Каттақўрғонда янги спорт мажмуалари фойдаланишга топширилди

17:31 25 Сентябр 2025 Жамият
91 0

Каттақўрғон шаҳридаги спорт мактаби ҳудудида сунъий қопламали майдончани барпо этиш лойиҳаси “Ташаббусли бюджет”нинг жорий йил 1-мавсумида ғолиб деб топилганди. Натижада 25х50 метр ўлчамдаги футбол майдончасида ёшлар ва маҳалла аҳолисининг спорт билан шуғулланиши учун барча шарт-шароит яратилди.

Ушбу лойиҳа маблағлари ҳисобидан спорт мактабининг “Ҳайдарчаман” маҳалласи ҳудудида жойлашган 65х105 ўлчамдаги стадиони трибунаси устки қисми ёпилиб, янги ўриндиқлар ҳам ўрнатилди.

Бундан ташқари, спорт мактабининг “Кончилар ўйингоҳи”да 12х24 метрлик ўлчамдаги, енгил конструкцияли янгидан барпо этилган спорт зали ҳам фойдаланишга топширилди.

Янги спорт объектларини тантанали топшириш маросимида Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, соҳа масъуллари, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда янги очилган спорт мажмуалари аҳоли, айниқса, ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишида муҳим аҳамият касб этиши таъкидлаб ўтилди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

«Халқ сўзи».                                                              

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?