Камбағаллик айб эмас, аммо…
Камбағаллик айб эмас. Аммо унга кўникиб яшаш, берилган имкониятларни рад этиш, ўз тақдирини фақат ёрдамга боғлаб қўйиш жамият учун ҳам, инсон учун ҳам оғир оқибатларга олиб келади. Шу боис сўнгги йилларда мамлакатимизда, хусусан Андижон вилоятида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларни доимий даромад манбаига эга қилиш ва тадбиркорликка йўналтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда ҳар бир оиланинг ички имкониятларини рўёбга чиқариш, маҳаллада ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш ва камбағалликни бартараф этиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Давлат раҳбарининг камбағалликни қисқартиришга қаратилган сиёсати бугунги кунда ўз ижобий натижаларини бермоқда.
2025 йилда Андижон вилоятида камбағаллик даражаси 9,5 фоизни ташкил этиб, шу тоифадаги оилалар сони 73 минг 762 тани ташкил этган эди. Бу рақамлар ортида минглаб оилаларнинг оғир турмуши, ишсизлик ва барқарор даромаднинг йўқлиги каби муаммолар тургани шубҳасиз. Шу боис вилоятда эҳтиёжманд оилаларни ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда доимий даромад манбаига эга қилиш ишлари изчил йўлга қўйилди.
Йилнинг иккинчи ярмида аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсадида “Ислоҳотлар штаби” ташкил этилди. Маҳаллалар иқтисодий ва ижтимоий ҳолатига қараб тоифаларга ажратилди. Камбағаллик даражаси 3 фоизгача бўлган 240 та маҳалла “яшил”, 3 фоиздан юқори бўлган 639 та маҳалла “қизил” тоифага киритилди. Уларнинг ҳар бирига 79 та вилоят ва 560 та туман-шаҳар даражасидаги раҳбарлар бириктирилди. Бу эса ҳар бир маҳалланинг муаммосини жойида кўриш, ҳар бир оила билан якка тартибда ишлаш имконини берди.
Тизимли ёндашув натижасида бугунги кунга қадар 44 минг оила камбағалликдан чиқарилди. Йил бошига нисбатан камбағаллик даражаси 6,5 фоизга қисқариб, 3 фоизга тушди. Ишсизлик даражаси ҳам 5,4 фоиздан 3,7 фоизга пасайди. Бу ўз-ўзидан эмас, балки ҳар бир хонадонга кириб борилган, ҳар бир инсоннинг имкониятлари ўрганилган мақсадли ишлар натижасидир.

Жорий йилда 61 та янги лойиҳа ишга туширилди. Айниқса, чекка ҳудудларда аҳолини маҳалласининг ўзида банд қилиш мақсадида енгил саноатга ихтисослаштирилган 51 та янги лойиҳа яратилди. Ҳозирга қадар уларнинг 16 таси ишга туширилиб, мингдан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланди. Маҳаллий ишлаб чиқаришнинг экспортга йўналтирилиши ҳам аҳоли даромадини оширишга хизмат қилмоқда. “Ислоҳотлар штаби” фаолияти давомида экспорт қилинадиган давлатлар сони 11 тага ошиб, 56 тага етди.
Давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Ислоҳотлар штаби” фақат идораларда эмас, балки ҳар бир хонадонда ҳам фаолият олиб бориши билан аҳамиятлидир. Унинг фаолияти орқали эҳтиёжманд фуқаро аниқланиб, қобилияти, меҳнатга мойиллиги ва имкониятларига қараб йўналтирилмоқда.
Асака туманидаги “Озод” маҳалласи бунинг яққол мисоли бўлди. Йил бошида маҳалла “қизил” тоифага киритилганди. Аҳолини доимий даромадга йўналтиришда хотин-қизларни касаначилик орқали ишга жалб қилиш самарали бўлди. 27 нафар аёл тикувчиликка, 10 нафари пойабзал тайёрлашга жойлаштирилди. Эндиликда улар дастлабки ойда 4 миллион 200 минг сўмдан ойлик маош олишди. Бу ишлар натижасида маҳаллада ишсизлик 2 фоизга, камбағаллик 1,5 фоизга тушди.
— Маҳалламизда аҳолини иш билан таъминлаш, даромадга йўналтириш билан бир қаторда ҳудуд инфратузилмасини яхшилашга ҳам эътибор қаратилмоқда, – дейди меҳнат фахрийси Икромжон Абдуназаров. – Масалан, 1964 йилда қурилган мактабимиз анча ачинарли ҳолга келиб қолганди. Мукаммал таъмирдан сўнг у намунали ўқув масканига айланди. Мактаб ёнида ташкил этилган “Ҳунармандчилик” мактаби фарзандларимизни ҳам таълим олиб, ҳам ҳунар ўрганишига хизмат қилмоқда. 20 ўринли тикувчилик цехи ишга туширилиши эса айни муддао бўлди. Илгари ишсиз бўлган қизларимиз энди шу ерда ишлаб, рўзғорига ёрдам бермоқда. Жамоатчилик назорати маскани ташкил этилди. 19 та кузатув камераси ўрнатилди. Қисқаси, маҳалламиз намунали кичик шаҳарчага айланиб қолди.

Давлатимиз раҳбари “Маҳалла — энг муҳим таянч, халқ ва давлат ўртасидаги ишончли кўприк”, деган эди. Қувонарлиси, бу ўзгаришлар оддий одамлар тақдирида ҳам яққол акс этяпти.
— Авваллари ишсизлик туфайли уйда эдим, – дейди Асака туманидаги электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона ишчиси Марҳабохон Асророва. – Маҳалла фаолларининг кўмаги билан ушбу корхонага ишга жойлаштирилдим. Дастлаб замонавий техник воситаларни кўриб, уларни бошқара олмасам керак, деган ҳадик бўлди. Лекин устозлар ёрдами билан ўргандим. Ҳозир меҳнат шароитим ҳам, турмуш шароитим ҳам яхшиланди. Ойлик маошларимни ўз вақтида оляпман. Ўғлимни қўшимча машғулотларга жалб этдим.
Мамлакатимизда аҳолини камбағалликдан чиқариш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. Давлат грант, лойиҳа, иш ўрни, ўқиш ва ўрганиш имкониятини беряпти. Аммо бу йўлда аҳолининг ўзи ҳам фаол бўлиши, берилган имкониятлардан унумли фойдаланиши зарур. Шундагина нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги кунимизга ҳам ишонч билан қараймиз.
Саминжон ҲУСАНОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг