Кадастр хизмати: муаммо, ечим ва режалар

17:56 11 Март 2025 Жамият
200 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Бугун кадастр хизматига иши тушган инсонлар тизимдан рози бўлмоқда. Соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар ўз ечимини топмоқда. Бу соҳада чуқур ислоҳотлар даври бошланганидан далолатдир. Президентимизнинг 2024 йилнинг 5 августдаги «Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қонун қабул қилингани юртимиздаги 10 миллиондан зиёд аҳоли ҳаётига дахлдор ҳужжат бўлди, десак муболаға бўлмайди. Бу ҳужжатда белгиланган вазифалар кўлами кенг.

— Ўтган йилнинг 8 ноябридан кучга кирган мазкур қонун асосида барча турар жой, нотурар кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилмоқда, — дейди Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Сардор Урунбаев. — Афсуски, ер участкаларга ижара ва қурилган иморатларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича берилган акциялар ҳақида хабар топган айрим «уддабурон»лар бўш турган жойларга иморат қурган. Ер участкасини ноқонуний эгаллаганларга тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилмайди. Аксинча, қонунбузарлиги учун чора кўрилади.

Ушбу қонунда уй-жойларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда 2018 йил 1 майга қадар қурилган турар жойларга нисбатан мазкур амалиёт қўлланилиши белгиланганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз. Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси филиаллари архивида жами 476 минг 81 дона жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кадастр йиғма жилдлари мавжуд. Ушбу архив ҳужжатлари режа асосида хатловдан ўтказилди. Қораўзак, Амударё, Шуманай, Бўзатов ва Тахтакўпир туманларида архив ҳужжатларини рақамлар бўйича 85 минг 442 дона ҳужжат қайта тартибланди. Амударё ва Нукус шаҳар филиалларига жами 47 дона замонавий мобил стеллажлар ўрнатилди.

Қорақалпоғистонда 476 минг 81 дона кадастр ҳужжатларидан 472 минг 321 та ҳужжат сканердан ўтказилиб, NexCloud тизимига киритилди. Кадастр рақамлари бўйича тартибга солишда ҳужжатларни осон топиш, электрон нусхаларининг йиллар давомида сақланиши таъминланади. Кадастр агентлиги масъулларининг таъкидлашича, айни пайтда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик ишларини амалга ошириш доирасида 194,31 гектар майдондаги 3 минг 722 дона ер участкалари мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган. Шундан «Э-аукцион» савдо майдончасида 384 дона ер участкаси реализация қилинган. Якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш бўйича жами 9 минг 212 та ер участкаси аукционда сотувга чиқарилиб, шундан 5 минг 920 дона ер участкаси «Е-аукцион»да сотилган.

Кўриниб турибдики, тадбиркорлик учун «Э-аукцион» электрон савдо платформасига жойлаштирилган ер майдонларининг бор-йўғи 10 фоиздан ортиқроғи реализация қилинган. Бундан ажабланиб «Э-аукцион» платформасидан «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик» саҳифаси бўйича Нукус шаҳрини белгилаб, илова қилинган харитасидан кўрганимизда савдога қўйилган асосан 1 сотих ўринлар шаҳардан анча олисда жойлашган. Газ, электр энергия, сув, коммуникация ўша ҳудудларга борадиган йўл ҳам йўқлиги маълум бўлди. Албатта, бир сотихни аукцион орқали сотиб олиб, ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган аҳоли ўз кучи билан шаҳар чеккасига бутун коммуникацияни олиб бориши амримаҳол.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ривожлантириш, аҳолининг фаровон турмушини таъминлаш борасида кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилинди. Жумладан, тегишли фармонга биноан 2025-2027 йилларда Нукус шаҳрида қиймати камида 500 минг АҚШ доллар, Амударё, Нукус, Қўнғирот ва Хўжайли туманларида 300 минг АҚШ доллар, туманларда 100 минг АҚШ доллари эквивалентидаги йирик инвестиция лойиҳалари учун Вазирлар Кенгашининг қарори асосида ер участкаларини тўғридан-тўғри беришга рухсат этилди. Бу асосан йирик тадбиркорлар, хорижий инвесторлар учун қўшимча қулайлик ва имтиёзлар беради. Ишни кичикроқ тадбиркорликдан бошламоқчи бўлганлар «Э-аукцион» платформасидаги коммуникация мавжуд жойни сотиб олиб, ўз бизнесини йўлга қўйишига ишонамиз. Шунда тадбиркорлар сафи кенгайиб, улар учун қўшимча имконият яратилади. Ҳудудлардаги камбағалликни қисқаришига ушбу ташкилот ҳам маълум миқдорда ўз ҳиссасини қўшади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?