Келажакни лойиҳалаш: “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида ривожланишнинг муҳим истиқболлари

19:29 13 Декабрь 2023 Жамият
310 0

“Келажакни лойиҳалаш: “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида ривожланишнинг муҳим истиқболлари” мавзусида халқаро конференция мамлакатдаги трансформация жараёнлари, мавжуд муаммолар, ривожланишнинг истиқболли йўналишларини технология ва геосиёсий воқеликнинг глобал тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда экспертлик муҳокамаси учун очиқ майдонга айланди.

Анжуманда “Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасидаги устувор дастур ва лойиҳаларни таҳлил ва тадқиқ қилиш, ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва мувофиқлаштириш билан шуғулланувчи кенг кўламли миллий ва халқаро ташкилотлар, тузилма ва муассасалар вакиллари, жумладан экспертлар, етакчилар, менежерлар ва раҳбарлар иштирок этди.

Таъкидлангандек, 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон кенг кўламли туб ўзгаришлар йўлини босиб ўтди. Бугунги Ўзбекистон нафақат замонавий жаҳон тенденциялари ютуқларини қабул қиладиган ва мослаштирадиган, балки ўзи ҳам камида минтақавий кун тартибини шакллантирганча юзага чиқадиган ҳаракатчан, янгиликларга очиқ ҳамда дунё ҳамжамиятининг доимий равишда ривожланиб борувчи аъзосини ўзида акс эттиради.

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жадаллашган ва Ўзбекистон янги тараққиёт йўлига қадам қўймоқда, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, таълимий, илмий муҳитнинг ўзи эса анча мураккаб ва серқирра бўлиб бормоқда.

Бу ўринда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг қабул қилиниши ва “инсон – жамият – давлат” тамойилга асосланган ислоҳотлар фалсафасининг кейинги эволюцияси табиий кўринади. Унинг кун тартибига иқтисодиёт ва иқтисодий ўсишни трансформация қилиш, инклюзив ва барқарор жамият қуриш, самарали энергетика тизимини яратиш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш каби вазифалар киритилган.

“Ўзбекистон — 2030” стратегияси келгуси етти йилда иқтисодиёт, ижтимоий фаровонлик, сиёсат ва хавфсизлик соҳаларида кўп қиррали ислоҳотларни режалаштиришнинг асосий платформасига айланди. Унда жамиятда интеллектуал ресурсларни бирлаштириш, соҳавий ва тармоқ режа ва дастурларини мувофиқлаштириш, халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликни тақозо этувчи улкан мақсадлар қўйилди. Шунинг учун турли эксперт платформалари ўртасида тизимли равишда ахборот ва лойиҳа ғояларини алмашиш, экспертлар ҳамжамияти ва ҳукумат ўртасидаги мулоқот муҳим аҳамиятга эга.

Тошкентда бўлиб ўтган анжуман турли манфаатдор томонлар ўртасида фикр ва тажриба алмашиш, ислоҳотлар жараёни ва унинг минтақавий ва глобал ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий вазиятга мумкин бўлган таъсирини ҳар томонлама тушунишга хизмат қилди.

Хусусан, таъкидлангандек, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналишида жами 17 та мақсадлар белгиланган. Жумладан келгуси 7 йилликда иқтисодиётимизни 2 баробар ошириб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш ва аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозирги 2 минг 200 доллардан 4 минг долларга ошириш мақсад қилинган.

Иқтисодий тараққиёт бўйича таниқли экспертларнинг фикрича, мавжуд салоҳиятни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон иқтисодиёти кейинги ўн йилликларда минтақадаги энг ривожланган иқтисодиётни қуриши ва нафақат ўзи балки қўшни давлатларни ҳам ўрта ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиши мумкин. Ушбу мақсадлар учун 2030 йилгача 250 миллиард доллар инвестицияларни талаб этади. Бундан 110 миллиард долларни хорижий инвестициялар ҳисобига, 40 млрд долларни – давлат-хусусий шериклик доирасида жалб этиш кўзда тутилган.

Тадбир учта асосий йўналишни қамраб олди. Булар иқтисодий ўсиш ва трансформация стратегиялари; инклюзив ва барқарор жамият қуриш; энергетика ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш стратегияларидир. Муҳокамалар давомида айтилгандек, Ўзбекистонда ўзгаришлар марказида инсон, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари турибди. Инсон капиталига, билим ва инновацияларга йўналтирилган инвестициялар, “яшил” иқтисодиётга ўтиш иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири, унинг рақобатбардошлигини ошириш ва мамлакатни барқарор ривожлантириш шарти сифатида қаралмоқда.

Экспертларнинг фикрича, табиий ва энергия ресурсларидан барқарор ва самарали фойдаланишга асосланган “яшил” иқтисодий ўсишнинг Миллий стратегияси атроф-муҳит ифлосланишини минимал даражага тушириш орқали табиий офатлар ҳамда иқлим ўзгаришига чидамлилигини оширишга қаратилган. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, иқтисодиётнинг турли тармоқларига “яшил” технологияларнинг жорий этилиши аҳоли турмуш сифатига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Натижада, шаҳарларда яшаш янада ёқимли ва қулай бўлади, ҳаёт сифати, унинг давомийлиги ошади, чақалоқлар ўлими камаяди ва ҳоказо.

Муҳокама якунлари бўйича “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадларига янада самаралироқ, ресурс тежамкорлик билан эришиш, ислоҳотлар жараёнларига илғор илмий, услубий ва инновацион технологияларни жорий этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбир Прогрессив ислоҳотлар маркази томонидан Макроиқтисодиёт ва ҳудудий тадқиқотлар институти, “Янги Ўзбекистон” университети, Европа —Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси билан биргаликда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди кўмагида ташкил этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер