши сармоя

11:52 05 Март 2026 Жамият
341 0

Ҳар куни эрта тонгда севимли масканга кириб келаётганда зиё маскани йўлаклари, алоҳида бўлимлар ёки мутолаа ўриндиқлари китобхонлар билан гавжум бўлса беҳад қувониб кетаман. Яхшики, кунига ота-оналар, талабалар, ўқитувчи ва ўқувчилар тинимсиз келишади, кутубхонага аъзо бўлишади ва китоблар қўлма-қўл ўқилади.

Баъзан турли тадбирлар, учрашувларда фарзандлар тарбияси борасида баҳс-мунозаралар бўлиб қолади. Табиийки, ота-оналар, устозларнинг фикри, талқини турлича. Кимдир глобаллашув даври асоратларидан куюнчак фикрларини билдирса, айримлар компьютер, уяли алоқа воситасидан нолийди. Айбни бировга ағдариб юбориш бу – муаммони ҳал қилиш ёки ундан қутилиш дегани эмас.

Шу сабабли бундай пайтда ҳамиша бир фикрда содиқман: болага китоб беринг, тафаккур ва дунёқараш шаклланишида китобдан яхши дўст йўқ. Бугунги замонавий ибора билан айтганда эса китоб келажак учун энг яхши сармоядир.

Айни пайтда кутубхона инсониятнинг маънавий хотираси, билим ва тафаккур хазинаси бўлиш билан бирга инновацион ғоялар, рақамли технологиялар ва ижтимоий фаоллик марказига айланиб улгурди. Бугун кутубхонамиз вилоятда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар маркази – юзма-юз мулоқотлар ўтказиш жойи. Янги авлод учун билим булоғи, миллий қадриятлар, замонавий ва келажак касблари, хорижий тилларни ўрганишга хизмат қилувчи мўътабар маскан.

Жаҳон андозалари даражасида фаолият кўрсатиш учун ўтган йили кутубхона мукаммал таъмирдан чиқарилди. Янги қиёфага эга бўлган кутубхонада ёзги амфитеатр, мўъжазгина боғ, тўгараклар учун махсус хоналар, илмий-амалий анжуманларга мўлжалланган конференциялар заллари ҳамда профессор-ўқитувчилар, илмий изланувчиларга алоҳида жойлар ташкилланди.

Ўқув залларида кичик ёшдаги китобхонлар учун болалар бўлими фаолияти йўлга қўйилди. Китоб ташиш ҳамда фойдаланувчилар учун лифтлар ўрнатилди. Умуман олганда, бу ерда замонавий ахборот хизматлари, электрон каталоглар ва рақамли ресурслар билан хизмат кўрсатувчи барча қулайликлар муҳайё. Энди у шунчаки китоб ўқиладиган жой эмас, турли учрашувлар, тақдимотлар, ижодий кечалар, китобхонлар клублари мунозаралари ўтказиладиган фаол маърифий марказ.

Марказда бугунги кунда 7 та “Китобхонлар клуби” ўз фаолиятини олиб бормоқда. Уларнинг орасида ўзга тилли гуруҳлар учун “Ўзбек тили” клуби ҳам ташкил этилгани эътиборга молик. Бу клуб машғулотлари давомида тингловчилар ўзбек тили – давлат тилини мукаммал ўрганиш, оғзаки ва ёзма нутқни ривожлантириш, кундалик ҳамда касбий мулоқотда эркин фойдаланиш бўйича муҳим билим ва амалий кўникмаларга эга бўлмоқдалар.

Бугун жамият тараққиётида ёшлар, айниқса, қизларнинг фаоллиги ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Бу борадаги эзгу мақсадлар ижобати йўлида иш бошлаган “Қизлар овози” клуби уларнинг билим олиши, ўз фикрини эркин баён қилиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун кенг имконият яратаётган ижтимоий-маърифий майдондир.

Шу маънода, “Қизлар овози” клуби — бу оддий тўгарак эмас. У ерда қизлар ўз иқтидорини намоён қилади, нутқ маданиятини ривожлантиради, китобхонликка қизиқиши ортади ва турли мавзуларда баҳс-мунозараларда иштирок этади. Клуб доирасида мунтазам равишда китоб муҳокамалари, мотивацион учрашувлар, психологик тренинглар, ижодий кечалар ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб бориш яхши анъанага айланиб бормоқда.

“Китобхон раҳбар” клуби — янги ғоялар ва тажриба алмашинуви майдони. Бу клуб вилоятдаги 19 та шаҳар-туман ахборот-кутубхона маркази раҳбарлари ўртасида ташкил этилган бўлиб, у раҳбар ходимларни китобхонликка жалб қилиш ва мутолаа маданиятини юксалтириш, раҳбарлар ўртасида бадиий, илмий ва касбий адабиётларни ўқиш кўникмасини шакллантиришга кўмаклашмоқда. Ўз навбатида ушбу клуб тизимда интеллектуал мулоқот ва фикр алмашинув муҳитини яратишга хизмат қилиши мақсад қилинган.

Халқимизда “Тил билган – эл билади” деган нақл бежизга айтилмаган. Ҳозирги глобаллашув даврида хорижий тилларни ўрганиш ҳаётий заруратга айлангани эндиликда барчамизга яхши маълум. Кутубхонада талабалар, ўқувчилар учун фаолият юритаётган “Хорижий тилларга қизиқувчилар клуби” эртанги кун эгаларининг меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис бўлишига хизмат қилиши аниқ. Клубда инглиз, корейс тили каби хорижий тилларга қизиқувчи ёшлар жамланган. Клуб машғулотлари жараёнида ўша давлатнинг адабий мероси, тарихи, иқтисоди, миллий қадрият ва анъаналарини ўрганишга ҳам жиддий эътибор қаратилади.

Мухтасар айтганда, ахборот-кутубхона марказида жўшқин ҳаёт оқими бир зум ҳам тўхтамайди. Бу ер ҳайрат ва ҳаяжонлар, завқ, унутилмас таассуротлар маскани. Бу жойда роҳатбахш сокинлик бор. Унга дўст тутинган инсон бир умр унга содиқ дўст бўлиб қолишга интилади. Чунки ушбу мўъжизавий дунёнинг оҳанрабоси, жозибаси бошқача. У китобхонни доимо ўз ҳузурига чорлайверади.

Китоблар олами нақадар ранг-баранг, унинг такрорланмас латофати ана шунда бўлса, не ажаб. Боиси китоблар сингари ҳаётимизнинг мазмун-мундарижаси ҳам ҳам ранг-баранг бўлиши жуда ҳам қизиқарли. Биз ҳар куни бу эзгу юмушда хизматда астойдил камарбаста бўламиз. Эрта тонгда китобхонлар истиқболига хуш тавозе билан пешвоз чиқиш катта бахт.

Буниси энди – фахр. Буниси энди – ифтихор.

Муҳайё РУСТАМОВА,

Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилоят ахборот-кутубхона маркази илмий-методика хизмати раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?