Ижтимоий тармоқда 150 мингдан зиёд обуначиси бор томорқачи

11:44 02 Октябр 2025 Жамият
287 0

Ёзёвон туманидаги “Чўлигулистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Мирзаолим Холмирзаев вилоятда миришкор томорқачи сифатида танилган. Айни пайтда 15 сотихли томорқасида йилига 4 марта маҳсулот етиштираётган оила аъзолари 200 миллион сўмдан ортиқ даромад олади.

Эътиборлиси, Мирзаолим ака ўз томорқасида турли сабзавот экинлари етиштириш билан бирга, бу борадаги иш тажрибаларини бошқаларга ҳам ўргатишга ҳаракат қилади. Бугунги кунда у асос солган “Мирзаолим деҳқон” YouTube платформасида 150 минг нафардан зиёд обуначи бор.

Унда томорқани мавсумга тайёрлаш, уруғ танлаш, экиш, парваришлаш, ҳашаротларга қарши курашиш бўйича илмий-амалий тажрибалар натижалари ҳамда тавсиялар бериб борилади.

— Аслида сахий она заминга эга жаннатмакон диёримизда томорқа жуда катта неъмат, — дейди миришкор оила соҳиби. —Шу боис астойдил меҳнат қилган одам асло кам бўлмайди. Ҳаётимиз тўкислиги, фаровонлигини таъминлашда бу имкониятдан унумли фойдаланиш зарур.

Томорқамизда бодринг, помидор, аччиқ қалампир, бақлажон, саримсоқпиёз, табиий дармондориларга бой кўкатлар етиштирамиз. Энг муҳими, бир пайтнинг ўзида бирданига иккита экин тури парваришланади. Мисол учун, саримсоқпиёз кўчатлари орасига аччиқ қалампир экилади. Бунинг ўзига хос жиҳати шундаки, саримсоқпиёз поялари уни иссиқ ҳароратдан сақлаб, бир маромда ривожланишига имкон беради. Натижада бир пайтнинг ўзида ҳам саримсоқпиёз, ҳам аччиқ қалампирдан мўл ҳосил олиш мумкин.

Айни пайтда маҳаллада “Миришкор деҳқон” томорқачилик кооперацияси ташкил этилган бўлиб, бу томорқа эгаларига сархил уруғ, кўчат етиштириш, сотиш ва қайта ишлаш тизимини бир мақсад йўлида бирлаштириш имконини берди. Бугунги кунда 75 нафар кам таъминланган ва ижтимоий ҳимоя дафтари рўйхатига киритилганлар кооперация аъзолари бўлди.

Айтиш жоиз, маҳалладаги 769 та хонадон ихтиёрида 47 гектар томорқа ери бор. Шу кунга қадар иссиқхона ташкил этиш истагини билдирган 58 нафар томорқачига 2 миллиард сўм имтиёзли кредит берилди. Бундан ташқари, меҳнат миграциясидан қайтган ишсиз ёшлар ва хотин-қизларга ижара асосида 48 гектар экин майдонлари ажратиб берилиши таъминланди. Бу ерда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида полиз ва дуккакли экинлар парвариши орқали мўмай даромад олинмоқда.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».                                                                

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?