Ховос туманида ҳоким ўринбосари, Кармана туманида эса ҳоким ёрдамчиси пора билан ушланди (+видео)
Ховос туманида ҳоким ўринбосари, Кармана туманида ҳоким ёрдамчиси ушланди, деб хабар бермоқда «Хавфсизлик» Telegram-канали.
Унда айтилишича, Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳокими ўринбосари ҳамда вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг туман бўлими мутахассиси ўзаро тил бириктириб, тасарруфида 452 гектар ер майдони бўлган чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликни келгуси йил шоли етиштириш тақсимотига киритиш, экспорт режаси бажарилганлигини тасдиқлаш, тақсимотсиз шоли етиштирган ҳолатига нисбатан чора кўрмаслик, шунингдек, гўёки Давлат хавфсизлик хизмати томонидан тумандаги фермер хўжаликлари фаолияти бўйича ўтказилаётган текширувда уни ҳимоя қилиш эвазига хўжалик раҳбаридан жорий йилнинг июнь ойида 10 минг АҚШ доллари олган.
Шундан сўнг, ҳоким ўринбосари ер майдонини давлат захирасига олиб қўйиш ва фермер хўжалик раҳбарига нисбатан жиноят иши очтириш билан таҳдид қилиб, қўшимча 20 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Прокуратура органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, ҳоким ўринбосари сўралган пул маблағидан 10 минг АҚШ долларини ўзининг ҳамтовоғи бўлган мутахассис орқали олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда ҳоким ўринбосари ҳамда вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг туман бўлими мутахассисига нисбатан Жиноят Кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шу каби яна бир ҳолат, Навоий вилоятида ҳам кузатилган.
Унга кўра, Кармана туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалаларига масъул бўлган ҳоким ёрдамчиси ноқонуний равишда 40 миллион сўм олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Аниқланишича, ҳоким ёрдамчиси хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда ўзганинг ишончига кириб, 2024 йилда бошқа бир фуқарога ижарага берилган М-37 автомобиль йўли ёқасидаги 12 кв.м ер майдонини уни номига расмийлаштириб бериш эвазига 100 миллион сўм талаб қилган.
Ҳозирда ушбу ҳоким ёрдамчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Reuters: Асаднинг Москвадаги тарафдорлари Сурияда қўзғолон режалаштирмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг