Ижод мактаби — Ибрат мактаби
Марғилон шаҳрида жойлашган Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида «Ижод мактаби — ибрат мактаби» мавзусида тадбир ўтказилди.
Юзма-юз мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбарлари, таниқли ёзувчи ва шоирлар, журналист ва блогерлар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Тадбир доирасида ташкил этилган матбуот анжуманида журналист ва блогерларнинг мактаб фаолияти, ўқувчилар эришаётган ютуқлар, шунингдек, республикамиздаги 4 та Президент, 3 та ихтисослаштирилган ва 9 та Ижод мактаблари билан ўзаро ҳамкорлик самаралари ҳақидаги саволларига жавоб берилди.
Айни пайтда 134 нафар ижодкор ўқувчилар таҳсил олаётган мазкур даргоҳда ихтисослаштирилган фанлар билан бирга умумтаълим фанлари ва факультатив машғулотлар ўтилади. Ёшларнинг бир нечта хорижий тилларни мукаммал ўрганиши учун олий ўқув юртлари ва халқаро таълимнинг муқобил дастурлари асосида сабоқ берилади.
«Буюк элга энди даҳолар керак» мавзусидаги шеърият, мумтоз адабиёт, бадиий таржима, болалар адабиёти ва драматургия адабий тўгараклари аъзоларининг чиқишлари йиғилганлар олқишига сазовор бўлди. Ўқувчилар Эркин Воҳидов шеърларининг инглиз, турк, қирғиз, қозоқ, тожик ва араб тилларидаги таржималарини ўқидилар.
-Ижод мактабининг илмга, адабиётга ихлосманд ўқувчилари тимсолида давлатимиз раҳбари ишонган янги авлод -Учинчи Ренессанснинг эртанги бунёдкорларини кўргандай бўлдик, -деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров. – Бу навниҳол, истеъдодли ўғил-қизларимизнинг ўзи дуру гавҳар, уларга янада сайқал бериб, маҳоратини ўстираётган, катта ижод майдонига тайёрлаётган маскандан умидимиз катта.
Тадбир сўнггида республика кўрик-танловлари, фан олимпиадалари ғолиблигини қўлга киритган, фаол ва китобхон ўқувчилар, маҳоратли устозлар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг