Камбағалликка барҳам беришнинг энг тўғри йўли – сифатли таълим

архив сурат
Кейинги йилларда кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида халқимизнинг ижтимоий ҳаёти, турмуш тарзи яхшиланиб бормоқда. Халқпарвар сиёсатнинг илк самараси энг чекка ҳудудлар, хонадонлар, юртдошларимиз ҳаётида ўз аксини топмоқда. 2024 йилнинг сентябрь ойида Президентимиз раислигида бўлиб ўтган тарихий видеоселектор йиғилишида камбағалликка қарши курашиш бўйича ислоҳотларнинг янги саҳифаси очиб берилди.
Давлатимиз раҳбари камбағалликка барҳам беришнинг энг тўғри йўли таълим эканини бежиз таъкидламаяпти. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, юқори маълумотга эга бўлганлар қуйи маълумотга эга бўлганларга нисбатан кўпроқ иш ҳақи олади. Таълимга сарфланган қўшимча ҳар бир йил эса ходимнинг иш ҳақи 10 фоизгача ошишига олиб келади. Шунинг учун ҳам йиғилишда камбағалликдан чиқиш учун, энг аввало, таълим олиш имкониятини кенгайтириш лозимлиги қайта-қайта такрорланди. Хусусан, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурида ёш авлод ҳаёти ва камолоти, мамлакатимиз келажаги бўлган фарзандларимизнинг, аввало, мактабгача таълим босқичиданоқ ақл-идроки ва зеҳнини ўстириш, мактабгача ва мактаб таълими билан боғлиқ энг устувор мезонлар, долзарб масала ва муаммолар ижросини таъминлаш белгилаб берилган.
Мазкур вазифалар ижросининг тизимли ташкил этилиши натижасида айни вақтда давлат сиёсати даражасига кўтарилган таълим ислоҳотлари ўз самарасини бермоқда. Узоққа бормайлик, 2016 йилда болаларни мактабгача таълим тизимига қамраб олиш даражаси 27 фоиздан ошмасди. Бугунги кунда мактабгача таълимга қамров даражаси 74,6 фоизга, шундан 6 ёшлилар қамрови 93 фоизга етказилди. Аммо бу натижа бугунги тезкор замон талабини қондира оладими?
Албатта, йўқ. Шу боис Президентнинг 2024 йил 23 сенябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2025 йил якунига қадар республикадаги камбағал оилаларнинг 3-7 ёшли болаларини мактабгача таълим билан қамров даражасини 80 фоизга етказиш белгилаб берилди. Дастурда белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 12 февралдаги “2025-2026 йилларда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш бўйича мақсадли вазифалар, жумладан, аҳолининг яшаш даражаси ва тўлов қобилияти юқори бўлган (камбағал оилалар кам бўлган) маҳаллаларда давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш, олис ва чекка (туман ва шаҳарлар марказида жойлашмаган) маҳаллаларда оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини барпо этиш, аҳолининг тўлов қобилияти паст (камбағал оилалар нисбатан кўп бўлган) ҳамда демографик ўсиш даражаси юқори бўлган маҳаллаларда давлат, шунингдек, халқаро молия институтлари кредит ва грантлари ҳисобидан давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари, ижтимоий соҳа муассасаларининг бўш биноларида қисқа муддатли гуруҳлар фаолиятини ташкил қилиш белгилаб берилди.
Аввало, 2025 йил якунигача камбағал оилалар фарзандларини мактабгача таълим билан қамраб олиш таъминланади. Эслатиб ўтамиз, давлат боғчалари тарбияланувчиларини “Ягона мавсумий таомнома” бўйича овқатлантириш, бунга аутсорсингни жалб қилиш режалаштирилмоқда. Ҳудудлар кесимида бир бола учун кунлик харажат белгилаб олинади. Унинг назорати билан янги Таълим соҳасида овқатлантиришни ташкил этиш маркази шуғулланади. Шунингдек, Таълим соҳасида овқатлантиришни ташкил этиш ва назорат қилиш маркази ташкил этилади. Давлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этишни мувофиқлаштириш ҳамда жараёнларни босқичма-босқич рақамлаштириш – марказнинг асосий фаолият йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Бундан ташқари, ҳукумат қарори билан мактабгача таълим тизимини рақамлаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси белгиланди. Унга кўра, ходимлар ва тарбияланувчилар давомати, озиқ-овқат харажатлари “Болалар боғчаси” ахборот тизими орқали ҳисобга олиб борилади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йилдан бошлаб ходимлар ва болаларнинг давоматини шахсни биометрик идентификация қилиш технологияси орқали назоратга олишни йўлга қўйиш учун болалар боғчаларини планшетлар ва бошқа ускуналар билан таъминлаш учун давлат бюджетидан камида 50 миллиард сўм ажратади. Жумладан, 2025 йил давомида давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги 1 минг 600 та нодавлат ҳамда оилавий мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан 35 та жиҳозланган автобуслар негизида 70 та маҳаллада 140 та “Ақлвой” мобил гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. 8 мингта нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 23 номдаги ўқув-услубий ва дидактик материаллар билан таъминланади. 6 ёшли болалар таълимига эҳтиёж мавжуд бўлган ҳудудларни ота-оналар талабларига биноан аниқлаш мақсадида махсус электрон платформа ишлаб чиқиш ҳамда мактабгача таълимга замонавий методика, сифат ва рақобат кириб келиши, таълим- тарбия тизими энг илғор хорижий тажрибалар асосида тўлиқ янгиланиши, минглаб хорижий мутахассис таклиф этилиши белгиланган.
Бугун давр шиддат билан ўзгариб, педагогик таълим олдига ўта долзарб ва мураккаб вазифаларни қўймоқда. Мактабгача ва мактаб таълимини ривожлантириш, инновацион салоҳиятга эга ўқитувчилар тайёрлаш, уларнинг касбий ривожланиши учун зарур шарт-шароит яратиш, илғор хорижий тажрибаларга асосланган янги ўқитиш усулларини ишлаб чиқиш ва ўқитувчиларнинг методик салоҳиятини узлуксиз ошириб бориш шулар жумласидандир.
Президентимизнинг тегишли фармонига кўра, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети 2022 йилдан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилиб, педагогика йўналиши бўйича ўқув дастурларни ишлаб чиқишда етакчи олий таълим муассасаси этиб белгиланган. Университетнинг пешқадам факультетларидан бири – Мактабгача таълим факультетида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда бу факультетда кундузги ва сиртқи шаклда 1500 нафар талаба таҳсил олиб, уларга 100 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар таҳсил бериб келяпти. Илмий салоҳият охирги 3 йилда 9 фоиздан 75 фоизга етказилди.
Албатта, ютуқлар ўзимизники. Аммо олдимизда турган вазифалар кам эмас. Бинобарин, бугун давр шиддат билан ўзгариб, педагогик таълим олдига ўта долзарб ва мураккаб вазифаларни қўймоқда. Давлат раҳбари томонидан берилган имконият ва имтиёзлар натижасида мактабгача таълим ташкилотларидаги қамров даражаси 74,6 фоизга кўтарилди. Бу эса албатта, соҳага мамлакат тараққиёти учун янги ташаббус ва ғоялар билан майдонга чиқиб, уларни амалга оширишга қодир бўлган, интеллектуал ва маънавий салоҳияти юксак олий маълумотли педагог-кадрлар етиштиришни талаб қилади.
Мактабгача таълим ташкилотлари ва унда тарбияланаётган болалар сони ортаётгани шунга мутаносиб равишда малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳам юзага келтирди. Хўш, салмоғи ортаётган мактабгача таълим ташкилотлари учун замон талабларига “лаббай” дея жавоб берадиган мутахассислар етиштириш масаласи қай аҳволда?
Ҳудудлардаги мактабгача таълим тизимининг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжлардан келиб чиқиб, бакалавр мутахассисларни тез ва сифатли тайёрлаш бўйича ўқув дастурлари оптималлаштирилди. Эндиликда бу йўналишдаги бакалавр талабалар 3 йиллик муддатда олий маълумот эгаллаб, жойларга бориб фаолият юритиш имконига эга бўлди. Шунингдек, деярли барча ҳудудларга педагогика олий ўқув юртларидаги мактабгача таълим факультетларига қабул квоталари оширилди. Мактабгача таълим йўналишидаги магистратура босқичига ҳам қабул квоталари кескин оширилди.
Албатта, мактабгача таълим соҳасида “Даврнинг, тараққиётнинг асосий қуроли – илм, уни ўзлаштириш учун эса ҳеч қачон кеч эмас”, деган шиор асосида бўлажак тарбиячиларни тайёрлаш, уларда “Илм оламан, яхши яшайман, Ватан манфаати йўлида хизмат қиламан”, деган ғояни сингдириш – бугунги тизим масъулларининг муҳим вазифаси ҳисобланади. Бу йўлда фақат фидойилик ва ватанпарварлик билан бу борада қабул қилинаётган дастурлар ижросини таъминлаш, ишлаш талаб этилмоқда, холос.
Маҳзуна ҲАМДАМОВА,
Тошкент давлат педагогика университети
Мактабгача таълим факультети декани,
педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг