Хон Юнисда бомбардимон, Боку—Ереван келишуви ва Жанубий Хитой денгизи тақдири

Байден пойгадан чиқди
АҚШнинг амалдаги етакчиси Жо Байден президентлик пойгасини тарк этишини ва давлат раҳбари лавозимига қайта сайланиш учун курашмаслигини маълум қилди. Шундай қилиб, у барча сайлов тадбирларида иштирок этишни тўхтатади.
Шу билан бирга, у муддатининг охиригача АҚШ президенти сифатида қолишини таъкидлади.
«Ўйлайманки, мен сайлов пойгасидан чиқишим ва муддатимнинг қолган қисмида президент сифатидаги масъулиятимни бажаришга эътибор қаратишим партиям ва мамлакат манфаатларига тўғри келади», дейди Байден.
Байден вице-президент Камала Харрисни президентлик учун асосий номзод сифатида кўрсатди.
ActBlue маблағ йиғиш платформасига кўра, америкаликлар бир неча соат ичида Камала Ҳарриснинг сайлов кампаниясига 46,7 миллион доллар хайрия қилишди, бу 2024 йилда бир кун ичида энг кўп миқдорда маблағ йиғиш ҳисобланади.
Маълум қилинишича, Демократик партиядан президентликка Ҳаррис номзод бўлса, Байденнинг сайловолди кампанияси давомида йиғилган маблағлардан фойдаланиши мумкин.
«Дональд Трампни мағлуб этиш учун Демократик партия ва халқни бирлаштириш учун қўлимдан келган барча ишни қиламан. Сайловга 107 кун қолди. Биз биргаликда курашамиз ва биргаликда ғалаба қозонамиз», деган Ҳаррис.
АҚШнинг 45-президенти Дональд Трамп президент Жо Байденнинг 2024 йилги президентлик пойгасидан чиқиш ҳақидаги қарорига ўз муносабатини билдирди. Трамп Байденни қаттиқ танқид қилиб, «Байден мамлакатимиз тарихидаги энг ёмон президент сифатида қолади» деб ёзди.
Трамп Байденни президентликка номзод бўлишга ҳам ярамаслигини билдирган. Унинг фикрича, демократлар вакилининг президентлик даври турли муаммоларда ўтди.
«Президентлик мавқейига фақат ёлғон, сохта хабарлар орқали эришган ва ертўласидан чиқмаган», деб ёзган республикачилар вакили. Демократик партия сайловга саноқли бир неча ой қолганда янги номзод топиш муаммоси билан юзланиб турибди. Вице-президент Камала Харрис ҳозирча асосий номзод, аммо уни қўлловчилар камчиликни ташкил этиши мумкин.
«Шарқий фронтда ўзгариш бор»
Филиппин ва Хитой Жанубий Хитой денгизидаги баҳсли Иккинчи Томас Шоал ҳудуди бўйича кескинликни юмшатиш бўйича келишувга эришган бўлиши мумкин.
Қайд этилишича, Манила ҳар икки давлат «BRP Sierra Madre», яъни филиппинлик аскарлар сақланаётган эски ҳарбий кемани қайта етказиб бериш бўйича вақтинчалик келишувга келишиб олганини эълон қилди. Бу баҳсли ҳудудда қарама-қаршиликларнинг олдини олишга қаратилган бўлиши мумкин.
Маълумки, Иккинчи Томас Шоалга ҳар икки давлат даъво қилиб келмоқда. Сўнгги қарама-қаршиликларда Хитой қирғоқ қўриқлаш хизмати Филиппин форпостига таъминотни тўсиб қўйган эди. Шартнома кескинликни юмшатиш ва келишмовчиликларни мулоқот орқали ҳал қилишга умид беради.
Хитой томони ҳали бу келишув ҳақида очиқчасига изоҳ бермади. Томас Шоал Филиппиннинг ғарбий Палаван оролидан тахминан 200 километр ва Хитойнинг Хайнан оролидан 1000 километр узоқроқ масофада жойлашган. Америка Қўшма Штатлари, Япония ва Австралия каби иттифоқчилар Хитойнинг агрессив ҳаракатларини қоралаб, Жанубий Хитой денгизида қонун устуворлигини таъминлашга чақириб келади.
Тарихан Хитой деярли бутун Жанубий Хитой денгизига даъво қилади ва бир қанча бошқа мамлакатларнинг эксклюзив иқтисодий зоналарини тан олишдан бўйин товлаб келади. 2016 йилда халқаро трибунал Филиппин фойдасига қарор чиқариб берганига қарамай, Пекин Иккинчи Томас Шоалга бўлган интилишидан воз кечмай, бу қарорни қабул қилишдан бош тортиб келмоқда.
Битим муваффақиятли амалга ошириладими ёки у маълум бир муддат учун тузилганми? Бу саволларга ҳозирча аниқ жавоб йўқ.
Озарбайжон—Арманистон тинчлик шартномаси
Боку Арманистон билан тинчлик шартномасини имзолай олмайди, чунки ушбу мамлакат конституциясида Тоғли Қорабоғ билан бирлашиш тўғрисидаги ҳужжатга ҳаволалар мавжуд. Бу ҳақда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Иккинчи Шуша глобал медиафорумида айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, Мустақиллик декларациясини ўз ичига олган Арманистон Конституцияси Озарбайжон учун ҳудудий хавф туғдиради, чунки унда Ереваннинг Тоғли Қорабоғ билан бирлашиш истаги расман мустаҳкамланган.
Шу билан бирга, Алиевнинг таъкидлашича, Озарбайжоннинг Арманистоннинг асосий қонунини ўзгартириш талаби унинг ички ишларига аралашиш сифатида қабул қилинмаслиги керак. Унинг эслатишича, мамлакат конституцияси халқаро шартномалардан устундир ва шунинг учун бундай банднинг мавжудлиги икки давлат ўртасида тинчлик ўрнатилишига тўсқинлик қилади.
Озарбайжон раҳбари тинчлик битими матни устида иш ҳануз давом этаётганини, 80-90 фоизга келишилганини таъкидлади.
Исроил Хон Юнисда ҳужумини давом эттирмоқда. Яна 27 киши ҳалок бўлди
Исроил кучлари эвакуация қилиш ҳақидаги варақаларни ташлаганидан кўп ўтмай Шарқий Хон Юнисда ҳаво ҳужумлари ва артиллерия ўқларини бошлади. Бу эса одамларга кўрсатмаларга амал қилиш имкониятини бермаган.
Сув ва электр манбаи бўлмаган ҳудудда аҳвол аллақачон оғир эди. Одамлар ҳарбий амалиётларидан сўнг ўз уйларига қайтиб кетмоқда. Охирги кунларда Хон Юнисда ҳалок бўлганларнинг сони 17 кишидан 27 нафарга етди. Ҳудуддаги Носир шифохонасига жасадлар ва ярадорларнинг келиши тинмаяпти. Улар орасида бир неча ойлик чақалоқлар ҳам бор.
Касалхона шошилинч тарзда қон топшириш учун мурожаат қилган. Айтилишича, тинч аҳолига қарши давом этаётган қирғинлар фонида касал ва ярадорлар ҳаётига жиддий хавф туғдирадиган қон бирликларининг етишмаслигига дуч келмоқда.
Исроилнинг эвакуация қилиш буйруғи Хон Юниснинг шарқий ҳудудларида 400 мингдан ортиқ одамга таъсир қилгани айтилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг