Ижод мактаблари: учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдевори

19:23 18 Октябр 2022 Маданият
681 0

Фото: Архив сурат

Катта орзу-умидлар билан ўсиб келаётган ёш авлоднинг эмин-эркин яшаши, замон талабларига мос даражада билим олиши, изланиши, ўқиши ҳамда ўрганиши учун муносиб шароит яратилган жойда тараққиёт, эртанги кунга ишонч пайдо бўлади. Бундай муҳитда камол топаётганлар қалбида ватанпарварлик жўш уради. Улар эл-юртга хизмат қилишдек эзгу мақсадни энг олий бурч, деб билади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган янгича ислоҳотлар замирида ҳам ана шу хайрли вазифа — жонажон Ватанимизни бутун борлиғи билан севувчи ва ардоқловчи авлодни тарбиялашдек мурод ва муддао мужассам. Бу мақсадга эришиш йўлида қилинаётган ишларнинг кўлами шу қадар кенгки, дафъатан уларни санаб адоғига етиш мушкул. Энг яхшиси, бундай улуғвор ниятларга хизмат қилаётган янгиланишларни ҳис қилиш, тарғиб этишдир. Зеро, эзгуликнинг қаноти бор деганларидек, юксак марраларни кўзлаб босилаётган ҳар бир қадам, албатта, ўз манзилига етади.

Шавкат Мирзиёевнинг Президент вазифасини бажарувчи сифатида иш бошлаган даврни эслайлик. У киши ўша кунларнинг илк дақиқасиданоқ китоб ҳақида гапирди. Унинг аҳамияти, моҳияти ва фалсафаси хусусида фикр билдирди. Китоб ўқиган одам кам бўлмайди, ундан ёмонлик чиқмайди, дея юрагидаги гапни айтди. Авлонийдан, Фитратдан, Қодирийдан гапирди. Истиқлол учун, Ватан учун жон берган улуғларимизни эслаб, уларнинг хотирасига юксак эҳтиром кўрсатиб келмоқда. Халқимизнинг ҳурмати, эҳтироми ва юксак муҳаббатини қозонган Президентимиз дастлабки сайловдан кейин — 2016 йил 30 декабрда ўзининг илк учрашувини илм-фан фидойилари билан ўтказиши, 2017 йил 3 августда эса адабиёт ва санъат аҳлига қулоқ тутиши азалдан илму адабни, маърифатни қадрлаган халқимизни беҳад қувонтиргани ҳам бор гап.

Яна шунга бутун халқимиз гувоҳки, давлатимиз раҳбари китобни, илмни, санъатни беҳад қадрламоқда. Қайси ҳудудга бормасин, у ердаги ижодкорларни номма-ном санаб, маҳаллий аҳолини ҳайратлантирмоқда. Ўша манзилда яшаб ўтган шоирнинг сўзидан, ижодкорнинг асаридан гапирмоқда. Буларнинг бари шу юртни жон қадар суйиш, иймон қадар ардоқлаш туфайлидир.

Ана шундай юксак эъзоз натижасида айни пайтда мамлакатимизда ёшларга янгича йўналишда сабоқ берадиган, турли йўналишларга ихтисослаштирилган таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилди. Айниқса, халқимизнинг номдор шоиру адиблари меросини улуғлаш, уларнинг шарафли йўлини давом эттириш, қолаверса, янгидан-янги ижодкорларни кашф этишга қаратилган ижод мактабларининг барпо этилиб, фойдаланишга топширилиши учинчи Ренессанс, янги Ўзбекистон орзусида шахдам одимлаётган давлатимиз учун беқиёс аҳамиятга эга.

Илму маънавиятга интилган, адабиёт ва китобга ошно тутинган ўғил-қизларимизни ўз бағрига олган Ибройим Юсупов номидаги ижод мактаби ҳам шу каби муаззам масканлардан биридир.

Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида жойлашган мазкур ижод мактаби Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов номини абадийлаштириш, унинг издошларини кашф этиш ва истеъдодларини кенг намоён қилишлари учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2017 йилда иш бошлаган. 216 ўқувчи ўрнига мўлжалланган мактабда бугунги кунда 10 та синфда 203 нафар ўғил-қиз таълим олади. Ёшларга 33 нафар юқори малакали ўқитувчилар томонидан интерактив тарзда чуқурлаштирилган билим берилмоқда.

Мактабда ўқиш бепул, ўқувчилар 5 маҳал иссиқ овқат билан таъминланган. Шинам ётоқхона, барча қулайликларга эга спорт зали ва ошхона эртамиз эгалари ихтиёрида. Таълим масканида 24 та фан, 7 та спорт ва бошқа турдаги тўгараклар фаолият кўрсатади.

Бир қатор ижодкор ўқувчиларнинг китоби нашрдан чиқди. 10-синф ўқувчиси Аниса Каримбаеванинг «Энг зўр совға», «Менинг қишлоғим», Гулниса Асаматдинованинг «Доно отам», Айнур Мирзабоеванинг «Акамнинг зўр совғаси», Муқаддас Кобейсинованинг «Мен баҳорни соғиндим», Гулдана Қидирбоеванинг «Қушга озор берма» каби шеърий ва насрий тўпламлари шулар жумласидандир.

Ушбу мактабда пухта билим эгаллаб, хорижий университетларда таҳсилни давом эттираётганлар ҳам талайгина. Масалан, 2020-2021 ўқув йилида Райҳон Бахтибоева Корея Республикаси университетининг талабаси бўлди. 2021/2022 ўқув йилида мактабни 41 ўқувчи битирган бўлса, шулардан 28 нафари маҳаллий олий таълим муассасаларининг талабалари бўлишди, 2 нафар ўқувчи — Ажинияз Атаниязов ва Гулжамол Успанова АҚШнинг олий таълим берувчи университетларида таҳсил олмоқда.

Бу ютуқлар ўз-ўзидан қўлга киритилган эмас. Мазкур мактабга бориб, шуни англадикки, барча ўқувчи ҳар бир сабоқни меҳр билан тинглар экан. Шунчаки, номига келиб-кетиш, дарс қолдириш улар учун тамоман бегона. Қўлига қалам олиб, оппоқ қоғозга ўзларининг қалбидек беғубор сўзларни битаётган, ҳар икки сўзининг бирида Онага, бирида Ватанга эҳтиромини билдираётган бу навқирон авлод шу азиз диёрга ўз волидасига хизмат қилгандек ҳар бир ишга шай туриши муқаррар.

Ишонч билан шундай дейишимизга асос бор. Дастлаб ўқувчилардан беш-олтитасини суҳбатга чорлаб, амин бўлдикки, ижод мактаблари бекорга очилмаган. Эркин ва ижодий муҳит, бадастир шароит, етук ва малакали устозлар ўқувчилар истеъдодини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунинг учун ҳам қай бир ўқувчи билан гаплашмайлик, уларнинг теран мулоҳазасини эшитиб, ҳайратландик. Балки буниси тайёргарлик кўргандир, деб бошқа ўқувчини гапга тутамиз. Яна ўша ҳолат, яна ўша ҳайрат: билдикки, уларнинг бари шундай, уларнинг бори шундай.

— Пана-панада, ҳеч кимга билдирмай қўшиқ айтардим (Қорақалпоғистонда шеърни қўшиқ дейишади), — дейди Чимбой туманилик Бийбираба Мавлонова. — Бир куни ошхонада «қўлга тушдим». Онам мени эшитиб турган экан. Жуда уялдим. Лекин онам: «Уялма, ижод қилиш ҳар кимга ҳам насиб қилмайди», дея менга далда берди. Кейин қўлимдан етаклаб шу мактабга олиб келди. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, ўқишни бошладим. Бу ердаги устозларнинг бизга меҳр билан бераётган улкан сабоғидан жуда хурсандман. Онам бир далда бериб, ижодга ундаган бўлса, ўқитувчиларим ҳар куни ўнта далда беришади. Кечагина фақат қорақалпоқ тилида шеър ёзган бўлсам, бугун ўзбек ва инглиз тилларида ҳам бемалол ижод қила оламан.

Бийбираба шундай дея бизга «Баҳорни соғиниб» деган шеърини ўқиб беради:

Барча дардларимни шеърга ўхшатсам,

Бир сокин мусиқа тингласам яна,

Қолсам ўзим ёлғиз ёмғир остида,

Қўшиқ айтар эдим юракдан ёна.

Баҳор — янгиланиш-покланиш фасли,

Лекин янгилама дардларимни сен.

Янгила, тузатгин ярадор қалбни,

Бўлсин, одамларнинг юрак бағри кенг.

Ўзини мактабнинг 9-синф ўқувчиси Самад Абдурайимов деб таништирган йигитчанинг сўзларини эшитиб, унинг кўп китоб ўқишига, айниқса, мумтоз шоирлар ҳаёти ва ижодига қизиқиши катта эканлигига ишонч ҳосил қилдик.

— Бобокалон шоиримиз Алишер Навоийнинг ҳаёти, болалик йиллари, ўсмирлиги, давлат арбоби бўлган пайтидаги фаолиятини ўрганиш жону дилим, — дейди у. — Шеърият султонини яқиндан билган тарихчи Хондамирнинг ёзганларини, айниқса, ўзгача мароқ билан мутолаа қиламан. Хондамирнинг гувоҳлик беришича, Алишер Навоий илмга кўнгил қўйган ўша замон ёшларини ўқитиш учун махсус мактаблар очган, яхши ўқиганларни рағбатлантирган, олисдан келиб ўқийдиганларни эса турар жой билан таъминлаган. Яна қанчадан-қанча мискину ғарибларга доим ёрдам бериб турган. Бу каби маълумотларни ўқиб, ҳайратланаман. Ахир, бобомиз уммон қадар ижодий асарлар битишдан ортиб бу савоб ишларга қандай улгурган?! Яна ҳайратим шундаки, Навоий бобомиз бошлаган хайрли ишлар бугун давом этмоқда. Биз ўқиётган мактабнинг очилиши, бу ерда ёшларга ҳамма шароит қилиб берилиши фикрим исботи. Ўтмишда маърифатга ташна йигит-қизларни ҳазрат Навоий қўллаган бўлса, бугун бизнинг бошимизни Президентимиз силамоқда.

Мана шундай мулоҳаза ва мушоҳадага чорловчи фикрларини айтиб бераётган ёш авлод билан мириқиб суҳбатлашиб, сирлашиб, шеърлашиб ўтирганимизда, ёнимизга мактаб директори Руслан Ташимов кириб келди. Ундан бу ўқувчиларни танлаб олганмисиз, десак, директор:

— Буларнинг ҳаммаси шунақа! — дейди фахр ва ғурур билан. — Очиғи, ҳозир Самаднинг гаплари бўлинмаслиги учун йўлакда туриб эшитдим. Тўғри айтди. Энди мен ҳам бу ҳудудда яшайдиган одамларнинг юрагидаги бир гапни айтай: давлатимиз раҳбарининг биз, қорақалпоғистонликларга меҳру муҳаббати юксак. Бир галги ташрифлари чоғида Чимбой туманида бўлиб, бошқа кўп масалалар қатори Ибройим Юсупов ижодини ўрганиш ҳақида ҳам тўхталган эди. Ўз фикрларини баён этиш жараёнида у киши: «Кўнгил кўнгилдан сув ичар» дея Ибройим Юсуповнинг сатрларини айтиб, мана шу мактаб фаолиятини йўлга қўйишни таъкидлади. Орадан кўп фурсат ўтмай, мактаб ишга тушди. Бугун бу ерда тарбияланаётган фарзандларимиз эртага юртимизнинг суянчи, ишончи бўлади. Улар учун нимаики зарур бўлса, ҳаммаси тўла-тўкис муҳайё қилинган. Энди улар бу ғамхўрликларга жавобан фақат яхши ўқиши, ижод қилиши керак.

— Биз буларнинг ёшида бундай шароитни ҳавас ҳам қилолмасдик, — дея суҳбатга қўшилади, — мактаб директорининг ихтисослик фанлари бўйича ўринбосари Зулфия Сатбаева. — Етарли шароит у ёқда турсин, оддий дарсларимизни соғиниб юрардик. Чунки сентябрь ўрталаридан декабргача пахта далаларида сарсон эдик. Январь ва февраль ойида озгина ўқиб, баҳордан яна далага кетардик. Ҳозир бу гапларни айтсам, ўқувчилар ишонмайди. Майли, у кунлар бугунги авлод учун эртакдек бўлиб ўтмишда қолгани рост бўлсин. Гап шундаки, бу кунларнинг қадрига етинглар, деб кўп айтаман. Рости, ўзим ҳам шеър ёзаман. Ўқувчилик пайтларимизда бировга шеър ёздим, деб айтишга уялардик. Энди эса қаранг, ким шеър ёзса эъзозда, ким китоб ўқиса, рағбатда. Ўқитувчи ўқитсин, ўқувчи ўқисин, дейиляпти. Ҳар ким ўз ишини қилиши учун барча шароит ҳозирланмоқда. Бундай гўзал имконият ва давр учун раҳмат айтмаслик, миннатдорлик билдирмаслик мумкин эмас. Етиб бўлмас орзуларимизни рўёбга чиқараётган Президентимизга мингдан-минг ташаккурлар!

Зулфия опанинг айтганича бор. Негаки, «мактаб ошхонаси» деган тушунчани бир неча авлод унутиш даражаси етганда, бу мактабдаги ўқувчилар овқатланадиган жойни кўриб, ҳавас қилдик. Таомноманинг хилма-хиллиги эса иштаҳани қитиқлайди: балиқдан тортиб кабобгача, айрондан тортиб қимронгача бор экан. Озода ва ораста стол-стуллар, коса ва пиёлалар, гард қўнмаган сочиқчаларни кўриб, бугунги навқирон авлоднинг пешонаси ростдан ҳам ярқираган, деган ўй ўтади кўнгилдан.

Ошхонадан чиққанимизда, танаффус бўлиб қолди. Катта фойега қўйилган доска ёнига дув этиб йиғилган ўқувчиларни кўриб, ҳамроҳимиз —Зулфия Сатбаевага саволомуз қараймиз.

— Томоша қилинг, кузатинг, — дейди у киши.

Кузатдик: мониторда улуғ ижодкорлар сиймоси гавдалантирилган суратлар пайдо бўлади. Ўқитувчи улардан бирининг, масалан, Лутфий ёки Махтумқулининг бирор сатрини ўқийди. Бу сатрлар кимники, дея савол беради. Ҳамма қўл кўтариб турибди. Ўқувчилардан бирига жавоб учун изн берилади, ўқувчи муаллифни айтади ва ўзи ҳам ўша ижодкордан шеър ёки ғазал ўқийди.

Танаффусдаги бу сабоқни кузатиш чиндан ҳам қизиқарли эди. Ижод мактабининг ўзига хос хусусияти ва жиҳати ҳам шундай бўлиши керак: у бошқа мактаблардан ажралиб туриши даркор. Шу нуқтаи назардан қараганда, бу даргоҳда танаффуснинг ўзи йўқ экан, деган фикрга келдик. Зотан, илм ўрганишда, ижод қилишда узилиш бўлмаслиги, танаффусга эҳтиёж туғилмаслиги айни муддао эмасми?!

Таълим даргоҳида миллий мусиқа асбоблари билан жиҳозланган хона ҳам бор экан. У ҳар қандай меҳмоннинг эътиборини тортиши турган гап. Зеро, ота-боболаримиз азалдан куй-навога ошуфта бўлишган. Ҳар бир хонадонда, албатта, бирор чолғу осиғлик турган. Мактаб ўқувчилари ўқиш ва ижоддан ташқари соз чалишни ҳам ўрганишаётгани янада қувонарли. Худди шунингдек, мактабда сурат чизишга иштиёқи баланд ёшлар ҳам кўп эканки, улар учун яна алоҳида машқ хонаси ташкил этилган. Суратларни кўздан кечираётиб, улардан бири эътиборимизни тортди. Ушбу сурат Ибройим Юсуповнинг «Чимбой йўлларида» деб номланган шеъри таъсирида чизилган. Мактабнинг 10-синф ўқувчиси Аниса Каримбоеванинг сурати шеър руҳиятини тасвирда изоҳлагандек таассурот қолдиради.

Айтишларича, Ибройим оға болаликда Чимбойнинг тор ва тупроқ йўлларидан кетаётганда, отнинг тақасини топиб олади. Тақани олиб, уйига қайтган бола онасига бўлган воқеани айтади. Она тақани қўлга олиб: «Келажакда отли бўларкансан, омадинг куларкан, пешонанг ёруғ экан», дея кўзига ёш олади. Орадан йиллар ўтиб, ёш боланинг етук ижодкор бўлиб етишиши, юрт қаҳрамони бўлиши, унинг номида махсус мактаб фаолият юритиши онаизорнинг ўша қувонч ила айтган сўзларининг тасдиғи эмасми?! Анисанинг сурати ўша воқеанинг бўёқли тасвиридир.

Гап Ибройим Юсуповнинг «Чимбой йўлларида» деган шеъри ва унга ишланган сурат ҳақида борар экан, мактабнинг 11-синф ўқувчиси Дилноза Жуманазарова қаламига мансуб мана бу тўрт қатор шеърни келтиришни жоиз билдик:

...Сен тонгни куйлагин қувониб, жўшиб,

Қора зулмат ичида бир нурдир иймон.

Ёлғизлик ҳукмидан беркиниб, қочиб,

Ўзингнинг ўрнингни топарсан инсон...

Вақт кутиб турмайди. У бир зумда ўтади-кетади, аммо ана шу шошқин фурсатлардан унумли фойдаланишни билганлар асло ютқазмайди. Одамларга яхшилик қилишни ўйлайди. Ватанга хизмат қилганлар номини улуғлайди, шарафлайди. Бинобарин, бугун мамлакат дилбандларини асраб-авайлаётган, уларга катта ишонч билдираётган, китоб ўқинглар, мусиқа чалишни ўрганинглар, ижод қилинглар, ихтиролар ҳақида ўйланглар, деб бу мақсад йўлида ёшларимиз учун бутун дунё аҳли ҳавас қилса арзийдиган имконият яратиб берган Президентимизнинг хайрли ишлари замирида энг буюк шиор — ИНСОН ҚАДРИни улуғлаш мужассам. Қадри улуғланган инсон ўзида тенгсиз куч топади, меҳрдан, мурувватдан юксалади. Ибройим Юсупов айтганидек:

Кийиклар сув ичар сойдан,
Ўрдак, ғоз кўлдан сув ичар.
Хўш, одамнинг кўнгли қайдан?
Кўнгил кўнгилдан сув ичар.
Кўрдим оққуш ўйинларин,
Уйқалашиб бўйинларин,
Соғингандай ошиқ ёрин.
Кўнгил кўнгилдан сув ичар.
Отлар гулдур-гулдур кишнаб,
Чарх урар уюрин излаб,
Қўйлар маъраб, бўта бўзлаб,
Кўнгил кўнгилдан сув ичар.
Дарёлар денгизга шошиб,
Чопади мавж уриб, тошиб.
Йўллар йўлларга туташиб,
Кўнгил кўнгилдан сув ичар.
Олисдаги Асқар тоғлар,
Бир-бирини кўрмак бўлар,
Шу сабабли юксак улар,
Кўнгил кўнгилдан сув ичар...

 

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Тошкент — Нукус — Тошкент

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер