Хоразм – инвесторлар учун катта имкониятлар макони

Буюк ипак йўлида жойлашган Хоразмда азалдан карвон йўллари орқали дунёнинг турли минтақалари билан ўзаро савдо-сотиқ алоқалари кенг йўлга қўйилган. Ватанимиз мустақилликка эришгандан кейин бу алоқалар қайта тикланиб, хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилди.
Мамлакатимиз Президентининг халқаро майдонда олиб бораётган ташқи сиёсати ва юртимизда амалга ошираётган ислоҳотлари натижасида иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиш суръатлари таъминланмоқда. Айниқса, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда инвесторларга қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қадимий ва навқирон Хивада ўтказилган халқаро инвестиция форуми яна дунё ишбилармонларини ўз бағрига чорлади. Анжуманда 32 нафар дипломатик корпус вакиллари ҳамда 31 та давлатдан келган 300 нафардан зиёд хорижий меҳмонлар иштирок этаётгани — мамлакатимизга бўлган ҳурмат, ўзаро ишонч ва самарали ҳамкорликнинг ёрқин ифодасидир!
— Ўзбекистондаги IT-парклар билан ҳамкорликда ишлаб келяпмиз, — дейди форум иштирокчиси, АҚШдан ташриф буюрган Кристиан Хопкинс. — Юртингизда IT индустрияси жуда тез ривожланяпти. Айниқса, алгоритм асосчиси ал-Хоразмий ватанида рақамли технологиялар борасида ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдормиз. Форум доирасида хоразмлик соҳа мутахассислари, шунингдек, талаба ёшлар билан ҳамкорлик бўйича келишувларга эришдик. Инвестициялар – фақат иқтисодий тараққиётнинг эмас, балки тинчлик ва барқарорликнинг ҳам кафолатидир.
Форумда сўзга чиққанлар вилоятда саноат, савдо, транспорт, логистика, туризм, IT ҳамда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
— Хоразм вилоятига сўнгги 5 йилда хорижий инвестицияларни киритиш ҳажми 10 баробарга, экспорт ҳажми 15 баробарга ўсиб, 200 тадан ортиқ хорижий ва қўшма корхоналар ташкил қилинди, — дейди Хоразм вилояти ҳокимининг ўринбосари Анвар Давлетов. — Бу ютуқлар, аввало, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тўқимачилик, машинасозлик, энергетика ҳамда туризм каби муҳим соҳаларда ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва хизмат кўрсатиш қувватларининг ошганлигида яққол кўриниб турибди. Ушбу форумнинг асосий мақсади – вилоятимизда савдо-иқтисодий, инвестицион ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат.
Форумда турли соҳаларда фаолият юритаётган 100 нафардан ортиқ маҳаллий тадбиркорлар хорижий сармоядорлар билан мулоқотда бўлиб, ишлаб чиқариш ва савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш юзасидан кўплаб ўзаро манфаатли келишувларга эришди.
Одилбек ОДАМБОЕВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг