Халачда илк бор Африка туяқуши парвариши йўлга қўйилди

13:09 29 Январь 2025 Жамият
131 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Вобкент туманидаги “Халач” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Мухторовлар хонадонига кирган кишининг назари япон, булғор, брама, ҳинд товуқларига тушади. 160 бош ўрдакни айтмайсизми? Бу ерда яқинда Африка туяқуши парвариши ҳам йўлга қўйилди.

— Уй шароитида парранда боқиб кам бўлаётганимиз йўқ, — дейди чойхонада оёқ узатиб ўтиришни хаёлига ҳам келтирмаган 73 ёшли Музаффар Мухторов. — Биз бу соҳага нафақат пул топиш, рўзғорни бут қилиш манбаи, балки экотуризмнинг бир йўналиши сифатида ҳам қараяпмиз. Шу боисдан фаолиятимизни аста-секин кенгайтириб бормоқдамиз. Туяқушларга келсак, улар маҳалладошларимизда катта қизиқиш уйғотмоқда. Жўжаси уч-тўрт йилда вояга етиб, тухум қўйишни бошлайди. Вазни 80 – 100 килограмм тош босади. Гўшти саломатлик учун фойдали. Чунки таркибида холестерини кам. Ундан тансиқ таомлар тайёрланади.

Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, бир бош буқага қилинадиган сарф-харажатга 12 бош туяқуш боқиш мумкин. Бу бир йилда 1 тонна 200 килограмм гўшт, деганидир. Ваҳоланки, бир бош ҳўкизни парваришлаш учун тўрт-беш йил кетади.

Туяқуш йилига 80 тадан 110 тагача тухум беради. Терисидан аёллар сумкалари тайёрланади. Ҳатто киприги ҳам пул туради. Бинобарин, отахоннинг бу ташаббуси қўллаб-қувватланса, Вобкентда бутун бошли туяқушчилик фермаси юзага келса ажаб эмас.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?