Келажак ўқитувчиси: таълим муҳити ва талабаларнинг касбий компетенциялари
Иллюстратив фото
Замонавий меҳнат бозори педагогларнинг профессионаллиги, маданияти ва шахсий хусусиятларига юқори талаблар қўймоқда. Сўнгги йиллардаги таълим ислоҳотлари келажак педагогларининг замонавий касбий компетенцияларни шакллантиришга йўналтирилган бўлиб, бу касбни эгаллашга рағбатлантира оладиган таълим муҳити талаб қилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳририда таъкидланганидек, замонавий таълим мазмуни ирқий, миллий, этник, диний ва ижтимоий мансублигидан қатъи назар, одамлар ва халқлар ўртасидаги ўзаро тушуниш ва ҳамкорликка кўмаклашиши лозим. У дунёқараш ёндашувларининг хилма-хиллигини ҳисобга олиши, ўқувчиларнинг фикр ва эътиқодларни эркин танлаш ҳуқуқларини амалга оширишга ёрдам бериши, ҳар бир инсоннинг қобилиятларини ривожлантиришни, унинг шахсини оилада ва жамиятда қабул қилинган маънавий-ахлоқий ва маданий қадриятлар асосида шакллантириш ва ривожлантиришни таъминлаши керак. Талабаларни тайёрлашнинг янги мазмуни ва самарали воситаларини излаш доимо эса долзарбдир.
Бугун Чирчиқ давлат педагогика университетидаги таълим муҳити педагогик технологияларни, рақамли ресурсларни амалиётга жорий этиш, таълим мазмунини янгича лойиҳалаш, талабаларнинг мустақил ишлари ҳажмини ошириш, ижодий ва муаммоли топшириқларни бажаришга йўналтириш каби жиҳатлар билан изчил боғланмоқда.
Инсоннинг ижтимоийлашуви, шу жумладан унинг таълим олиши кўп жиҳатдан унинг индивидуал дунёқарашига таъсир кўрсатадиган муҳит билан белгиланади. Ижтимоий ҳаёт мураккаблашиб бораётган, маърифий муҳит техник ва технологик жиҳатдан жадаллашаётган шароитда шахсга йўналтирилган таълим муҳитини яратиш муҳимдир. Бундай муҳит талабаларга таълимий, шахсий ва касбий эҳтиёжлари ҳамда қизиқишларини қондириш ва ривожлантириш имкониятини таъминлайди.
Тажрибадан маълумки, талабанинг муҳит билан ўзаро таъсири ва ўзини ўзи ривожлантиришининг асоси унинг индивидуал тажрибасидир. Педагог талабага бевосита таъсир кўрсатишда ожиз бўлиши мумкин, аммо у ижтимоий муҳит орқали билвосита таъсир кўрсатишда чексиз имкониятларга эга. Бу эса муҳитнинг кучли педагогик ресурс эканлигини англатади.
Замонавий университетларда таълим муҳитига эволюцион йўл билан эришилаётганлиги ҳам қувонарли. Фанлараро интеграциядан таълим муҳитини яратишга интилиш талаба шахсини ривожлантириш ва унинг касбий ижтимоийлашувини таъминлашга қаратилган. Демак, талабаларда касбий ва шахсий сифатларни шакллантиришнинг педагогик воситаси ҳам айнан фанлараро боғлиқликлардир. Фанлараро ёндашув миллий таълимдаги интеграцион жараёнларнинг умумжаҳон ривожланиш тенденцияларининг таркибий қисми сифатида кўрилмоқда. Олий таълим муассасалари халқаро рейтингларда ўз ўрнини топишда талабаларнинг касбий компетенцияларини ривожлантиришга катта эътибор қаратишган.
Таълимдаги фанлараро интеграциянинг аҳамияти шундаки, у жамиятда реал равишда кечаётган интеграцион жараёнларнинг ўзига хос аналогидир. Фанлараро ҳамкорлик ўрганилаётган объектни янги муносабатлар тизимида кўра олишга, билимлардан эркин ва динамик фойдаланишга ёрдам беради.
Шундан келиб чиқиб, таълим мазмуни ва ўқув жараёни фанлараро интеграцияга шароит яратиши, бу эса талабанинг зарур ижтимоий тажрибани шакллантиришига замин бўлиши муҳимдир.
Таълим жараёнини, яъни фанлараро боғлиқликлардан фойдаланишга асосланган ўқув жараёнини таҳлил қилиш натижасида фанлараро боғлиқликларга хос бўлган икки томонлама характер аниқланган. Бу ҳодисанинг ҳар икки томони ўқув фанлари мазмунидаги боғлиқликларни ҳам, кўникмалар ва фаолият усулларини ривожлантириш методлари ўртасидаги боғлиқликларни ҳам қамраб олади.
Шундай қилиб, замонавий таълим стандартлари нуқтаи назаридан фанлараро боғлиқликлар — бу фақат билимлар тизимини шакллантириш воситасигина эмас, балки умумлаштирилган фаолият усулларини шакллантириш воситасидир.
Фанлараро боғлиқликларни эгаллаш кўмагида таълим жараёнида талабаларнинг умумий компетенцияларини ривожлантиришга қаратилган қобилиятлар ва кўникмалар шакллантирилади. Бу компетенция билим, тажриба, фаолият турлари ва ҳаракатларни инсоннинг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлган турли соҳаларда кенг мақсадларда қўллай олиш қобилиятида намоён бўлади.
Фанлараро боғлиқлик кўмагида шаклланган компетенциянинг ноёблиги шундаки, инсон маълум бир вазифани ҳал қилиш ёки мақсадга эришиш учун ўзида бор барча билим, кўникма ва тажрибаларни қанчалик мақсадга мувофиқ, чуқур ва кенг қўллай олиши, уларни уйғунлаштира ва интеграция қила олиши билан белгиланади. Англаш ва фаолиятнинг операцион миқёсини, синтез ва умумлаштириш имкониятларини, уларнинг сифат ва чуқурлигини акс эттиради, ўқув фанларига бўлган қизиқишни, уларга боғлиқ фаолият турларини ривожлантиради.
Ўқитувчининг қобилияти, майллари ва индивидуаллигини очиб бериши, уни ўқув фанига бўлган қизиқишини ривожлантириши, таълимнинг фаол ва интерфаол усуллари жараёнида ўз “Мен”ини намоён этиш имкониятларини яратиши, шу жумладан университет муҳити доирасида — мана шулар фанлараро интеграциялашган таълимининг мазмунини ташкил қилади.
Ўқитувчиларнинг ташаббуслари ва инновациялари бу тенденцияни мазмунан бойитди ва янги маъно билан тўлдирди. Янги стандартлар ушбу масалани янада юқори даражага олиб чиқади — замонавий компетенцияни мутахассиснинг касбий ривожланишида асосий восита сифатида шакллантирди.
Меҳнат бозори доимий равишда янги сифатларни талаб қилади. Бу эса олий таълим тизимини талабаларда фуқаролик ва маданий идентиклик, мақсадга интилиш, ташкилийлик, мустақиллик, ижодкорлик, ташаббускорлик каби сифатларни, шунингдек, доимий ўзини ўзи белгилаш, ўзини ўзи ўқитиш ва ўзини амалга ошириш эҳтиёжларини самарали ва технологик усуллар билан шакллантириш йўлларини излашга ундайди.
Замонавий миллий таълим парадигмаси барча таълим даражаларида амалга оширишнинг мазмуни ва принциплари бўйича жиддий ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Бу ўзгаришлар шахснинг маданий ва фуқаролик идентификациясига йўналтирилган.
Шундай қилиб, таълим мазмунига киритилаётган фанлараро боғлиқликлар унинг муаммолаштирилишини ва янгилигини кучайтирди. Илгари маълум бўлган материални янгича мазмунда очиб берди. Аввал ўзлаштирилган билимларни актуаллаштириб, уларни янги билимлар билан ягона тизимга бирлаштирди. Ўзаро яқин курслар ўртасидаги боғлиқликлар эса ҳодисаларнинг моҳиятига чуқурроқ кириб боришга, масалан, сабаб-оқибат алоқаларини очиб беришга ёрдам беради. Барча фанлар бўйича билимларнинг амалий фойдаси янада равшан бўлади. Билимларнинг мазмунини англаш эса уларни чуқурлаштириш ва кенгайтиришга қизиқишни мустаҳкамлайди.
Фанлараро боғлиқликлар ўқув материали мазмунининг умумлаштирувчи характерини кучайтиради, бу эса таълим методларида ҳам, ташкилий шаклларда ҳам ўзгаришлар талаб қилади.
Таъкидлаш керакки, битирувчи — талабанинг касбий компетенцияларини шакллантирадиган вазият фақат ўқув режа ва ўқитиш методлари эмас, балки университет муҳити ҳамдир. Бу муҳит талабанинг таълим давридаги ҳаётининг бир қисмига айланади: Ҳамфикрларини топади, ривожланади, ўзини намоён қилади, ижтимоий тажриба орттиради.
Шу боисдан ҳам, Чирчиқ давлат педагогика университети таълим муҳитини яратиш орқали келажак ўқитувчиларини тайёрлашга жиддий киришган.
Жамшид Алимқулов, Чирчиқ давлат педагогика университети ўқитувчиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг