«Хушхабар»дан хуш хабарлар
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон қадрини улуғлаш масофа ва макон танламайдиган масалага айланди. Буни Сариосиё тумани марказидан 80 километр, вилоят марказидан 300 километр узоқликда жойлашган Хушхабар қишлоғи аҳолиси турмуши мисолида ҳам кўриш мумкин.
Хушхабар — Ҳисор тоғ тизмаларининг 4 688 метр баландликдаги Ҳазрати Султон чўққиси этакларида, Маланд, Карч, Вочах каби тоғ қишлоқларидан ҳам тепада жойлашган. Қишлоқда автомобиль йўли йўқ, у ерга сўқмоқ йўллардан борилади. Марказдан қишлоққа етиб бориш учун автомобиль йўли орқали 56 километр, Тўпаланг дарёсида ҳарбий қайиқда 20 километр ва пиёда 4 километр масофани босиб ўтиш лозим.
Ана шундай энг олис, бориш қийин бўлган қишлоқ аҳолисининг ижтимоий муаммолари ҳам бугун давлатимизнинг диққат марказида бўлаётир.
— Қишлоғимиздаги 11 хўжаликда 60 дан зиёд одам истиқомат қилади, — дейди Жонмаҳмат ота Раҳмонов. — Аҳолимиз узоқ йиллар борига шукр, йўғига қаноат қилиб яшади. Сабр таги сариқ олтин, деганлари рост экан. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг инсон қадрини улуғлашдек эзгу амалларга йўғрилган сиёсати мамлакатимизнинг энг чекка, энг олис ҳудудларини ҳам қамраб олди. Илгари йилда бир туман масъулларини ё кўрардик ёки кўрмасдик. Бугун шу мўъжаз қишлоғимизга ҳам вилоят, республика миқёсидаги масъуллар келяпти, турмуш тарзимиз, муаммоларимиз билан қизиқмоқда. Бундан қувонмай бўладими?!
Дарҳақиқат, илгари цивилизациядан йироқ қишлоқ сифатида тилга олинадиган Хушхабар аҳолиси бугун амалга оширилаётган ислоҳотлардан баҳраманд бўлмоқда. Самимий, хушмуомала, меҳмондўст одамлар билан суҳбатлашган киши уларнинг ҳаётдан розилигини англайди.
— Ким ўйлабди дейсиз, тоғ қўйнидаги қишлоғимизга электр келишини, баллонларда суюлтирилган газ тарқатилишини, — дейди Хусин Муҳибуллоев. — Аёлларимиз газ баллонлари у ёқда турсин, ҳатто газ плиталарини ушлаб ҳам кўришмаганди. Ўтган йили «Сариосиётумангаз» ташкилоти ходимлари келиб, ҳар бир хонадонга газ баллонлари тарқатилди, газ плиталари билан таъминландик. Улар хонадонма-хонадон юриб, мосламалардан қандай фойдаланишни ўргатишди, хавфсизлик қоидаларини тушунтирди. Ҳозир ўз вақтида пешма-пеш газ баллонлари етказиб берилмоқда. Бу билан хотин-қизларнинг оғири енгил бўлди. Айни пайтда Хушхабар, Маланд, Карч, Вочах қишлоқларини боғловчи автомобиль йўли жадал қуриляпти. Агар ушбу йўл битса, нафақат қишлоқлар аҳолисига қулайлик бўлади, балки хушманзара тоғ қўйнида туризм ҳам ривожланиб, бу ерлар обод масканга айланади.
Шу қишлоқда яшовчи Ҳасан Муҳибуллоев болаликдан ногирон бўлишига қарамасдан имконияти чекланганларга бериладиган имтиёзларнинг биронтасидан фойдаланмаган. Эҳтиром маҳалласининг ижтимоий ҳимоя бўйича ходими уйма-уй юриб, хонадонларни ўрганганида, Ҳасаннинг ота-онасига имтиёзлардан фойдаланиш борасида тушунтириш берди.
Яқинда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Тоғаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ, туман «Инсон» маркази ходимлари биргаликда Хушхабар қишлоғига бориб, аҳолининг яшаш тарзи, муаммоларини ўрганди. Ушбу жараёнда Ҳасан Муҳибуллоев ҳам эътибордан четда қолмади. Бугунги кунда ушбу оилага кейс-менежмент асосида бир қатор ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилмоқда. Хусусан, Ҳ. Муҳибуллоевнинг ногиронлиги белгиланди. Ногирон ўғлига қараган даври онанинг иш стажига қўшиб ҳисобланадиган бўлди. Ҳасаннинг даволаниши учун реабилитация марказига ордер олиб берилган бўлса, ота-онаси санаторияга бориши учун навбатга қўйилди.
Хуллас, бугун Хушхабар ҳаётидан барча масъуллар хабардор. Зеро, инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётий манфаатлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир юртдошимизга меҳр ва эътибор кўрсатиш давлатимиз сиёсатининг бош мезонига айланган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг