Элдор Шомуродов Туркияда жонланди: “Башакшеҳир”даги юқори кўрсаткичлари эълон қилинди

12:44 01 Ноябрь 2025 Спорт
621 0

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасидаги илк мавсумида самарали ўйин намойиш этмоқда. У жорий йилда мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш мақсадида Италиянинг “Рома” клубидан “Истанбул Башакшеҳир”га ижара асосида ўтганди.

Кўплаб мухлислар ушбу трансферни орқага қадам деб баҳолаган бўлса-да, Шомуродов Туркияда ўзини юқори даражада намойиш эта олди. Унга нисбатан Туркия грандлари ва Европа клублари томонидан қизиқишлар борлиги ҳақида хабарлар ҳам пайдо бўлмоқда.

Ҳозирча кўрсаткичлар қандай?

Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасидаги барча учрашувларда maydonга тушди. У:

8 та ўйинда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди;

“Қайсериспор”га қарши — 70 дақиқа,

“Бешиктош” ва “Фотих Қарагумрук”га қарши — 85 дақиқадан ўйнади.

Шомуродов ҳозиргача қуйидаги жамоалар дарвозасини ишғол этди: “Анталияспор” (2 та), “Бешиктош”, “Аланьяспор”, “Коньяспор”, “Галатасарай” ва “Коcaелиспор”.

Унинг ҳисобида 7 та гол бор ва у айни пайтда на фақат “Башакшеҳир”нинг, балки бутун Туркия Суперлигасининг тўпурари саналмоқда.

Шунингдек, Элдор “Фотих Қарагумрук”га қарши учрашувда голли узатма амалга ошириб, “гол+пас” кўрсаткичида 8 очкога эришди. Бу кўрсаткич бўйича ҳам у лигaда етакчи.

Статистика нимани кўрсатмоқда?

xG кўрсаткичига кўра Шомуродов мавсумда 5 та гол уриши кутилган эди, аммо у 7 та гол билан бу натижани ортда қолдирди.

Узун узатмалар аниқлиги — 90%, бу лигaдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири.

Дриблинг муваффақияти — 61%, бу борада у Суперлиганинг энг яхши 5 ҳужумчиси қаторида.

Ҳаводаги курашларда ғалаба фоизи — 42%.

“Sofascore” умумий баҳоси — 78, ўртача — 7.07 (ҳужумчилар орасида юқори кўрсаткичлардан).

Элдор Шомуродовнинг Туркия чемпионатидаги дебюти муваффақиятли бошланди. Унинг самарали ўйини “Башакшеҳир”да ҳам, терма жамоада ҳам юқори натижалардан умид қилиш имконини бермоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?