Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади

10:22 25 Сентябр 2024 Сиёсат
1670 0

Фото: Иллустратив

«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори билан раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарларига оғир аҳволдаги камбағал оилалар бириктирилиши белгиланди.

Хабар қилинишича, қарор билан Жамоат ишлари жамғармаси, Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси негизида Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади.

2025 йил учун уй-жой ва ипотека бозорини ривожлантириш дастури доирасида ажратиладиган субсидиялар сонини 1,2 бараварга ошириш назарда тутилади.

Шунингдек, 2024–2025 йилларда тажриба тариқасида оғир аҳволдаги оилаларни камбағалликдан чиқариш мақсадида жойлардаги ташкилотларининг 14 мингта раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларининг ҳар бирига ҳар 6 ойда 5 тадан энг оғир аҳволдаги камбағал оилалар бириктирилади.

Қайд этилишича, 2025 йил 1 апрелдан бир қатор амалиётлар жорий этилади. Масалан, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида эксперимент тариқасида аутсорсинг асосида Камбағал оилалар реестрига киритилган боқувчисини йўқотган тўлиқ бўлмаган оилалар, меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган оилалар, икки ва ундан ортиқ ногирон аъзолари мавжуд оилалардаги ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати кўрсатилади.

Бундан ташқари, ижтимоий етимликнинг олдини олиш, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга индивидуал ёндашув асосида оилага яқин муҳитда ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда тарбиялаш хизматини кўрсатиш мақсадида маҳаллаларда оила шаклидаги кичик ҳажмли болалар уйлари ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек, ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтган жисмоний шахсларга алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг кундузги парвариш хизматларини ҳамда юридик шахсларга ногиронлиги бўлган болалар, шу жумладан, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида кўрсатишга рухсат берилади.

Аввалроқ, қайси енгил автомобил Ўзбекистонда кўпроқ ишлаб чиқарилгани ҳақида хабар берилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер