Кичик томорқа — катта хазина
Рустам НУРМАТОВ/«Халқ сўзи». Жиззах вилояти Арнасой туманида оқар сув муаммо бўлгани сабабли аксарият одамлар яшил бўлиб турсин деб ҳовлисига 3-4 туп дарахт экиб қўярди. Аммо ишбилармон кишилар имконият излаб, мана шундай оғир шароитда ҳам томорқасини даромад манбаига айлантирмоқда. Ғафур Ғулом маҳалласида яшовчи Олим Шаминов олти сотих томорқасига сабзавот ва кўкат экиб, яшнатиб қўйди. Маҳалла фаоллари ҳам унинг ҳовлисини бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатарди.
Лекин бу ишлардан Олим аканинг кўнгли тўлмади. Томорқасини ўзлаштириш ҳам гап бўлибдими? Кунига икки соат меҳнат қилса, бир қарич ҳам бўш ер қолмайди. Қолаверса, рўзғорга кунлик сабзавот ҳам чиқиб туради. Олим Шаминов каттароқ мақсадни мўлжаллаган эди. Ҳовлиси ёнидан ўтган ариқнинг нариги томонида 4 сотих бўш ер бўлиб, маҳалладагилар у ерни чиқиндихона қилиб олган. Ёзда нохуш ҳиддан атрофда яшаётганлар норози, аммо бунинг ечими ҳақида ҳеч кимнинг бош қотиргиси келмасди. Олим ака маҳалла раиси Адҳам Шодмонов билан ҳоким ёрдамчиси Жамол Исматовга учрашиб, ўша ерни тозалаб, иссиқхона қурмоқчи эканини айтди.
Чиқиндихона муаммоси раисни ҳам ўйлантириб юрганди. Чунки кўп хонадонлар эгалари ҳашаротлар безор қилиб юборганидан шикоят қилган эди. Олим аканинг мақсадини эшитган раис хурсанд бўлиб кетди.
— Фақат иссиқхона қуришга сармоям етмаслиги мумкин, — деди миришкор гапнинг индаллосига кўчиб. — Бу томонини ўйламанг, банкдан имтиёзли кредит олишга кўмаклашиш бизнинг зиммамизда, — деди ҳоким ёрдамчиси Жамол Исматов.
Кўп йиллик чиқиндини тозалаш осон бўлмади. Бироқ ишга қатъий киришган Олим ака икки ўғли билан деярли бир ҳафта ҳаракат қилиб ҳудудни тозалади. Бу муддатда ҳоким ёрдамчиси кредит масаласини ҳал қилди. Олим акага иссиқхона қуриш учун 33 миллион сўм ажратилди. У ўз сармоясини қўшиб, чиқиндихона ўрнида 4 сотихли иссиқхона қурди.
— Дастлаб бошқалар қатори бодринг етиштиришни режалаштиргандим. Лекин туманда йўқ соҳага қўл уришни хоҳладим. Газеталарни варақлаб, бир мақолага кўзим тушди, — дейди Олим Шаминов. — Унда ёзилишича, бир юртдошимиз қишлоқ жойдаги иссиқхонада гидропоника усулида қулупнай экиб, қишда катта фойда олаётган экан. Нега Арнасойда қулупнай етиштирилмайди, деган саволга жавоб излай бошладим. Анча изланишга, хорижликлар тажрибасини ўрганишга тўғри келди. Шундай қилиб иссиқхонанинг деярли учдан бирини қулупнайга мослаштирдим. Қулупнай жуда нозик ўсимлик бўлиб, унга алоҳида ишлов бериш, парваришлаш талаб этилади. Аммо Олим Шаминов изланишдан тўхтамади. Иссиқхонани иситиш қурилмалари билан жиҳозлади. Иссиқлик ўлчаш ускуналари ўрнатди. Томчилатиб суғориш тизими ўтказди. Қулупнай гули яхши чангланиши учун махсус асаларилар олиб келди. Дастлабки ҳосилдан олган даромади ҳисобидан кредитидан қутулди. Иссиқхонанинг бир бурчагини тажрибахона учун ажратган. У ерга Арнасойда йўқ ўсимликлар экиб, парвариш қилмоқда.
— “Инновация бурчаги”га мандарин, банан, лимон, апельсин ва хурмо кўчатлари ўтқазганман. Мана бу ерда эса қопга картошка экканман. Бир қоп ўғитланган тупроқдан ярим қоп картошка олса бўларкан, — дейди Олим ака. — Жанубий Кореянинг яхшигина пул эвазига сотиб олинган “Санг-янг” навли қулупнайидан кўчат қилишни ўргандик. Ҳозир кўчат етиштиришни ҳам йўлга қўйдик. Асли форишлик Олим Шаминов тенгдошлари билан яйловда мол боқиб улғайган. Шунинг учун чорва ва парранда парваришининг ҳадисини олган. Томорқасининг бир четида замонавий қилиб қурилган зимхонада икки бош сигир, 45 бош қўй-қўзи, 30 та товуқ, 40 та жўжа боқмоқда. Жўжаларни ўзи кўпайтирмоқда. Йил охиригача паррандалар сонини юздан оширишни мўлжаллаяпти. Умуман, Олим Шаминов каби янгиликка интилганлар Ғафур Ғулом маҳалласи аҳлига ўрнак бўлмоқда. Улар ўз томорқасини ўзлаштириш ва “Сайхунобод тажрибаси” асосида хонадонида чорва, парранда, асалари парваришлаб, яхши даромад олмоқда. Яқинда туман ҳокими маҳаллалар фаоллари билан учрашувда хонадонларда қўзиқорин етиштириш бўйича топшириқ берди. Ғаллаорол туманида қўзиқорин етиштираётган фуқаро манзилини бериб, тажриба ўрганиб келиш учун бир гуруҳ арнасойликларни жўнатди. Айни пайтда Арнасойда ўнга яқин фуқаро қўзиқорин етиштириш учун ҳовлисида қурилиш ишларини бошлаб юборди.
Бугун тумандаги қайси хонадонга кирманг, гуллатиб, яшнатиб қўйилган мўъжаз томорқага кўзингиз тушади. Аввалги қишлоқ аҳолиси билан бугунги қишлоқ одамларининг ҳаёт тарзи, яшаш даражаси, даромадида катта фарқ борлиги яққол сезилиб турибди.
Халқимизда бўш ердан унумли фойдаланиш, кичик томорқадан ҳам яхши даромад олиш кўникмаси шаклланди. Бу ўз-ўзидан содир бўлгани йўқ, албатта. Мамлакатимизда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган майдонлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш бўйича тизимли ишлар қилинди. Натижада ўз томорқасини ўзлаштириб, ундан фойда олиш кўпчилик юртдошларимизнинг асосий даромад манбаига айланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ислам Махачевга Арман Царукян рақиблик қила олмайди. «UFC 311» олдидан содир бўлган нохуш хабарнинг барча тафсилотлари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг