Хотин-қизлар спорти: Зоминда аёллар футбол жамоасига асос солинди

01:01 13 Май 2021 Спорт
494 0

Мураббий Нилуфар Қурбонова бошчилигидаги қизлар жамоаси кун давомида машғулотлар олиб боришмоқда

Сўнгги йилларда Жиззах вилоятида хотин-қизлар спортини ривожлантириш, улар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу жумладан, ҳудудда аёллар футболига бўлган эътибор янада ошиб бормоқда. Буни "Сўғдиёна-Women” жамоаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Ишонамизки, Зомин туманида янги ташкил этилган жамоа қизлари орасидан ҳам нафақат вилоят, балки Ўзбекистонимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган истеъдодли футболчи қизлар етишиб чиқади.

Жамоа яқинда ташкил топганлиги боис ҳали унга ном берилмаган, эҳтимол жамоа "Зомин- Women” номи билан аталиши мумкин, бироқ буни вақт кўрсатади.

Мураббий Нилуфар Қурбонова бошчилигидаги жамоа қизлари кеча Зомин туманидаги умумтаълим мактабларидан саралаб олинган футболга қизиқувчи қизлардан иборат терма жамоага қарши ўртоқлик учрашувида ҳам майдонга тушди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Учрашув якунида Жиззах вилояти футбол ассоциацияси техник директори, ОФК ва ЎФА инструктори Зойир Ҳасанов ҳамда Жиззах вилояти футбол ассоциацияси болалар ва ўсмирлар, оммавий футбол, аёллар, пляж ва футзал, фахрийлар футболи бўйича мутахассис Ферузбек Ғаниевлар қизлар билан учрашиб, уларнинг келажакдаги фаолиятларига улкан зафарлар тилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?