Ким Чен Ин ниҳоят ўзини эслатиб қўйди: у Россияга 6000 аскар юборяпти
Россия Федерацияси ва Корея Халқ Демократик Республикаси ўртасидаги ҳарбий ва иқтисодий ҳамкорлик янада кучаймоқда. 17 июнь куни Пхенянда Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу ва КХДР етакчиси Ким Чен Ин ўртасида ўтган музокаралар натижасида, Шимолий Корея томонидан 6 мингга яқин ҳарбий мутахассисни Россиянинг Курск вилоятига юбориш бўйича келишувга эришилди.
Мазкур келишувга кўра, Шимолий Корея Россияга 1000 нафар сапёрларни миналардан тозалаш ишлари учун, шунингдек, 5000 нафар ҳарбий қурувчиларни вайрон бўлган инфратузилма объектларини тиклаш мақсадида юборади. Бу ҳақда Сергей Шойгу расман баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, ушбу ташаббус аввалги учрашувлар давомида эришилган келишувларнинг амалий давомидир.
Маълум қилинишича, бу Сергей Шойгунинг июнь ойидаги Шимолий Кореяга иккинчи ташрифи ҳисобланади. Россия президенти Владимир Путин топшириғига биноан амалга оширилган ушбу ташриф давомида Шимолий Корея раҳбарияти билан икки томонлама ҳарбий-техник ва инфратузилмавий ҳамкорлик юзасидан муҳим музокаралар олиб борилган. Ташриф доирасида икки давлат ўртасидаги сиёсий яқинлик яна бир бор тасдиқланди.
Курск вилояти раҳбари Александр Хинштейннинг аввал берган маълумотига кўра, ҳудудда тахминан 500 минг гектар ер майдони миналанган бўлиб, бу бутун вилоят ҳудудининг 1/6 қисмини ташкил этади. 1 июнь ҳолатига кўра, бу миналанган майдонларнинг фақат 8 фоизи тозаланишга улгурган. Шу боис КХДРдан юбориладиган сапёрлар катта аҳамият касб этмоқда.
КХДР томонидан юбориладиган ҳарбий қурувчилар эса ҳудуддаги вайрон бўлган инфратузилма объектларини тиклаш ишларида қатнашади. Россия расмийларининг таъкидлашича, ушбу ёрдам тикланиш жараёнини сезиларли даражада тезлаштиради. Бу, айниқса, жанговар ҳаракатлар таъсирида зарар кўрган жойларда муҳим ҳисобланади.
Шимолий Корея ҳарбийларини Россияга юбориш халқаро жамоатчиликда ҳам турли муносабатларга сабаб бўлди. Ғарб давлатлари ушбу ҳамкорликни БМТ резолюцияларига зид деб ҳисоблаяпти. Бироқ Пхенян ва Москва бу каби айбловларни рад этмоқда ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларни давом эттиришга бел боғлаган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг