Картошканинг янги ультра эртапишар нави ихтиро қилинди

18:56 18 Январь 2023 Иқтисодиёт
1635 0

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг селекционер олимлари мамлакатимиз тупроқ иқлим шароитига мос картошканинг эртапишар «Тошкент эртагиси» навини ихтиро қилишди. Ушбу навнинг муаллифлари Рустам Низомов, Жасур Раҳматуллаев, Муҳаммаджон Расулов ва Дилшод Турсуновлар ҳисобланади.

Ушбу янги нав 2023 йилда Интеллектуал Мулк агентлиги томонидан патентлаштирилди.

Янги картошка нави мавжуд навлардан бир нечта устунлик жиҳатлари билан ажралиб туради. Жумладан, у ультра эртапишар нав, мавжуд маҳаллий эртапишар навлардан 10-12 кун вақтли етилади.

Унинг вегетация даври яъни униб чиқишидан токи палак қуригунича муддати 65-70 кундан иборат. Нав юқори унумдор тупроққа талабчан, вирусли касалликларга бардошли эканлиги билан ҳам ажралиб туради.

Энди мамлакатимизда картошка етиштириш билан боғлиқ ҳолатга эътибор қаратамиз.

Республикадаги барча тоифа хўжаликларда 2022 йил ҳосили учун 221,5 минг гектарга, шундан, фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида 133,4 минг гектарга (асосий майдонга 93,5 минг га, боғ-ток қатор орасига 13 минг гектарга ва такрорийга 26,9 минг гектарга) ҳамда деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида 88,1 минг гектарга картошка экилган.

Мазкур майдонлардан 3,4 млн тонна (2021 йилга нисбатан 200 минг тонна кўп, 107%) картошка етиштирилди.

Маълумот ўрнида, тиббий меъёрлар нуқтаи назаридан, аҳолининг картошкага бўлган 1 йиллик эҳтиёжи (ЖССТ меъёри 1 кишига 96 кг) 3,4 млн тоннани ташкил этади.

Мамлакатимизда 2022 йил ҳосили учун фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан картошканинг янги серҳосил «Суря», «Спунта», «Раноми», «Пассион», «Малис», «Луизана», «Ореа ва Констансе» каби юқори авлодли хорижий картошка навларини экиб етиштирилди.

Ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитига мос, касалликка, иссиққа ва қурғоқчиликка чидамли эртаки, ўртаки ва кечки юқори ҳосил берадиган навларини яратиш ишлари олиб борилмоқда.

Республика ҳудудида экиш учун тавсия этилган ва қишлоқ хўжалиги экинлари Давлат реэстрига картошканинг 152 тага яқин навлари киритилган бўлиб, шундан, 19 та навлари маҳаллий илмий-тадқиқот институтлари олимлари томонидан яратилган.

Кўп йиллик тадқиқотлар натижасида картошканинг янги 11 та маҳаллий навлари ихтиро қилинган.

2023 йил ҳосили учун:

Жорий йилда аҳолини картошкага бўлган талабини тўлиқ қондириш мақсадида дастур ишлаб чиқилди. Унга кўра, жами 3,7 млн тонна картошка етиштириш белгилаб олинди.

Бунинг учун, 2023 йилда барча тоифа хўжаликларда 286 минг гектарга, шундан, фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида 143 минг гектарга (асосий майдонга 106 минг гектар, боғ-ток қатор орасига 9 минг гектар ва такрорийга 28 минг гектарга) ҳамда аҳоли томорқасида 142 минг гектарга картошка экиш режалаштирилмоқда.

Тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олиб, республиканинг 40 та картошка етиштиришга ихтисослаштирилган туманларида 71 минг гектар майдонда картошка етиштирилади.

Шундан 23 тасида уруғлик картошка етиштиришга ҳамда 9 та туманнинг 39 та ҳудудларида “Супер-элита» ва «Элита” уруғликлари етиштирилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?