Кашандалик — умр заволи

31 май — Халқаро чекишга қарши кураш куни
Кашандалик инсон ҳаётига катта рахна солади, умр илдизларини қирқади. Ушбу оддий ҳақиқат билан ҳар кун қайта-қайта юзлашсак ҳам, унинг асири бўлганлар ёнидан жимгина, индамай ўтаверамиз. Ачинарлиси, сўнгги йилларда нафақат катта ёшдагилар, балки ёшлар ва хотин-қизлар орасида ҳам чекувчилар сафи ортиб бормоқда.
Шу боис, ҳар йили 31 май — Халқаро чекишга қарши кураш куни сифатида нишонланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 1987 йилда таъсис этилган ушбу халқаро сана чекишни ташлаш бўйича глобал ҳамкорликларнинг энг муҳим воқеаси, десак, муболаға эмас.
Ушбу кунни ўтказишдан бир қатор мақсадлар кўзда тутилган бўлиб, чекиш хавфи ҳақида бутун дунё бўйлаб хабардорликни ошириш, тамакини ташлаш афзалликларини тарғиб қилиш, ёшларни тамаки маҳсулотлари, айниқса, электрон сигаретлардан ҳимоя қилиш шулар жумласидан.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, тамаки истеъмоли билан боғлиқ касалликлардан ҳар йили 8 миллиондан ортиқ одам ҳаётдан кўз юмади. Ушбу ўлим ҳолатларининг 7 миллиондан кўпи тўғридан-тўғри кашандалик натижасида, 1,2 миллионга яқини эса чекмайдиганлар, яъни пассив чекувчилар орасида тамаки тутуни туфайли келиб чиқмоқда. Масалан, 2020 йилда дунё аҳолисининг 22,3 фоизи, хусусан, эркакларнинг 36,7 фоизи ва аёлларнинг 7,8 фоизи тамаки истеъмол қилган. Энг ёмони, бугунги кунда ушбу рақамлар янада ортган. Унутмаслик лозимки, тамаки истеъмол қилувчилар чекмаганларга нисбатан 10 — 15 йил камроқ умр кўради.
Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда электрон сигаретлар кенг тарқалмоқда. Чекишнинг ушбу янги шакли кўпинча ўсмирлар, қизлар ва ёшлар орасида кенг тарқалган бўлиб, бунга асосий сабаб — электрон сигаретларнинг дизайни ихчамлиги, ўлчами кичиклиги ва ёқимли ҳидга эгалигидир. Аммо экспертлар фикрича, электрон сигареталар тамакилардан ҳам хавфлироқдир.
Умуман олганда, у электрон сигарета бўладими ёхуд тамаки, барчаси инсон саломатлигига жиддий хавф туғдиради. Статистик маълумотлар, экспертлар фикри ва ҳаётий мисоллар шуни кўрсатадики, чекиш нафақат чекувчи, балки унинг атрофидагилар ҳаёти учун ҳам зарарли. Бу иллатга қарши курашиш эса ҳар биримизнинг онгли танловимиз бўлмоғи лозим.
Машхура БАХРИНОВА,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети талабаси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тошкентда ўтказилаётган Халқаро экологик технологиялар кўргазмаси – «Eco Expo Central Asia 2025»дан фоторепортаж
- Эрон президенти Исроил билан можарони тўхтатиш шартларини маълум қилди
- Қирғизистон Россиядан ўз фуқароларига алоҳида мақом беришни талаб қилмоқда
- Чўл-адирларни ўзлаштиришимизга шубҳа қилганлар шу боғни келиб кўрсин — Президент
- Исроил Эрон билан урушга қанча пул тикди?
- Энг яхши мақолалар муаллифлари тақдирланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг