Фарғонага келган турналар...

Журналист ва адиблар билан сафардош бўлишнинг айрича латофати, завқи шавқи бор-да! Ҳазил-ҳузул, шоирона лутфлардан бошланган гурунглар мамлакатда, жаҳоннинг аллақайси бурчларида рўй бераётган ҳодисаларга уланиб, беадоқ баҳсу мунозараларга айланиб кетади. Айниқса, сафаринг Фарғонадек гўзалликда беқиёс диёрлар томонга бўлса, бир қувончингга ўни қўшилиб, кўнгиллар дарё, эҳтирослар уммон мисол кўпиради.
1
Бу гал ҳам худди шундай бўлди. Фарғонанинг икки забардаст ижодкори — Охунжон Ҳакимов ва Йўлдош Сулаймон хотирасига бағишлаб ўтказиладиган адабий конференцияда иштирок этиш учун беш касбдош йўлга чиқдик. Аломат лаҳзалар аэропортда, Фарғонанинг яна бир эътиборли фарзанди, таниқли тележурналист Муҳаммаджон Обидов билан юзма-юз келган дамлардаёқ бошланиб кетди. Мезбон билан ҳали салом-алик охирига етиб-етмай, “ХХI asr” газетаси бош муҳаррири, шоир Норқобил Жалил шеър тўқиб юборди:
Кўрай десанг, эртакда йўқ афсонани,
Афсоналар ҳавас қилган кошонани,
Тоғлар ошиб, дунё кезиб бўлманг сарсон,
Фарғонани кўринг, дўстлар, Фарғонани.
Самарқандлик шоир ва драматург Фармон Тошев ҳам ўқланган милтиқдай шай турган экан, кетди давом эттириб:
Ҳар далаю ҳар дарёю ҳар шонада,
Ҳар маҳалла, ҳар кўчаю ҳар хонада.
Меҳнат завқи, ижод завқи, илҳом завқи,
Яшаш завқи чаппар урар Фарғонада!
— Офаринлар! — ҳайқириб юборди мезбон. — Ҳозир, ҳақиқатан ҳам, Фарғонада бекорчи одамни кундузлари чироқ ёқиб ҳам тополмайсиз. Ҳамма банд, ҳамманинг қалби, шоирона айтганда, яратувчилик ишқида ёнмоқда. Кетдик, тадбир бошлангунча мен сизларга юртдошларимиз қандай меҳнат қилаётганини кўрсатаман.
Шеъриятдан бошланган суҳбат шу тариқа ўз-ўзидан далага кўчди.
— Ака, Фарғонада пахтакорларнинг кайфияти қандай? — сўрайди “Ishonch” газетаси бош муҳаррири, сенатор Ҳусан Эрматов.
— Қандай эмас, қанддай, денг! — ғурур билан жавобга ҳозирланди Муҳаммаджон Обидов. — Биласиз, ҳамма жойда чигит одатда бир қаторлаб экилади. Шунда ҳар гектар майдонда 90 — 100 минг туп кўчат бўлади. Фарғонада эса қўшқаторлаб экилди. Бу ҳар бир эгатда 200 — 250 минг тупдан кўчат бўлди, дегани. Кўчатнинг икки баробар кўп экилиши ҳисобига ҳосилдорлик ҳам икки баробар кўпайиб, гектаридан 60 центнердан ошиб кетяпти.
— Қўшқаторлаб экиш бир пайтлар ўзини оқламаган, — деди суҳбатни диққат билан эшитиб келаётган “Hurriyat” газетаси бош муҳаррири Абдурасул Жумақул. — Мен яхши эслайман, болалигимизда ҳар туп ғўзада 200 тагача кўсак санаш мумкин эди. 4-5 марталаб терардик. Шундан кейин ҳам анча-мунча кўсак қолиб кетарди. Кўсак тергич машиналар йиғиб оларди қолганини. Ўша навлар йўқ бўлиб кетди. Афсус. Бир қарич ҳозирги пахталар. Бир пайтлари пайкал ораласанг, кўмиб юборадиган ғўзалар энди йўқ.
Абдурасулнинг болалиги ҳам Сурхон пахта пайкаллари орасида қолиб кетган-да, билади...
— Гапингизда ҳақиқат бор, — дейди мезбонимиз. — Аммо қўшқаторлаб экилган чигит, гарчанд сиз айтгандек, одамни кўмадиган даражада дароз бўлмаса ҳам, ҳосили кўп. Шу жойда сизларга бир гапни айтмасам бўлмайди. Президентимиз 2024 йили вилоятимизга қилган ташрифида “Келгуси йил Фарғонада хитой услубида пахта етиштиришни жорий қиламиз”, дедилар. Давлат раҳбарининг топшириғи адо этилди. Вилоятнинг барча туманларида 40 — 50 фоиз пахта майдонига Хитойдан келтирилган уруғ экилди. Қўшқатор услуби жорий қилинди. Плёнка остига томчилатиб суғориш йўлга қўйилди. Бир сўз билан айтганда, пахтачиликка ҳам инновация, илм кириб келди. Хитой технологияси асосида қўшқаторлаб экилган пахта бугун ўз ҳосилини беряпти. Биринчи теримдаёқ гектаридан 55 центнердан ҳосил олиняпти. Ҳозир истаган фермернинг пахтазорини кўринг, оппоқ денгиз бўлиб ётибди дала.
— Парвариши-чи, қандай экан? Сув ичиши, дори-дармонга эҳтиёжи? — қизиқди “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, олим ва адиб Аҳмаджон Мелибоев.
— Икки марта дефолиация қилинди. Ўғит-дори сал кўпроқ берилди. Тола зўр. Фақат чигитдан ёғ чиқиши миқдори камроқ. Бугун мамлакатимизга тола керак, жуда кўп керак. Негаки, кейинги 7-8 йилда ўнлаб йирик-йирик тўқимачилик фабрикалари ишга туширилди. Ҳатто, пахта хомашёси етмаётгани учун толани хориждан сотиб олишга тўғри келган вақтлар ҳам бўляпти. Хитой усулида парвариш қилинган пахтанинг толаси аввалгиларидан бир қанча устун. Шу кунларда пахта заводлари бу йилги пахтани қайта ишлашни бошлаб юборди.
Обидов шу ерда бир нафас тўхтаб, атрофдагиларга кўз ташлаб олди.
— Қани, ким билади, бир тонна пахтадан қанча тола чиқади? — ўртага савол ташлади кейин.
— 30 — 35 фоизгача, — шу дамнинг ўзидаёқ жавоб қайтарди Абдурасул Жумақул.
— Э, яшанг! Бизнинг пахтадан чиққан тола 45 фоиз! 45 қаёқдаю 35 қаёқда? Ҳам ер, ҳам меҳнат, ҳам сув тежалаётгани бу ҳисобга кирмайди. Даромадни айтмайсизми? Миллион-миллион! Умуман, пахтачиликда кескин бурилиш бошланди. Президентимиз ташаббусларининг биттагинасидан келаётган хушхабар бу. Бундай хушхабарларнинг сон-саноғи йўқ.
— Энди сизларга Юртбошимиз меҳри билан яратилган яна бир мўъжизани кўрсатмасам бўлмайди, — Муҳаммаджон ака шу сўзларни айтгач, “Экошаҳар”га ҳайданг”, дея ҳайдовчига мурожаат қилди.
Машина катта йўлдан ўнгга бурилиб, бироз юргач, чўл ўртасида қад кериб турган ям-яшил шаҳарча ёнида тўхтади. Атроф гулзор, чап томонда айланасига кўл, ўнг томондаги дарахтзорлар орқасида баланд иморатлар.
— Бу ерлар қип-қизил тошлоқ чўл эди, эртакларда қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куяди, дейиладиган саҳро эди, бир туп гиёҳ топилмасди, — таништира бошлади мезбон. — Ҳозиргидай қулоғим остида турибди, Президентимиз 2020 йили вилоятимизга ташриф буюрганларида биз турган мана шу жойга келиб, “Бу ерда янги шаҳар қурамиз”, дедилар. “Мен кўп, жуда кўп ўйладим”, деб давом этдилар кейин Президентимиз “Фарғона шаҳрининг аҳолисига шароит яратиш учун нима қилиш керак, деган савол мени кўп қийнади. Фарғона қадимий шаҳарларимиздан бири. Унинг кўчаси тугул, битта ғиштига ҳам тегиниб бўлмайди. Ҳаммаси халқимизнинг ўтмиши билан боғланиб кетган. Архитектурасини бузиш керак эмас. Ўйлаб-ўйлаб, ниҳоят шу ерда йўлдош шаҳарча қурамиз, деган тўхтамга келдим. Шаҳарчанинг номи “Янги Фарғона” бўлади. “Янги Фарғона” — “Экошаҳар” мақомида бунёд этилади. Шаҳарчада газ, тутун деган зарарли нарсалар бўлмайди. Чироқлар қуёшдан нур олади, хонадонлар электр билан иситилади”.
Ўша йилнинг ўзидаёқ ишлар бошланди. Тепадан — Шоҳимардонсойдан сув олиб келинди. 2 минг ўринли амфитеатр қурилди. Мустақиллик, Наврўз байрамлари икки йилдан буён шу ерда ўтяпти.
Беш йил ичида дунёга келди кўрган кўзни маҳлиё қилувчи “Экошаҳар”. Беш йил давомида Президентимиз вилоятга ҳар келганларида, биринчи қадамни шу ердаги ишлар билан танишишдан бошладилар. Бош вазир раҳбарлигида мунтазам ишчи йиғилишлари ўтказилди. Беш йилда чўл ўрнида мўъжизавий шаҳар қад ростлади.
Мезбон ҳақ. 300 гектарлик майдонда барпо этилаётган “Экошаҳар”, шубҳасиз, ҳеч бир мўъжизадан кам эмас. Бу шаҳар ҳадемай нафақат вилоятда, балки бутун водийда энг йирик ва обод манзиллардан бирига айланишига заррача шубҳа йўқ. Шаҳарча, юқорида айтилганидек, Фарғонада аҳолининг уй-жой ва иш билан бандлигини таъминлаш, тадбиркорларга қўшимча қулайлик ва имконият яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришнинг замонавий технологик базасини шакллантириш мақсадида бунёд этилмоқда.
— Кўлнинг чиройлилигини қаранглар.
— Буям шахсан Президентимизнинг ғояси, — “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёров ҳайратларига изоҳ берди мезбон. — “Мен Дубайда фавворалар шоусини кўрганман. Бу ерда Дубайдагидек кўл қиламиз”, дедилар Президентимиз яна бир келганларида, Шоҳимардонсойдан оқиб келган сув кечқурунлари худди Дубайдаги сингари кўл устида рақсга тушиб туради.
Президентимизнинг орзулари, мақсадлари бекаму кўст амалга ошди. Кечқурунлари бу атрофга одам сиғмай кетади. Кексалар дам олади, болалар югуриб ўйнайди, велосипедда сайр қилади, амфитеатрда томошалар, концертлар кўрсатилади.
— Дубайга ҳавас қилиш яхши, албатта. Лекин бундай кўклам манзара у томонларда ҳам йўқ, — дея ҳаммамизнинг кўнглимиздан кечаётган бир ҳақ гапни тилга олди Ҳусан Эрматов. — Юз қаватли уй бўлсаю кўкрагингни тўлдириб нафас оладиган жой бўлмаса. Мени хурсанд қилаётган яна бир нарсани айтай, бундай масканлар мамлакатимизнинг энг чекка овулларида ҳам бунёд этиляпти. Умуман, сўнгги саккиз йил ичида одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш, энг мураккаб даврда камбағалликка қарши кураш каби вазифалар давлат сиёсати даражасига кўтарилди, умуммиллий ҳаракатга айланди. Камбағалликни қисқартириш бўйича “Янги Ўзбекистон модели” яратилди.
Айтгандай, сизни иккинчи мезбон билан таништирмабман. Бирпасгина бўлди унинг сафимизга қўшилганига. Азимжон Худойқулов “Ёзёвон тонги” газетаси бош муҳаррири ва айни пайтда, вилоятнинг кўп йиллик фермерларидан бири ҳамдир.
— Бир маҳаллар севимли адиб Саид Аҳмад тасвирлаган Ёзёвон чўллари ҳозир жаннат, — дея сўзлаб кетди у. — Кейинги 7-8 йилда шунақанги кўркам иморатлар қурилиб, қишлоғу маҳаллаларимизда катта ўзгаришлар бўлдики, айтиб адо қилиш қийин. Ёки Марғилон. Кўп қаватли уйнинг ўзидан 50 дан ортиғи битказилиб эгаларига топширилди. Жами 82 та баланд уй қурилади Марғилоннинг “Янги Ўзбекистон” массивида. Бу 6532 оила уйли-жойли бўлади, деганидир. Ижтимоий тузилма объектлари, шифохона, кўнгилочар масканлар, яшил боғлардан ташқари, 35 гектар майдонда ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган аллома Бурҳониддин Марғиноний шарафига Бурҳониддин Марғиноний халқаро илмий-тадқиқот маркази барпо этилмоқда.
— Фарғона водийсидаги энг қадимги шаҳарларидан бири ҳисобланади бизнинг Марғилон, — дея сўзлай кетди Азимжоннинг гапидан илҳомланган Обидов. — Тарихи узун. Лекин асрлар давомида бўлмаган ишлар бўляпти ҳозир шаҳримизда. Шаҳар тубдан қайта қуриляпти. Президент қарори билан Марғилонни комплекс ривожлантириш учун республика бюджетидан 70 миллиард сўм маблағ ажратилган. Реновация дастури асосида бунёд этилган замонавий уй-жойларнинг бир нечтаси фойдаланишга топширилди. Давлатимиз раҳбари ўтган йил Фарғона вилоятига ташрифи чоғида марғилонлик нуронийлар, жамоатчилик вакиллари билан учрашиб, шаҳарда янги уй-жой массивини қуриш — барак, маънан эскирган уйлар ўрнида арзон ва сифатли уйлар барпо этиш борасида топшириқлар берган эдилар.
Худо хоҳласа, 2025 йилнинг ўзида шаҳарда 46 та кўп қаватли уй қуриб битказилади. Шулардан 35 таси “Янги Ўзбекистон” массивида қад ростлаётган бўлса, қолган 11 таси “Ипакчи” МФЙда қурилади. “Ипакчи”даги уйларнинг кўпи ўтган аср ўрталарида қурилган. Очиғини айтсак, уларда кундалик ҳаёт учун зарур оддий шарт-шароитлар ҳам деярли йўқ. Икки-уч оила, 10 — 12 жон каталакдай уйларда бир амаллаб кун кўриб келарди. Улар бугун замонавий, ёруғ ва шинам хоналарга эга кўп қаватли уйларга кўчиб ўтдилар. Уй-жойлари бузилган барча оилаларга кўп қаватли уйлардан компенсация тўловисиз хонадонлар берилди. Энг муҳими, янги жойларда яшаш учун барча шароит мавжуд. Қулай инфратузилма, мактаб, болалар майдончаси, савдо мажмуалари. Қувончдан юртдошларимизнинг кўкси тоғ, боши осмонда.
— Қўқонда, Қувада, Қувасой ёки Бувайдада амалга оширилаётган юмушлар ҳам унча-мунча давлатларда йўқ, — Обидовнинг сўзини давом эттириб кетди Худойқулов. — Фақат Қуванинг ўзига давлат раҳбарининг қарори билан 70 миллиард сўм маблағ ажратилган. Туман марказидаги Аҳмад Яссавий номли ва Қайқубод кўчалари туну кун ишлайдиган кўнгилочар манзилларга айлантириляпти. Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи реконструкция қилинмоқда. “Каркидон” сув омбори ҳудудида бир нечта туристик объектлар бунёд этиляпти.
— Яхши йўлбошчи элини ўйлайди, — дейди Аҳмаджон Мелибоев. — Эл ғами, деб қайғуради, элига роҳат келтиради — йўл қуради, уй қуради, мамлакатни обод қилади. Дунё тамаддунида ҳар томонлама чуқур излар қолдирган улуғ саркарда Амир Темур ҳазратларининг табаррук номи асрлар мобайнида аҳли олам диққатини тортиб келишининг бош сабаби ҳам ана шунда.
— Халқ пуфласа, бўрон, халқ тепинса, зилзила бўлади, дейилмайди-да бекордан-бекорга, — Аҳмаджон аканинг фикрини тасдиқлади Азимжон Худойқулов. — Президентимиз бизни уйғотди. Муҳтарам Юртбошимизнинг ҳар бир ташрифидан сўнг неча-неча йиллик муаммолар бартараф этилди. Турмушимизда жиддий ўзгаришлар бўлди. Масалан, сўнгги саккиз йилда вилоятимиздаги ҳар 100 хўжаликка тўғри келадиган автомобиллар 132 фоизга, музлаткич билан телевизор 115 фоизга, кондиционер — 147, кирмошин — 127, чангюткич — 179, компьютер — 158 фоизга кўпайди. Ишлаб чиқариш ривожланди, даромад ошди.
— Кубро бобомиз шунинг учун ҳам “Энг ноёб неъмат ростгўйлик ва мардлик”, деганлар. Президентимизнинг мардона иш тутуми, айтган сўзининг устидан чиқа билиши бутун бошли мамлакатга янги нафас олиб кирди. “Янги Ўзбекистон”, “Учинчи Ренессанс” туйғуларини юракларга жойлади.
— Жуда тўғри! — Ҳусан Эрматовнинг фикрини қувватлади Салим Дониёров. — Тараққиёт фақат жасорат туфайли рўй беради. Президентимизнинг ростгўйлиги ва мардлиги билан, Абдулҳамид Чўлпон таъбири билан ифодалаганда, халқимиз тўлқинга, қудратли тўлқинга айланди.
2
Айланди!
Президент Шавкат Мирзиёевнинг кейинги саккиз йилда Фарғонага қилган ўндан ортиқ ташрифлари ҳаммада ўзига, бугунига, эртасига ишонч уйғотди. Бепарволик, лоқайдлик ўрнини, қилса бўлар экан-ку, деган қатъият эгаллади.
Давлат ва жамият муносабатларининг янги босқичга кўтарилиши, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойилининг амалда жорий этилиши, тадбиркорларга кенг йўл очилиши, ҳуқуқий муҳит ва фуқаролар билан очиқ мулоқот маданиятининг пайдо бўлиши барча жабҳаларда тубдан янгиланиш жараёнларини бошлаб юборди.
Ислоҳотларнинг шиғил-шиғил ҳосили ҳар қишлоғу ҳар туман ҳаётида яққол кўринмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2023 йилги ташрифи доирасида мазкур токзор ва боғларда бўлиб, амалга оширилган юмушлар билан танишиб чиққанидан кейин ишлар янги босқичга кўтарилди.
Хуллас, ўзлаштирилган 1000 гектар майдонда вилоят ҳокимлиги ҳамда Агросаноатни ривожлантириш агентлиги томонидан лойиҳада кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш учун қиймати 102 миллиард сўм бўлган ишлар бажарилди. Бу пулларнинг асосини тижорат ва маҳаллий банклар кредити ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ташкил этди. Жаҳон банки 1 миллион АҚШ доллари миқдорида грант ажратди.
Ўзлаштирилган ер майдонлари 1421 та лотга бўлиниб, 560 гектарида узумзор ва 300 гектарида интенсив боғлар ҳамда 140 гектарида инфратузилма майдони ташкил этилди.
Токзорларга 5 турдаги — “Ҳусайни”, “Келин бармоқ”, “Мерс”, “Ризамат” ва “Кишмиш” навли узумлар, интенсив боғларга эса олма, гилос, ўрик кўчатлари экилди.
Ҳудудда 3 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилиб, ишсиз ёшлар ва эҳтиёжманд оилалар, жумладан, хориждан қайтиб келган меҳнат муҳожирлари иш билан таъминланди.
Замонавий агросаноат мажмуида етиштирилган маҳсулотларнинг 30,4 фоизи Туркия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа МДҲ давлатларига экспорт қилинмоқда, 64,4 фоизи ички бозорда сотилиб, 5,2 фоизи қайта ишланмоқда.
Бугунги кунда 2 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилган бўлса, бу рақам келажакда 3145 тага кўпаяди. 1 гектар ер майдонидан олинадиган даромад 180 — 200 миллион сўмга, 1 нафар фуқаронинг даромади эса 45 — 50 миллион сўмга етажаги ҳам аниқ-тиниқ ҳисоб-китоб қилинган.
— Мен Россияда мигрант эдим, — дейди “Қўрғонча” МФЙда яшовчи Азизжон Исмоилов. — Уйга қайтиб келганимдан кейин токзордан 20 сотих ер беришди. Токлар орасига ловия, тарвуз, маккажўхори экиб, дастлаб 15 миллион сўм даромад олдим. Токларим тўлиқ ҳосилга киргани сайин даромадим ортиб боряпти, Худо хоҳласа, ҳадемай, ҳақиқий миллионер бўламан.
Азизжондек бўлғуси миллионерлар Фарғонада оз эмас.
Энди икки оғиз кластер дейилмиш мўъжиза ҳақида.
Маълумки, “кластер” атамаси лисонимизга кириб келганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Шундай бўлса-да, бу калима каттаю кичик — ҳамманинг вужудига сингиб улгурди. Сабаби аён: кластер иқтисодиётимиз юксалишининг илҳомчиси. Буни Фарғона мисолида, биргина пахтачилик соҳаси ҳам аён кўрсатиб турибди. Мана, 2022 йилга доир бир мисол. Ўша йили вилоятдаги 2 минг 509 та фермер хўжалиги томонидан 82 минг гектар майдонга чигит экилди. Фермерлар 13 та пахта тўқимачилиги кластер корхонаси билан 285 минг тонна пахта хомашёси етиштириш бўйича шартномалар имзолашди.
Мавсумда 285,8 минг тонна пахта хомашёси етиштирилди. Вилоятда пахта ҳосилдорлиги кўрсаткичи 2021 йилдагига нисбатан 1,5 центнерга ошди. Яъни 2021 йилда вилоятда пахта ҳосилдорлиги 33,3 центнерни ташкил қилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 34,8 центнерга етди.
Тўқимачилик тармоғи хомашё, экспорт ва аҳоли бандлигида улкан салоҳиятга эга. Фақат илмга асосланиб самарадорликни ошириш, жайдарича айтганда, “ишнинг кўзини билиш” керак. “Ишнинг кўзини” биладиган кластерлар пайдо бўлди.
Эндиликда “Global textile group” — дунёдаги энг яхши ипларни ишлаб чиқарадиган Ўзбекистондаги етакчи тўқимачилик компанияларидан бири ҳисобланади. Мазкур компания гуруҳига Тошкент ва Фарғона шаҳарларида жойлашган бир нечта йигирув фабрикалари, тўқиш, бўяш устахоналари, пахта тозалаш заводи, шунингдек, томчилатиб суғориш тизимига эга пахта далалари киради. Компанияда тўлиқ кластер тизими жорий этилган бўлиб, пахта етиштиришдан тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқичлар “Global textile group”да амалга оширилади.
Бугунги кунда компания ўз маҳсулотларини Марказий ва Шарқий Европа, Бангладеш, Туркия, Хитой, Россия Федерациясига экспорт қилмоқда, шунингдек, маҳаллий бозорда сотмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2022 йил май ойида вилоятга ташрифи чоғида “Global textile infinity” кластерининг ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишган эди. Ўшандаги кўрсатмалар асосида лойиҳа жадаллаштирилиб, декабрда ишга туширилди.
3
Шу ўринда ҳамроҳлар суҳбатидан бир қадам четлаб, ҳинд донишмандининг бир ҳикматини эсламоқчиман: “Катта дарахт ўзгаларга соя берар, ўзи эса офтобда турар ва у ўзи учун эмас, бошқаларнинг ҳузур-ҳаловати учун мева берар”. Мамлакат раҳбарининг меҳр булоғидан сув ичаётган Фарғона тўғрисида айтилгандай туюлади, назаримда, бу сўзлар. Фарғона ҳам бир азим дарахт мисоли кун сайин кўкка юксалиб бормоқда.
Агар 7-8 йил орасидаги юксалиш одимлари яна бир карра рақамларга солиб қаралса, бағоят ҳайратомуз манзаралар пайдо бўлади одамнинг кўз ўнгида. Қаранг, вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2024 йил якуни билан 91,3 триллион сўмни ташкил этиб, 2017 йилдагига нисбатан 4 баравар ошган.
Саноат корхоналари сони етти йил аввалги 4520 тадан 12900 тага кўпайган. Бу корхоналарда 2017 йилда 9,7 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланган. Мазкур кўрсаткич 2025 йил охирига бориб 108,3 триллион сўмни ташкил қилади.
Йўл бўйи хизмат кўрсатиш йўналишида Бешариқ, Қўштепа, Ёзёвон, Тошлоқ, Қува ва Қувасой туманларидаги 22 гектар майдонда 150 дан ортиқ объектлар ташкил этилиб, 400 нафар аҳолининг бандлиги таъминланади.
Сўх туманида Угом дарёси тажрибаси асосида 25 гектар майдонда туризм ва соғломлаштириш ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари очилади. 8 та кўп қаватли уй, санаторий, меҳмон уйлари, минимолл, кузатув минораси, спорт мажмуаси каби объектлар қурилади.
Тадбиркорлар сафидаги ўсишни айтмайсизми? 2017 йилда барча тадбиркорлар 18200 нафарни ташкил қилган бўлса, эндиликда уларнинг сони 58600 нафарга етди. Йил охиригача яна 10 мингта тадбиркорлик субъекти иш бошлайди.
Бундан ташқари, Бешариқ туманидаги Сариққамиш кўли атрофида 40 гектар майдонда “Овчилик туризми” йўналишида дам олиш маскани ва хизмат кўрсатиш маркази ташкил этиш лойиҳасининг мастер-режаси ишлаб чиқилмоқда.
Умуман, бугун Фарғонада жами 27560 та якка тартибдаги тадбиркор фаолият юритиб, мазкур йўналишда Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятидан сўнг учинчи ўринни эгаллаб турибди.
Туризм барча вилоятлардаги каби Фарғонада ҳам иқтисодиётнинг энг йирик карвони саналади. Водийда азиз жойлар, қадимий манзиллар, азиз-авлиёларнинг қадамжолари, умуман, хорижлик меҳмонлар бир кўришни орзу қиладиган манзиллар жуда кўп. 2020 йилда вилоятга 56 минг нафар хорижий ва 500 минг нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюргани, 2024 йилда эса хорижий сайёҳлар сони 469 минг, маҳаллий туристлар сони 2,8 миллион нафарга етгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.
Шунга қарамай, ҳар қадами осориатиқалар макони бўлган Фарғона учун бу етарли эмас. Мисол учун, жаҳон андозаларига тўла жавоб берадиган меҳмонхоналар, улардаги хизмат кўрсатиш маданияти кам эди.
Давлатимиз раҳбари 2023 йили вилоятга келган пайти Фарғонада юлдуз тоифасидаги меҳмонхоналар мавжуд эмаслигини танқид қилди. Адолатли танқид қисқа вақтда мева берди — юлдузли 13 та меҳмонхона ишга туширилди. Йил якунигача яна 10 та меҳмонхона шундай тоифага сазовор бўлади.
2025 йилда туризм йўналишида умумий қиймати 1,2 триллион сўм бўлган 125 та лойиҳа амалга оширилади ва 3250 та янги иш ўрни яратилади.
Сулув табиати, бетакрор салоҳияти билан аҳли олам эътиборини ўзига жалб қилаётган, 2024 йилнинг ўзида 10 та халқаро, 15 та республика миқёсидаги 65 та фестиваль, форум, конференция, концерт-томоша ва бошқа турдаги оммавий тадбирлар ўтказилган Фарғонада кўп юлдузли, энг замонавий меҳмонхоналар, кўпайиши зарур-да! Ахир “Атлас байрами”, VI халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали, анъанавий “Туркий халқлар ҳунармандчилиги” мавзуидаги форум, “Лаванда фестивали”, “Фарғона — водий гавҳари. Инвестиция ва туризм истиқболлари” халқаро форуми, “Аҳмад ал-Фарғонийнинг дунё астрономия илмига қўшган ҳиссаси” халқаро конференцияси каби халқаро фестиваллар, форумлар, конференциялар ҳамма жойларда ўтказилавермайди-ку! Шундай эмасми?
— Президентимизнинг сўзларидан кейин ғалла ва пахта далалари четига “дала қозон”га деб минг тупга яқин аччиқ қалампир экдим, — дейди фермер. — Ер экинни соғиниб қолган эканми, ҳосил қуйилиб кетди. Уни дастлаб хўжалигимиз қалампирхўрларига улашдим. Йўқ, узун, тўқ қирмиз рангли, аччиқликда “чемпион” қалампирлар “мени уз, мени уз” деб тураверди. Кейин оиламиз билан ҳашар қилиб бир кун давомида ҳосилни йиғиштириб олдик. Улашганларимдан қолгани нақ 850 килони ташкил қилди. Қалампирни қоплаб, бир халтасини туман бозорига олиб бордим.
Олма-олмани кўриб ранг олади-да! Бугун Фарғонада қалампир экаётганларнинг саноғи йўқ. Шу йилнинг 8 ойида етиштирилган 806,6 тонна аччиқ қалампир Жанубий Осиё мамлакатларига экспорт қилинди ва 996,1 минг доллар даромад олинди.
Кўрасиз, қалампир етиштирувчилар сони келажакда янада кўпаяди.
Биз кўпинча хориждан келадиган сармояларни инвестиция, деймиз. Аслини олганда, ички имкониятлардан оқилона фойдаланишнинг ўзи ҳам энг катта инвестиция.
Фарғонада бу каби қанча-қанча “инвестиция булоқлари” қайнаб-тошиб ётибди. Фарғоналик икки ижодкор Охунжон Ҳаким ва Йўлдош Сулаймон публицистикасига бағишланган илмий-амалий конференция баҳонасидаги сафар давомида бунга яна бир бор имонимиз комил бўлди. Айни чоғда, қуйидаги хулоса қалбимизга муҳрланди: биз Фарғонани қайтадан кашф этдик!
“Кашф этдик!” ибораси айрича жозибаси билан вилоят кутубхонасида ўтган конференция чоғида ҳам, шаҳар ва қишлоқларда меҳнаткашлар билан бўлган учрашув-суҳбатларда ҳам қайта-қайта тилга олинди.
— Эшитинглар! — топшириқ оҳангида мурожаат қилди қайтаётганимизда Обидов:
Бу Ватан қандай Ватандир,
ҳар гўшасида турмалар,
Қўнгани бир ер тополмай осмонда
йиғлар турналар.
Сиз асир бўлган қафасни тишларим
бирлан бузай,
Бузмасам маҳшар куни бағримни
армон тирналар.
— Биласизми бу қайғули мисраларнинг ижодкори ким?
— Халқ! — ўз саволига ўзи жавоб қайтариб давом этди у. — Таҳқирланган, эзилган, адолатсизликдан бағри қонга тўлган халқ. Мусибатлар силсиласидан аламзада халқ ўзининг маҳзун ва мунгли ҳаётини, исёнини, мунаввар кунлар умидини шу тарзда баён этган.
Худога шукр, у кунлар ўтмишга айланди. Агар боболаримиз бугунги бахтга тўла дамларни ўз кўзлари билан кўрганда нима деган бўлар эдилар?
— Тушуняпсизми ҳурматли шоирлар, Обидов жаноблари нима демоқчи? — жиддий қиёфада атрофдагиларга юзланди Мелибоев. — Жаноб Обидов шеърга жавоб қайтаринг, демоқдалар.
Шоирлар ҳам тайёр туришган эканми, Норқобил Жалил:
— Бу Ватанга келса, қайтиб кетолмайди турналар.
Абдурасул Жумақул:
— Ҳар юракка таъзим қилмай ўтолмайди турналар.
Фармон Тош:
— Ҳар қадамда меҳнат, ижод, яшаш завқи муҳташам.
Ҳусан Эрматов (ҳам яхшигина шоир экан):
— Бахт қўрғонин ҳисобига етолмайди турналар.
Ҳаммамиз беихтиёр жўр бўлиб айтиб юбордик:
Бу Ватанга келса, қайтиб кетолмайди турналар...
Абдусаид КЎЧИМОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг