Йил охиригача Самарқандга қанча сайёҳ келади?

13:11 18 Ноябрь 2024 Жамият
218 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Бугунги кунга келиб туризм соҳаси дунё иқтисодиётининг драйверига айланиб боряпти, десак, муболаға бўлмайди. Чунки ҳозир яратилаётган ҳар 10 иш ўрнинг биттаси айнан туризм соҳаси ҳиссасига тўғри келади. Мамлакатимизда ҳам бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Туризм соҳасида Самарқанд вилояти ўзига хос бўлиб, мазкур ҳудудда 1626 та археологик, 670 та меъморий, 37 та диққатга сазовор жой, 18 та монументал, 21 та мемориал моддий-маданий мерос объектлари мавжуд. Буларнинг барчаси вилоятнинг жуда катта туристик салоҳиятга эгалигидан далолат беради.

Бугунги кунда хорижлик сайёҳларнинг Самарқандда қолиши ўртача 2,7 кунни ташкил этади ва ҳар бир сайёҳ кунига 85 доллардан 250 долларгача маблағ сарфламоқда.

— Жорий йил охиригача вилоятимизга 4,7 миллион нафар маҳаллий ва 2,5 миллион нафар хорижий сайёҳ келиши кутилмоқда, — дейди Самарқанд вилояти туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Нарзиқулов. — Йил якунига қадар умумий қиймати 751,1 миллиард сўмлик 55 та янги лойиҳа ҳисобига, 1 минг 87 та янги иш ўрни, шунингдек, туризмга ёндош хизмат кўрсатиш объектларида 3,5 мингдан ортиқ қўшимча иш ўринлари ташкил этилади.

2024 йил 9 ойи давомида вилоятда 11 та меҳмонхона, 28 та хостел ва 57 та оилавий меҳмон уйлари фойдаланишга топширилди. Бугунга келиб Самарқандда 176 та меҳмонхона, 409 та оилавий меҳмон уйи, 102 та хостел фаолият кўрсатмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?