Катта ҳаёт ва орзулар қўнғироғи

14:16 27 Май 2025 Жамият
123 0

Фото: «Халқ сўзи»

Сўнгги қўнғироқ: бу икки сўзда қанча қувонч, қанча соғинч ва энг муҳими, қанча масъулият бор? У шунчаки оддий тадбир номи, қўнғироқ жаранги эмас, балки вақт деган олий имкониятнинг «Энди навбат сенда, ўз йўлингни ўзинг танла ва дадил интил» деган жарангдор овозидир.

Шу маънода таъкидлаш керакки, «сўнгги қўнғироқ» тантаналарида Президентимизнинг биз, мамлакатимиз мактабларини битирувчи ўғил-қизларга йўллаган табригидаги «Аминман, сизларнинг янги ғоя ва ташаббусларингиз, турли соҳалардаги ютуқларингиз Янги Ўзбекистонни янада қудратли этадиган моддий ва маънавий асосларни барпо этишга беқиёс ҳисса бўлиб қўшилади. Сизлардек ўз кучига ишонган, қатъиятли ёшлардан қадрдон мактабингиз, азиз устозларингиз ва ота-оналарингиз, бутун халқимиз фақат эзгу ишлар ва ёрқин натижалар кутади. Ана шундай юксак ишончга доимо муносиб бўлинг!», деган сўзларини эшитган ҳар бир битирувчи ўз қалбида, юрагида катта ва шарафли масъулиятни ҳис этди.

Бинобарин, бугун барча тенгдошларимнинг дилида битта туйғу бор, у ҳам бўлса Ватан олдидаги фуқаролик, фарзандлик бурчи масъулиятидир. Яъни сўнгги қўнғироқ «Мана, энди сенга ҳам юрт равнақи, халқ бахту саодати йўлида сидқидилдан хизмат қилиш навбати келди» деган хитоб ҳамдир.

Демак, сўнгги қўнғироқ якун эмас, аксинча келажак сари катта йўлнинг бошланишидир. У ҳаётнинг биринчи ва муҳим қўнғироғидир. У сени руҳлантиради, орзуларингни жўш урдиради. Мактабни битирган борки, албатта, барчаси мақсадларига эришиш учун дадил қадам ташлайди: кўпчилик турли соҳалар бўйича ўқий бошлайди, минг-минглаб ёшлар эса ихтисослаштирилган касб-ҳунар ҳамда бевосита умумтаълим мактабларнинг ўқувчилигидаёқ ўрганган касб-ҳунари бўйича ишга киради. «Сўнгги қўнғироқ»дан кейин янги жўшқин ҳаракатни бошлайди. Ҳа, сўнгги қўнғироқ аслида ҳаётимизнинг янги босқичи бошланганига урилган бонгдир.

Ўйлайманки, юқоридаги фикрларимга атоқли шоир, устоз ижодкор Ўткир Раҳматнинг куни кеча эълон қилинган «Сўнгги қўнғироқдан кўзларингда нам...» деб номланган шеъридаги қуйидаги сатрлар муносиб хулоса бўлади:

Азизим, умрнинг гулгун боғида

Турфа гуллар очса қисмат гўзал, боқ.

Яшаш ва яратиш иштиёқида

Шижоат, шаҳд тилар сўнгги қўнғироқ!

Самия АБДУРАШИДОВА,

Мирзаобод туманидаги 13-мактаб битирувчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер