Хўжакўрсинга ўрнатилган сўритоклар
Саминжон ҲУСАНОВ/“Халқ сўзи”. Андижон вилоятида ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланилади. Аҳолини қўшимча даромадга йўналтириш мақсадида томорқадан уч марта, айрим туманларда тўрт мартагача ҳосил олиш тажрибаси йўлга қўйилган. Булоқбоши, Андижон, Хўжаобод, Олтинкўл, Қўрғонтепа, Жалақудуқ каби туманларда эса ҳатто ички кўчалар ҳам даромад манбаига айлантирилган. Бунда ҳар бир ҳовли рўпарасига сўритоклар ўрнатилиб, узумдан бир йилда ўртача 5 млн. дан 10 млн. сўмгача даромад олинмоқда.
Балиқчи туманида ҳам 2022 йили ушбу усулни жорий этишга киришилди. Жумладан, “Қаҳрамон” МФЙдаги “Боғ” кўчасида бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Натижада 14 та хонадон рўпарасига сўритоклар ўрнатилди. Бунинг учун 11 та хонадон соҳиблари ва “Агробанк” АТБ Балиқчи туман филиали ўртасида шартнома тузилди. Кредит маблағлари ажратилди. Аслида бундай саъй-ҳаракатлар маҳалладошларнинг имконияти, хоҳиши, талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бироқ бунинг акси бўлган кўринади.
— Биз бу ишга рози бўлмаганмиз, — дейди шу кўчадаги хонадонлардан бирида яшовчи Исроилжон Абдуллаев. — Оилам мисолида айтадиган бўлсам, турмуш ўртоғим касалхонада ишлайди, 1,5 млн. сўм ойлик маоши рўзғордан ортмайди. Мен 20 йилга 90 млн. сўм кредит олганман. Сўриток ўрнатиш учун салкам 15 млн. сўм миқдоридаги кредитни тўлаш имконимиз йўқ. Ўша пайтдаги МФЙ раиси Мавлудахон Каримова: “Агар рози бўлмасанг маҳалладан кўчиб кетасан”, дея шарт қўйди. У сўриток ўрнатиш учун субсидия, деҳқончилик қилиш учун ер майдони ва вояга етмаган фарзандларим учун “Бола пули” ажратилишини ваъда қилганидан кейингина рози бўлдим. Бироқ, бундай бўлмади. М. Каримова айни пайтда раис эмас. Хуллас, бизни алдашди...
“Кредит пулини тўлай десам...”
“Бизнинг хонадонимизда боқувчимиз йўқ, — дейди шу кўчадаги 61-уйида яшовчи Чўлпонхон Солиева. — Оиламиздаги 4 киши менинг 1 млн. 400 минг сўм нафақа пулимга яшаймиз. Шу боис қўшимча даромад топишга қаршилигим йўқ. Бироқ бунга эришиш учун кредит олишим кераклиги мени ўйлантириб қўйди. Ўзи тирикчиликка пул етказа олмаётган бўлсам, кредитни қандай тўлайман, дея эътироз билдирдим. Шундан сўнг маҳалла идорасидагилар келинимдан “Бола пулига ҳужжат тайёрлаяпмиз” деб паспортини олиб, банк билан тузилган шартномани унинг номига расмийлаштириб қўйибди. Бундан на келинимнинг, на менинг хабарим бор.
Аввалига 8 млн. сўм кредит тўлайсиз, дейишганди. Кейин бу маблағ ортиб кетди. Суриштирсам, икки қўшнимнинг сўритоги учун тўланиши керак бўлган маблағни ҳам менинг номимга ёзиб қўйишибди. Уларнинг зиммасида бошқа кредит шартномаси бўлгани учун тўлаш қобилиятига эга эмас экан. Ҳа майли, бўлар иш бўлди, буёғига бир амаллаб кредит пулини тўлаб олай, ҳар тугул сўритокли бўлиб олдикку, десам, энди рўзғорга пул етказа олмаяпман...”
Суҳбат давомида тушундикки, бу хайрли ишга маҳалладошлардан бирортаси рози бўлмаган. Сабаби кредит маблағини тўлаш қобилиятига эга эмас.
— Мен маҳалладагиларга ҳам, ҳокимиятдагиларга ҳам шароитимни тушунтирдим, — дея изоҳ берди Шоятбек Камолов. — Тўлов қобилиятим йўқлигини айтдим. Ўзи маҳалладан ёрдам сўраб турган бўлсам, қандай қилиб кредитга рози бўлайин? Шундан сўнг банк билан тузиладиган кредит шартномасини Тошкент ахборот технологиялари университетида таҳсил олаётган ўғлимнинг номига расмийлаштириб қўйишибди. Унинг эса бу ғавғолардан хабари йўқ.
— Қўлимизга шартномани тутқазишганида ҳайрон бўлдик, — дея суҳбатга қўшилади Патиддин Холмирзаев. — Ахир банкка бормаган бўлсак ёки банк ходимлари олдимизга келмаган бўлса, бу шартнома қаердан пайдо бўлди? Маҳалла идорасидагилар билан туман ҳокимлигидан келган вакиллар ҳозир бу каби расмий ҳужжатлар Давлат хизматлари маркази орқали онлайн амалга ошириладиган бўлиб қолган, дейишди. Суриштирсам, бунинг учун электрон рақамли имзо калитини рўйхатга олиш керак экан. Биз на бундай идора қаердалигини, на электрон калитни биламиз. Хуллас, ўша пайтда қанча эътироз билдирсак ҳам бизга қулоқ солишмади.
“Томорқани суғориш учун сувни сотиб оламиз”
Биз кўча бўйлаб айланар эканмиз, нафақат ҳужжат ишлари, балки сўритокларнинг ўзи ҳам хўжакўрсинга тиклаб қўйилганлигига гувоҳ бўлдик. Орадан икки йил ўтаётган бўлсада темир устунлар бўялмагани учун зангламоқда. Ўша пайтда ҳар бир хонадонга беш минг сўмдан кўчатлар етказиб берилган, бироқ уч-тўрт туп кўчатдан бошқаси аллақачон қуриб қолган. Айрим хонадонлар рўпарасига эса экилмаган ҳам. Бунёдкорлик ишлари аниқ режа асосида бажарилмаганлиги учун кўчада юк машиналарининг ҳаракатланиши чекланиб қолган. Шунга қарамасдан қўшниларни юпатишга ҳаракат қилдик:
— Бу сўритокларни қуриш учун катта маблағ сарфланибди, қолаверса, икки йилда кредит маблағининг анча қисмини тўлаш имконингиз бор эди. Балки яратилган шароитдан унумли фойдаланиб, ток парваришлаб кўрарсизлар? Зеро, бунинг натижасида ўртача 5-6 млн. сўм даромад топиш мумкин.
— Аслида кўчамизда экин парваришлаш муаммо, — дейди Патиддин Холмирзаев. — Сабаби томорқани суғориш учун сувни сотиб оламиз. Шунинг учун қўшимча даромад олишнинг бошқа усули ўргатилса яхши бўларди. Бу сўритокни бузиб олиб кетишадими ёки фойдаланиш учун бошқа бировларга бериб юборишадими, бизга фарқи йўқ. Бўйнимиздаги кредит тўловидан халос қилишса бўлди.
Бир сўз билан айтганда, аҳолини қўшимча даромадга йўналтириш мақсадида бажарилган иш ўз самарасини бермади. Масалага ойдинлик киритиш учун туман ҳокимлиги ва “Агробанк” АТБ туман филиалида бўлдик, бироқ масъуллар билан юзлаша олмадик. Шу боис умид қиламизки, ҳолат юзасидан тегишли идоралар ўз муносабатини билдиради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- АҚШ молия вазири компьютерига хакерлар ҳужум қилди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг