Ижтимоий ҳимоя — бош мезон

Шайхонтоҳур тумани — пойтахт марказида жойлашган, саноат, қурилиш индустрияси, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш тизими муттасил ўсиб бораётган ҳудудлардан бири. Шу боис, туманда уй-жой ва ижтимоий манзиллар қурилиши жадал олиб борилаётир. Эл оғзига тушган “Tashkent City” ҳам шу ҳудудга салобат бағишлаб турибди.
Туманда “Обод маҳалла” дастури бўйича 2-сектор томонидан амалга оширилаётган долзарб вазифалар ҳудуд аҳолисининг турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилаётир. Шунингдек, туман прокуратураси томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қуватлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, эҳтиёжманд оилаларга моддий ва маънавий кўмак бериш, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш жараёнлари акс этган “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари” ижтимоий ҳимояга изчил йўналтирилгани билан ғоятда аҳамиятлидир.
— Ишсиз, эҳтиёжманд, якка-ёлғиз яшаётган ҳамда ногиронлиги бўлган болалар ва бошқа тоифадаги оилаларга мунтазам равишда ижтимоий ёрдам кўрсатиб келинмоқда, — дейди туман прокурори Санжар Мавлонов. — Уларнинг моддий аҳволини яхшилаш учун тижорат банклари томонидан дастлаб 2 млрд. 12 млн. сўм, сўнгра 426 та оилаларга жами 294 млн. 800 минг сўм пул маблағлари ўтказиб берилди. Шунингдек, тадбиркорларни жалб этган ҳолда 166 та оилага жами 415 милллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.
Пандемия шароитидаги карантин чекловлари оқибатида ўз даромад манбаини йўқотган 252 нафар фуқаронинг иш фаолияти қайта тикланди. “Темир дафтар”га янгидан киритиш учун таклиф этилган оилалар 5 тоифага бўлинган ҳолда рўйхатга олиняпти. Ҳозирда туман 2-секторида амалга оширилган изчил изланишлар, муайян тадбирлар натижасида Халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман Кенгашининг тегишли қарорларига кўра, 998 та оила даромади яхшилангани, ишга тикланганлиги ҳамда бошқа асосларга биноан эҳтиёжмандлар сафидан чиқарилди.
Маҳаллабай ишлаш тизими қандай самара бермоқда?
Сектор ҳудудида ёшлар билан маҳаллабай ишлаш тизимининг муваффақиятлари ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Бу борада шаҳар ҳокимлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Ёшлар ишлари агентлиги ходимлари бошчилигида “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, 7945 нафар ёш электрон дастурга киритилди. 12 та маҳалладаги уюшмаган, ишсиз, муаммоси бор ёшлар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилиб, 360 нафарининг бандлиги таъминланди. Олиб борилган ишлар туфайли 164 нафар ёш эҳтиёжмандлар рўйхатидан чиқарилган.
— Туман прокуратураси ишчи гуруҳи томонидан маҳалламиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш яхши йўлга қўйилган, — дейди “Жангоҳ” МФЙда яшовчи Рафаэл Шаумелов. — Яқинда 2-сектор ташаббуси билан оёқ-кийим таъмирлаш устахонаси очиб, ўз-ўзимни банд қилишимга амалий ёрдам кўрсатилди. Касбимдан қўни-қўшниларим, атрофдагиларга, одамларга нафим тегаётганидан мамнунман.
Мадина Жўрабекова ва Дилором Мамажоноваларнинг таъкидлашича, туман прокуратурасининг аралашувидан сўнг, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ташаббуси амалга ошган. Аёлларнинг ҳар бирига 33 млн. сўмдан имтиёзли кредит олиб берилиб, улар бандлиги таъминланган.
— Хотин-қизларга ижтимоий кўмаклашиш билан бир қаторда, уларни турли касбларга қайта ўқитиб, янги иш жойларига тавсия этиш, ҳуқуқий ва психологик маслаҳатлар бериш, саломатлигини тиклаш бўйича 2-сектор фаоллари сидқидил ҳаракат қилишмоқда, — дейди Мадина Жўрабекова. — Айниқса, қарамоғида ногиронлиги бор фарзандлар тарбия қилаётган ота-оналар қувончи чексиз. Шунингдек, фуқароларнинг табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти билан боғлиқ муаммолари жойида ҳал этилмоқда. Имконияти чекланганларга ногиронлик аравачалари ҳамда протез-ортопедия воситалари етказиб берилаётир.
Сектор ҳудудида фаолият юритаётган “Fratelli Di Stilе” МЧЖ корхонасида меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг аксарияти, айнан, туман прокуратураси ишчи гуруҳи томонидан касбга қайта ўқитилиб, ушбу жамоага йўлланма берилганларни ташкил этади. Энг асосийси, ўнлаб аёлларнинг бандлиги таъминланиб, доимий даромад манбаига эга бўлди.
Корхонада турли миллат вакиллари бир оила фарзандидек, ўзаро ҳамжиҳат меҳнат қилишмоқда. Моҳир қўллар тикаётган кийим-кечаклар ички ва ташқи бозорда доимо харидоргир. Бу ердаги чевар аёлларнинг тинимсиз изланишлари туфайли, бугунги кунда бир қатор хорижий давлатларга “Fratelli Casa” ва “Promowear” бренди асосидаги бежирим кийим-кечаклар экспорт қилинмоқда.
Яна бир гап. Ёлғиз яшовчи кексалар хонадонларини қисқа фурсатда таъмирлаш ҳам кўпчиликнинг дуосига сабаб бўлаётир. Ахир, халқимизда “Олқиш олган суринмас”, деган гап бор-ку.
Туман прокуратураси таркибидаги маҳаллаларни айланарканмиз, мавжуд 166 та кўчада олиб борилаётган ободонлаштириш ишларидан фуқароларнинг мамнунлигини ҳис этдик. Кўчалар, юзга яқин кўп қаватли уйнинг том қисми, 241 та уйнинг ертўласи тозаланиб, намунали ҳолатга келтирилди.
Қоратош ва Чақар маҳаллаларида жами 89 та кўп қаватли уй, “Тахтапул”, “Хадра” МФЙ, “Ўрда” МФЙларидаги мактабгача таълим муассасаларда қайта қуриш, мукаммал ва жорий таъмирлаш, уларни замонавий жиҳозлаш тадбирлари ота-оналар томонидан мамнуният билан эътироф этилмоқда. Бу жойларда бунёд этилган болалар ўйингоҳлари, спорт майдончалари, “Street workout” кўнгилочар сайр йўлакларидан бугун одамлар соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда фойдаланишмоқда.
— Айни кунларда 2-сектор ҳудудидаги тураржойлар, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа бино-иншоотларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши устидан изчил назорат ўрнатилган, — дея сўзида давом этади 2-сектор раҳбари Санжар Мавлонов. — Биргина ис газидан заҳарланиш ҳолатларини олдини олиш юзасидан 687 та профилактик тадбирлар амалга оширилди. Шунингдек, трансформатор нимстанциялари, газ тақсимлаш пунктларининг ҳолати текширилиб, яхшиланди.
Қисқа айтганда, фуқароларнинг эртанги кундан кўнгли тўқ.
Шодиёр МУТАҲАРОВ
(“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг