«Энди «бола» пули олсам уят бўлади...»
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Хабарингиз бор, 2020 йили маҳаллаларда фаолият олиб борадиган «ижтимоий ходим» лавозими жорий этилди. Шу йили идоралараро қўшма қарорга биноан «Ижтимоий ходимларнинг мақоми, вазифалари, функциялари ва малакавий талаблари тўғрисида»ги йўриқнома тасдиқланди. Ушбу ҳужжатда ижтимоий ходимнинг вазифалари белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 1 июнда қабул қилинган «Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони бу борадаги фаолиятни янада мустаҳкамлади. Орадан ўтган қисқа муддат ичида соҳа ходимлари кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд фуқароларнинг ҳақиқий мададкорига айланди.
— Уч ёшли фарзандим Бахманёр мия фалажи билан дунёга келган, — дейди Избоскан тумани «Истиқлол» МФЙнинг «Зарчашма» кўчасидаги хонадонда истиқомат қилувчи Гулҳаё Қодирова.— Ҳеч қандай ҳаракат қила олмасди. Тўғриси, барча умидларим сўниб, умримнинг охирига қадар унга кўмаклашишга, «оёқ-қўли»га айланишга қарор қилгандим. Маҳалламиздаги ижтимоий ходим хонадонимизда бўлиб, ҳолатимизни ўргангач, эртанги кунга бўлган ишончимиз орта бошлади. Тез орада кўрсатилган амалий ёрдам туфайли фарзандим тиббий муолажаларга жалб этилди. Ҳозирда бош қисмини бемалол тута оляпти, талаффузида ҳам ўзгаришлар кузатилмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, ёз фаслига бориб юра олиши мумкин. Бу ҳам бўлса маҳаллаларда ижтимоий ходим лавозими жорий этилишининг ижобий натижаси, деб биламан.
«Истиқлол» маҳалласи нафақат Избоскан туманида, балки вилоятда ҳам аҳолиси кўп ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бу ердаги 1196 та хонадонда 7205 нафар аҳоли истиқомат қилади. Кўпчиликнинг ташвиши ҳам, муаммоси ҳам кўп бўлади. Шу боис ижтимоий ходим хонадонбай ишлаш тизими орқали барча муаммоларнинг ижобий ечимини таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Шу тариқа 2024 йилда 264 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож маҳалладошларга 175 турдаги амалий ёрдамлар кўрсатилди.
— Ижтимоий ходимлар эҳтиёжманд фуқароларга ёрдам бериш билан бир қаторда уларнинг ҳуқуқий билимини шакллантиришга ҳам хизмат қилишлари керак, — дейди маҳалла ижтимоий ходими Саидисломхон Сайдаҳмедов. — Сабаби, хонадонларда бўлганимда шу нарсага амин бўлмоқдаманки, аксарият юртдошларимиз ўз ҳуқуқлари тугул, мавжуд имкониятлардан ҳам хабардор эмас. Оддийгина эшитув мосламаси ёки қўлтиқтаёқни қаердан сотиб олиш мумкинлигини ёки бу борада кимга мурожаат қилишни билмайдиганлар ҳам бор. Шу боис ижтимоий ходим лавозимининг жорий этилиши энг аввало, кўмакка муҳтож маҳалладошларимиз учун айни муддао бўлди.
Маҳалланинг «Озодлик» кўчасидаги хонадонда яшовчи Махлиёхон Эргашеванинг ҳам қувончи чексиз. У авваллари кам таъминланганлар рўйхатига турган. Боиси, турмуш ўртоғи Абдуқаҳҳор касалманд бўлгани учун анча-мунча ишга ярамайди. Аксига олиб, ногиронлик гуруҳи белгиланмаган. Ишсизлик, ҳунарсизлик аёлнинг қаддини букиб қўйди. Уч нафар вояга етмаган фарзандларидан ортиниб, тайинли иш ҳам топа олмади. Оиланинг тирикчилиги қайнонаси Азизахон аянинг пенсияси, бола пулига боғлиқ эди.
—Ижтимоий ходим шароитимиз билан танишгач, биринчи галда турмуш ўртоғимга ногиронлик гуруҳи тайинланишига ёрдам берди, — дейди Маҳлиёхон Эргашева биз билан суҳбатда. — Шундан сўнг чилангар-сантехник вазифасига ишга жойлаб қўйди. Ўзим бинойидек чорвадорга айландим. 33 млн. сўм кредит маблағи эвазига 14 бош зотдор қўй сотиб олдик. Оиламиздаги бу ўзгаришлардан руҳланган қайнонам ҳам пайпоқ тўқиш фабрикасига ишга кирди. Кечагина пенсия ва болалар пулига қараб қолган оила кўз очиб-юмгунча фурсат ичида катта даромад эгасига айландик. Шунинг учун маҳалла фуқаролар йиғинига чиқиб, эндиям болалар пулини олсам уят бўлади, дедим.
Юртдошларимиз меҳнаткаш, шу билан бирга ориятлидир. Ўз ўрнида озгина соддалиги ҳам бор. Шу боис келажак сари дадил одимлаши учун бир ҳовуч эътибору озгина мадад бўлса кифоя! Уёғини ўзи «боплаб ташлайди». «Истиқлол» маҳалласида бўлиб, бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Хонанда Раҳматилло Юсупов 44 ёшда вафот этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг