Кибер жиноят — алдамчи юзлар ортидаги «ҳақиқат» ёҳуд ишонч ўғрилари фаоллашди

Рақамли технологиялар тез суръатларда ривожланаётган ҳозирги даврда кибер жиноятлар инсоният хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда. Мамлакатимизда мазкур муаммога эътибор қаратилган ҳолда бир қатор қонуний ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Жиноят кодексининг 278-моддасида компютер ахборотига рухсатсиз кириш, 141-моддасида эса шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш каби ҳолатлар юзасидан жиноий жавобгарликлар белгиланган. Шунингдек, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги, «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги ҳамда «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳам кибер жиноятларга қарши қурашишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Қайд этиш жоизки, ижтимоий тармоқлар бугун ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Улар орқали бемалол керакли маълумотларга тезкорлик билан эга бўлишимиз, янгиликлардан хабар топишимиз, билим ва тажриба алмашишимиз мумкин. Бироқ бу қулайликлар ортида турли хавф-хатарлар, айниқса, киберфирибгарлик ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Сўнгги йилларда бундай фирибгарларнинг ижтимоий тармоқларда сохта ҳисоблар очиб, фойдаланувчиларнинг ишончига кириш ва пулларини ўмариш ҳолатлари тобора авж олмоқда. Улар шахсий маълумотларни ўғирлаб сотиш, банк картаси маълумотларини алдов йўли билан қўлга киритиш, ёлғон совринлар ютганлик ҳақида хабар юбориб, одамларни чув туширишмоқда.
Яна бир хавфли ҳолат эса файл кўринишида тарқатилаётган зарарли дастурлардир. Масалан, Телеграм орқали «1 соатда 2 миллион сўм топинг», «Маҳаллада пул тарқатиляпти», «Расмларингиз интернетга тарқалиб кетди» каби сарлавҳалар остида хабарлар юбориляпти. Баъзи фойдаланувчилар ушбу файлни очиши билан фирибгарлар ҳужумига учраб, орадан кўп ўтмай пул маблағлари ечиб олиняпти. Бундай ҳолатлар албатта кибер жиноят ҳисобланади ва уларга қарши қонуний чоралар кўрилади.
— Олдинлари юртимизда кибержиноятлар унчалик кенг тарқалмаган, жиноятчилар нигоҳи фақат йирик ташкилотларига қаратилган бўлса, ҳозир оддий фуқаролар ҳам нишонга олинмоқда, — дейди Тошкент шахар Ички ишлар вазирлиги академияси докторанти, катта лейтенант Манзура Ахмедова. — Айни пайтда кибержиноятлар билан боғлиқ аризалар сони сезиларли даражада ошган. Ички ишлар вазирлиги ва киберхавфсизлик марказларининг маълумотларига кўра, кунига ўртача 80 — 100 та ариза келиб тушмоқда. Бу сон йилдан-йилга ортиб бораётгани ҳам ачинарли ҳол. Аризаларнинг асосий қисми банк карталари орқали пул ўғирланиши, сохта саҳифалар орқали алдаш, ижтимоий тармоқларда шахсий маълумотларни ўғирлатиш ва шантаж билан алоқадор. Шу боис, фуқаролардан ҳушёр бўлиш, алданиб қолмаслик, бунинг учун эса ҳар қандай ҳолатда ҳам эътиборли бўлишни сўраган бўлардик.
Албатта, ҳар қандай иш қонун билан қатъий белгилаб қўйилса, натижадорлик янада ошади. Шу маънода, яқинда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган «Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мазкур қонун ахборот технологиялари орқали содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини кучайтиришга қаратилган бўлиб, бунда банклар ва тўлов ташкилотлари киберхавфсизлик талабларига риоя қилмаслик натижасида юзага келган зарарлар учун молиявий жавобгарликка тортилиши белгиланган. Шунингдек, сохта қўнғироқларга қарши тизим ишлаб чиқилмоқда, бу орқали фирибгарларнинг телефон орқали алдовларига чек қўйиш кўзда тутилган.
Албатта, фирибгарлар чангалига тушиб, алданиб, бармоғини тишлаб қолмаслик ҳар кимнинг ўз қўлида. Бунинг учун эса ижтимоий тармоқларда икки босқичли текширувни ёқиш, фақат расмий иловалар ва сайтлар орқали тўлов қилиш, шунингдек, интернет хавфсизлиги бўйича доимий билим олиб бориш даркор.
Куни кеча яқин дугонам Зилола Бозорбоева шахсий ривожланиш ҳамда қисқа муддатда катта миқдорда пул ишлаб топиш илинжида телеграмда бир каналга уланибди. Пировардида, алданиб, пулларини ўғирлатгани ҳақида йиғи аралаш сўзлаб берди.
— Мен Телеграмда бир курсни сотиб олиш илинжида фирибгарларга дуч келдим, — дейди у. — Улар тредингни ўргатиш ва ҳалол пул билан даромад олиш имкониятини тақдим этаётганини айтиб, менга кўп пул топишим ҳамда муаммоларимни ҳал қилишим мумкинлигига ишонтиришди. Шунингдек, ота-онамга оғирлигим тушмаган ҳолда контрактимни ўзим тўлашим ҳақида сўз беришди. Кейин эса ўз курсларига қизиқиш уйғотиш учун турли инсонларнинг тажрибалари ҳақида хабарлар юборишди, баъзи мижозлари ҳатто кредитларини тўлаб бўлгани, баъзилари эса ота-оналарига машина совға қилишгани ҳақида ёзишди. Шундан сўнг менинг ҳам қизиқишим ортди, улардан курс сотиб олдим. Сўнгра улардан «Ҳурматли мижоз! Биз сизнинг тўловингизни қабул қилдик ва сиз ҳозирда 16 млн. сўм пул ютиб олдингиз, шундан 13 млн. сўм маблағ сизники, фақат ютуғингизни олиш учун 690 минг сўм тўлашингиз керак» деган мазмундаги хабарни олдим. Шундан сўнг улардан хат-хабар бўлмади, алданганимни тушуниб етганимда эса кеч бўлганди.
Инсон ҳаёти давомида кўп нарсаларни кеч англаб етади, деймиз. Аммо ўзимизни ўнглаб, бошқаларга бошимиздан ўтганларни айтиб сабоқ чиқаришларида ёрдам берар эканмиз ҳеч қачон кеч бўлмайди. Зеро, бундай фирибгарликдан ҳимояланиш учун ҳар биримиз ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз, эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишимиз зарур.
Дилдора ЎРИНОВА,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети талабаси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг