Хуррак эпидемияси: шунчаки ноқулай одатми ёки ўлим хавфи?

16:01 09 Февраль 2026 Дунё
542 0

Иллюстратив фото

Кўпчилик учун хуррак шунчаки ноқулай одат. Аммо шифокорлар бу ноқулайлик ортида хавфли уйқу апноэси яширинган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Таъкидланишича, бу касаллик инсоннинг нафас олишини тун давомида қайта-қайта тўхтатиб, соғлиққа жиддий зарар етказади. “The Guardian” нашрининг ёзишича, биргина Буюк Британиянинг ўзида тахминан 8 миллион нафар аҳоли апноэсидан азият чекмоқда.

Илгари бу касаллик асосан кекса ва ортиқча вазнли инсонлар билан боғланган бўлса, бугун у ёш, жисмонан фаол ва соғлом кишиларда ҳам аниқланмоқда. Экспертлар бу ҳолатни нафақат семириш, балки ирсий омиллар, ҳаво ифлосланиши, иқлим ўзгариши ва ҳаёт тарзининг ўзгариши билан изоҳламоқда.

Уйқу апноэси — инсон ухлаётган пайтда нафас олишнинг қисқа муддатларга тўхтаб қолиши билан кечадиган оғир ҳолат бўлиб, қонда кислород даражасининг хавфли пасайишига олиб келади. Бу ҳолат юқори қон босими, диабет, инсульт, юрак касалликлари ва ҳатто тўсатдан ўлим хавфини оширади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, йўл-транспорт ҳодисаларининг тахминан 10 фоизи ҳам уйқу апноэси билан боғлиқ.

Хуррак эса кўп ҳолларда ушбу касалликнинг илк сигнали ҳисобланади. Уйқу пайтида нафас йўллари торайганда, ҳаво тўсиққа учраб, томоқ, тил ёки юмшоқ тўқималар тебраниши орқали овоз пайдо бўлади. Қайд этилишича, доимий ва кучли хуррак отиш тиббий муаммо сифатида баҳоланиши лозим. Бунда хурракнинг баландлиги эмас, балки нафаснинг тўхтаб қолиши ҳал қилувчи омил ҳисобланади.

Сўнгги ўн йилликда уйқу апноэси ва хуррак отиш ҳолатларининг кўпайишига аҳолида ортиқча вазн муаммоси кенгаяётгани ҳам сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, ҳаво ифлосланиши ҳам катта роль ўйнамоқда: зарарли моддалар юқори нафас йўлларини яллиғлантириб, уларни янада торайтиради. Иссиқ тўлқинлар ва ҳавоси дим хонада ухлаш ҳам нафас йўлларининг беқарорлашишига олиб келиши мумкин.

Тадқиқотларга кўра, глобал исиш натижасида келгуси 75 йил ичида уйқу апноэси ҳолатлари икки баробарга ошиши мумкин. Юқори ҳарорат уйқу сифатини пасайтиради ва касаллик ривожланишига қулай шароит яратади. Айни пайтда, даволанмаган уйқу апноэси АҚШ иқтисодиётига йилига тахминан 87 миллиард доллар зарар келтираётгани қайд этилган.

Муаммонинг яна бир жиддий жиҳати — унинг кенг миқёсда аниқланмаётганидир. Британияда уйқу апноэсига чалинганларнинг тахминан 90 фоизи ҳали ташхис қўйилмаган ҳолда яшамоқда. Айниқса, аёллар орасида касаллик кўп ҳолларда менопауза ёки оддий чарчоқ билан адаштирилади. Мутахассислар доимий чарчоқ, бош оғриғи, диққат сусайиши ва қаттиқ хуррак отиш ҳолатларида шифокорга мурожаат қилишни қатъий тавсия этмоқда.

Экспертларнинг фикрича, уйқу апноэси фақат шахсий соғлиқ муаммоси эмас, балки глобал саломатликка оид жиддий сигналдир. Атроф-муҳитга нисбатан бепарво муносабат ва ҳаёт тарзининг ўзгариши инсон фаровонлигига бевосита таъсир кўрсатаётгани ушбу касаллик мисолида яққол намоён бўлмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?