Йўллардаги тирбандлик қачон барҳам топади?

12:01 16 Апрель 2025 Жамият
69 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда Самарқанд шаҳрини истиқболда миллионлар шаҳарига айлантириш мақсади белгиланган. Бунинг учун шаҳарнинг транспорт тизими, йўллари ва йўл инфратузилмаси яхшилаш долзарб масалалардан бири бўлиб турибди. Ҳозирда доимий аҳоли ва туманлардан келувчиларни қўшганда, Самарқанд шаҳрида кунига неча минглаб кишилар ҳаракатланади. Уларнинг кўплари шахсий автомобилларида, қолганлари жамоат транспортидан фойдаланади. Шу боис шаҳарга кириб келаётган аҳолининг кўчаларда эркин ҳаракатланиши, манзилига кўп вақт сарфламай етиб олиши учун кўчалардаги тирбандликларни бартараф этиш лозим.

Кейинги пайтда Самарқандда тирбандликлар узайиб бораётгани сабабли кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бундан шаҳардан Қорасув массивигача бўлган йўналишда ҳаракатланувчилар эртадан кечгача фиғони фалакда. Бу ҳайдовчиларнинг ҳам, йўловчиларнинг ҳам кайфиятига салбий таъсир кўрсатиб, турли асаббузарликларга сабаб бўлмоқда.

— Самарқандда экологик жиҳатдан зарарсиз дастлабки электробус хизмати йўлга қўйилди, — дейди Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти тадқиқотчиси Акмал Низомов. — Айни пайтда уларнинг сони 100 тага етди. Бунга қўшимча трамвайлар ҳам қўшилмоқда. Улар тоза ҳавони ифлослантираётган, инсон саломатлигига зарар етказаётган жамоат транспортлари ўрнини эгалламоқда. Шунга қарамасдан, шаҳарда транспорт воситалари ҳаракати тирбандлиги кундан-кунга ошиб бормоқда. Тирбандликни камайтириш учун электробуслардан йўловчилар кўп бўладиган йўналишларда фойдаланиш керак. Автобуслар учун ажратилган йўлаклардан автобус, енгил ва йўналишли таксилар ҳаракатини ҳафтанинг душанбадан жума кунигача эрталаб соат 07:00 дан 09:00 гача, кечқурун 17:00 дан 19:00 гача хизмат қилиши белгилаб қўйилишини ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. Шунда тирбандликларнинг олди олинади.

Мутахассисларнинг фикрича, муаммоларнинг яна бир ечими — бу йўл чироқларини қайта кўриб чиқишдир. Агар катта кўчаларда «ақлли светофорлар» ўрнатилса, онлайн тирбандликларини кўриб туриш мумкин. Агар эътибор берсак, ҳозир шаҳар кўчаларида, йўл ёқаларида автомобилларнинг эгалари уловларини истаган жойга қўйиб кетмоқда. Бу тирбандликлар келиб чиқишининг асосий омилларидан биридир. Шаҳарда автомобиллар қўйиш жойлари етишмайди. Бунинг учун автомобиль тўхташ жойларини кўпайтириш зарур. Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижроси сифатида Самарқанд шаҳрининг Чўпонота ҳудудидаги Самарқанд халқаро автошоҳбекати ишга туширилиш арафасида. Ўзбеккент маҳалласи ҳудудида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Аммо Самарқанд туманининг Чумчуқли ҳамда Паррандачилик маҳалласи ҳудудида, Пастдарғом туманидаги автобошбекат қурилиши ҳали бошланмади.

— Вилоятимизда жамоат транспорти қатновини қулай ва барқарорлиги борасида изчил ишлар олиб борилмоқда, — дейди Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев. — Ташувчилар энг даромадли пайтда эмас, аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиқиб ҳаракатланишини таъминлашига ҳаракат қилмоқдамиз. Бу борада яхлит йўл харитаси ишлаб чиқиб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз.

Албатта, ҳаёт тезлашаётган, одамларнинг фаоллиги ошган бир пайтда жамоат транспортларининг ҳаракатланиши ҳам арзон, сифатли ва тез бўлишига, «ақлли светофор»лар ўрнатилиб кўчаларнинг ўтказувчанлиги ортишига умид қиламиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?