Касаба уюшмаси ноқонуний ишдан бўшатилган ходимни ҳимоя қила оладими?

15:07 22 Июль 2022 Иқтисодиёт
760 0

Фото: Халқ сўзи

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, ҳуқуқ бузилиш ҳолатларининг олдини олиш, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йил олти ойида вилоят Кенгашига жами 127 та, шундан 113 та ёзма ва 10 оғзаки, 4 та электрон мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатларнинг 37 фоизи бўйича талаблар қаноатлантирилиб, 84 нафар фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди. 60 та мурожаат бўйича тегишли тушунтиришлар берилди.

Ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кўзлаб иш берувчиларга қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида 22 та тақдимнома киритилиб, 14 таси қаноатлантирилди, 5 таси рад қилинди, Учтаси ҳозирда иш берувчилар томонидан кўриб чиқилмоқда. Ўз навбатида фуқаролик ишлари бўйича судларга киритилган 8 та даъво аризасининг 5 таси қаноатлантирилди, 2 таси рад этилди, 1 та даъво аризаси суд томонидан ўрганиляпти.

Мурожаатлар билан ишлаш натижасида ходимларга қарийб 250 миллион сўм миқдорида мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақлари, ўз муддатида тўланмаган иш ҳақлари ва унга тенглаштирилган тўловлар, соғлиғига етказилган зарар учун тўловлар ундириб берилди.

— Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасига кўра, 84 нафар шахснинг меҳнат қонунчилиги юзасидан ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқлари тикланиб, қонуний манфаатлари ҳимояси таъминланди, — дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев.

Фарғона вилояти халқ таълими бошқармасининг 2022 йил 21 февраль кунги буйруғи билан Марғилон шаҳридаги 21-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимида ишлаётган Асрор Казимов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Иш берувчининг буйруғи амалдаги меҳнат қонунчилиги талабларига зидлиги боис А.Казимовни ишга тиклаш ҳақида судга мурожаат қилинди.

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят апеллация судлов ҳайъатининг 2022 йил 24 май кунги қарори билан А. Казимов ўзи ишлаган мактаб директори лавозимига ишга тикланиб, йигирма етти миллион сўм мажбурий бекор юрган кунлари учун ўртача иш ҳақи ҳамда беш миллион сўм маънавий зарар ундириб берилди.

«Қувасойсемент» АЖ ишчи-ходимлари 2021 йил учун иш ҳақи ва жамоа шартномасида белгиланган тўловлар жамият томонидан ўз вақтида тўламаганлиги сабабли ушбу тўловларни ундириб беришга амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишди.

Мурожаат ўрганилиб, ишчи-ходимлар манфаатини кўзлаб судга иш оширилди. Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2022 йил 7 апрель кунги ҳал қилув қарори билан фуқаролар Гулноза Исомиддинова, Усмон Аҳмаджонов, Шаҳрихон Юсупова, Нафиса Маҳкамова, Назира Абдувалиевага иш ҳақи шаклидаги тўловлар ундириладиган бўлди, 1 минг 170 нафар ишчи-ходимларининг ойликларини тўлаш ҳақида «Қувасойсемент» акционерлик жамиятига хусусий ажрим чиқарилди.

«Асакабанк» АЖ Фарғона вилоят филиалининг 2022 йил 5 январдаги буйруғига кўра Наргиза Шакирова билан тузилган меҳнат шаpтномаси бекор қилинган эди. Касаба уюшмаси аралашуви билан фуқаролик ишлари бўйича апеллация судлов хайъатининг 2022 йил
7 июль кунги қарори кўра, Н. Шакирова ўз лавозимига ишга тикланди ва ўттиз миллион сўм мажбурий прогул кунлари учун ўртача иш ҳақи тўловлари ундириб берилди.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер