Йўли сознинг иши соз

13:16 09 Апрель 2025 Жамият
154 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча жойларида ободончилик, бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда йўллар қуриш, мавжуд йўлларни таъмирлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Андижон вилоятида ҳам катта йўллардаги носозликларни таъмирлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

— Ҳар бир ҳудуднинг қиёфасига кўрк бағишловчи жиҳат ўша гўшанинг йўллари ҳисобланади, — дейди вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Мирзоҳиджон Нурматов. — Вилоятимизда автомобиль йўллари тармоғининг умумий узунлиги 13305 км.дан иборат бўлиб, шундан 604 км. қисмидаги чуқур чаноқларни бартараф этиш кўзда тутилган. Ҳозирги кунда 506 км. йўлда таъмирлаш ишлари сифатли бажарилди. Қисқа муддатда 98 км.дан иборат йўлдаги чуқур чаноқларни бартараф этиш ишлари якунига етказилади. Бундан ташқари, «Ташаббусли бюджет», «Камбағалликдан фаровонлик сари» каби дастурлар доирасида 850,6 км.дан иборат йўлларда йўл қурилишига доир саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Йўллар йилнинг тўрт фаслида ҳам доимий эътибор ва меҳнат талаб қилади. Айниқса, қиш фасли автомобиль йўллари учун синовли давр ҳисобланади. Ҳарорат тунда пасайиб, кундузи бироз илиши оқибатида асфальтда кенгайиш ва сиқилиш ҳодисаси юзага келади. Ҳосил бўлган майда ёриқлар транспорт воситалари ҳаракати ва ёғингарчилик туфайли каттароқ кўчишлар, яъни чуқур чаноқларни келтириб чиқаради. Натижада йўл сифати бузилади. Ўтган йилда вилоятда 497 млрд. сўм миқдоридаги йўл қурилиш ишлари бажарилди. Натижада 1419 км.дан иборат автомобиль йўллари қурилиб, реконструкция ишлари олиб борилди. Эътиборлиси, 1540 км. ички йўллар ҳам таъмирланди.

— Маҳалламиз барпо бўлганига юз йилдан ошди, — дейди Андижон туманидаги «Қум кўча» МФЙда яшовчи меҳнат фахрийси Турсуной Аҳмадалиева. — Шу йиллар давомида ички йўлларда таъмирлаш ишлари бажарилмаган. Аҳоли ўз ташаббуси билан бир неча марта шағал тўкиш ишларини амалга оширган. Бироқ, бу билан ёзнинг чанг, қишнинг лойидан қутулолмадик. Тўғриси, шаҳарнинг сифатли йўлларига ҳавас қилардик. Қисқа муддатда ички кўчаларимизга асфальт ётқизилиб, юз йиллик муаммоларимиз барҳам топди.

Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида ҳар жиҳатдан мукаммал лойиҳалар асосида кўприклар, йўл айиргичлар қуришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда 12 та кўприкларда таъмирлаш ва тиклаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган. Хусусан, «Бишкек-Душанбе-Термиз» йўлининг 585,2 километридаги «Шаҳрихонсой» сойи устидан ўтувчи «Кесканёр» кўприги реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилади.

— Улкан бунёдкорлик ишлари кетаётган ҳудудлар аҳолиси неча йиллардан бери бундай халқаро кўприклар бизнинг вилоятимизда ҳам қурилармикан, деган ҳавас билан яшаган. Энди бу ширин хаёлларнинг ҳаётдаги рўёби кўп куттирмайди, — дейди Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси аъзоси Ўктамжон Охунов. — Йўл қурилиши соҳасида эришилаётган ижобий натижалар қувонарли. Автомобиллар ҳаракатланувчи йўллар кенг ва равон. Йўллар четига ўрнатилган белгилар хавфсиз ҳаракатни, йўл бўйларига экилган дарахт кўчатлари табиат мусаффолигини таъминлайди. Буларнинг барчаси йўлсозларнинг самарали меҳнатлари маҳсулидир.

Албатта, кўприк, йўл қуриш энг савоб ишлардан биридир. Янги йўллар ва кўприклар аҳолининг ўз манзилига осон ва қулай етиб олишини таъминлаб, гўзал водийни янада кўркам ва обод масканга айлантиришга хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер