Хитой компаниялари Навоийда истиқболли лойиҳаларни амалга оширади

15:00 24 Январь 2024 Жамият
488 0

Навоий вилояти ҳокими бошчилигидаги ишбилармонлар ва тадбиркорлардан иборат делегация Хитойда бир қатор соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, кимё саноати, пахтачилик, текстиль, қурилиш, туризм, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларида қўшма лойиҳалар имзоладилар.

Сафарнинг дастлабки кунида делегация аъзолари Шенжон-Тейжун ишбилармонлар уюшмаси раиси Лн Чинг билан учрашиб, Навоий вилоятида саноат зонасини ташкил этиш, қурилиш, туризм, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларида музокаралар олиб боришди. Музокаралар натижаси ўлароқ “YUTONG” компанияси билан автобус хариди юзасидан шартнома имзоланди.

Урумчи шаҳридаги “MIDONG” саноат паркида эса делегация аъзолари металл конструкция ишлаб чиқаришга ихтисослашган “DUOWEI” компанияси фаолияти билан танишдилар. Шунингдек, улар юқори ва паст кучланишли кабель ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Euphratica cable” компанияси ва электр асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи “GUOYUAN ELECTRIC” ҳамда “Chjuntay group” компанияларида ҳам бўлиб, истиқболли лойиҳалар бўйича ўзаро келишувга эришдилар.

— Делегация сафари доирасидаги музокара ва учрашувлар самарали бўлмоқда, — дейди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Ш. Руапбоева. — Хусусан, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи ва энергия тежамкор иситиш тизимлари тайёрлашга ихтисослашган компаниялар вакиллари билан учрашувда Навоий шаҳрида замонавий турар-жой мажмуаси ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш, шунингдек, яна бошқа компаниялар билан логистика маркази ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилиб, дастлабки келишувларга эришилди.

Хитойлик сармоядорларнинг у ёки бу мамлакатга қизиқишида иқтисодиёт барқарорлиги ва унинг ривожланиш истиқболлари муҳим омил ҳисобланади. Айнан Навоий вилояти мисолида тўхталадиган бўлсак, бутун ҳудуднинг эркин иқтисодий зона деб эълон қилингани, бунинг самарасида бу ерда инновацион, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича янги қувватлар ташкил этиш кўзда тутилганлиги инвесторлар қизиқишини орттирганлиги сезилиб турибди.

Музокараларда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов инвесторлар учун қулай шарт-шароит яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳудудда хомашёни қайта ишлашга, қурилиш, логистика йўналишларида имконият ва эҳтиёж юқори эканлигини таъкидлади. Учрашувларда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ва белгиланган тармоқларда аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича дастлабки қадамлар белгиланди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, айни кунларда Навоий вилоятида хитойлик сармоядорлар билан ҳамкорликда бир қатор қўшма ҳамда хусусий корхоналар фаолият юритиб, Нурота туманида гранит плиталар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “SI FANG KUANG YE“ МЧЖ шулардан бири. Таълим соҳасида эса Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети Хитой кончилик ва технологиялар университети билан ҳамкорлик келишуви имзоланиб, қўшма таълим лойиҳаларини йўлга қўйиш, ҳамкорликда профессор-ўқитувчилар тажрибасини ошириш, стажировкаларни ташкил этиш каби келишувларга эришилди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?