Ким Чен Ин синов тариқасида Япон денгизига баллистик ракеталар учирди – BILD

19:36 27 Январь 2026 Дунё
481 0

Шимолий Кореяда навбатдаги баллистик ракета синови амалга оширилди. Бу ҳақида BILD нашри маълум қилди.

Жанубий Корея бош штаби маълумотларига кўра, Пхеньян яқинидан камида иккита баллистик ракета учирилган бўлиб, улар Япон денгизи томон тахминан 350 километр масофани босиб ўтган.

Япония соҳил қўриқлаш хизмати ҳам ракета учириш ҳолатини тасдиқлаган. Ҳозирча ракеталарнинг аниқ тури ва умумий сони расман маълум қилинмаган.

«Yonhap» ахборот агентлигининг хабар беришича, мазкур ракета синовлари Ким Чен Ин режими томонидан куч намойиши сифатида баҳоланмоқда. Синовлар КХДР ишчилар партиясининг февраль ойида бўлиб ўтиши кутилаётган навбатдаги қурултойидан бир неча ҳафта олдин амалга оширилган. Ушбу қурултойнинг ўтказилиш санаси ҳозирча маълум қилинмаган.

Маълумот учун, баллистик ракета синовлари БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Шимолий Кореяга нисбатан қабул қилинган бир қатор резолюцияларига тўғридан-тўғри зид ҳисобланади. Сеул ва Токио ҳудуддаги вазиятни диққат билан кузатиб боришини ҳамда иттифоқчи давлатлар билан ҳамкорликда ҳаракат қилишини маълум қилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?