Ижара, трансфер, Гвардиола билан келишмовчилик... Ҳусанов нега асосий таркибда эмас — Даврон Файзиев футболчининг яқинлари билан боғланганини маълум қилди

14:38 23 Апрель 2025 Спорт
271 0

Англиянинг «Манчестер Сити» ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов «шаҳарликлар» таркибида сўнгги 4 ўйиндан буён захирада қолмоқда. Бу ҳолат кўплаб футбол мухлислари ҳамда мутахассисларнинг турли хавотирларига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси маркетинг ва медиа бўлими бошлиғи Даврон Файзиев мазкур масалада футболчининг яқинлари билан боғланганини маълум қилди.

«Аслида нима бўляпти? Биринчи навбатда айтиб ўтаман, Гвардиола билан ҳеч қандай шахсий ва профессионал даражада зиддият йўқ. Аксинча, Пеп машғулотларда доимий тарзда унга эътибор қилади, позицияси бўйича тактик кўрсатмалар беради. Ишончи сўнмаган. Жисмоний жиҳатдан ҳам Ҳусановда ҳозир муаммо, пасайиш йўқ. Ўйинларда тушмаётганига сабаб — соғлом рақобат.

Яна бир ёш ҳимоячи Нико ОʼРайли чап қанотда кетма-кет учрашувларда голлар ва ассистлар қайд этгач, Йошко Гвардиол марказга ўтказилди. Диаш лидер сифатида марказий ўнг ҳимоячи сифатида ҳаракат қилмоқда. Пеп шу вариантни қўллагач «Манчестер Сити» қаторасига ютишни бошлади. Нафақат Гвардиола, аксарият мураббийлар натижа бўлиб турган жойда ротация қилмайди. Айниқса ҳимояда.

Қолаверса мавсум якунида «Манчестер Сити»нинг йўқотадиган ҳар битта очкоси чемпионлар лигасидан маҳрум қилиши мумкин. Бугун ютса ва ҳимоя яхши ўйнаса эртага яна шулар тушади. Бу нормал жараён.

Абдуқодир Ҳусановда ҳали имкон бўлади, ишонинг. Ўзининг ёндашуви позитив, пайт пойлаяпти. Фейк хабарларни ўқиб қолса балки кайфияти бироз бузилиши мумкин, лекин у ўқимайди. Сиз ҳам фақат ишончли манбаларни кузатинг», — деб ёзади Даврон Файзиев.

Аввалроқ турли матбуот нашрларида «шаҳарликлар» кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши учун Ҳусановни ижарага бермоқчи эканлиги ҳақида хабарлар кенг тарқалган эди.

Жумладан, Италиянинг «Lalazia» нашри ўзбекистонлик марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов фаолиятини Италияда давом эттириши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда.

Унда айтилишича, Италиянинг «Ювентус» клуби доимий захирада қолаётган 21 ёшли ҳимоячини ижара асосида таркибига қўшиб олишга ҳаракат қилмоқда. Қўшимча қилинишича, «Манчестер Сити» раҳбарияти ҳам футболчи кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши учун бошқа жамоага ижара асосида тўп суришига қаршилик қилмайди.

Ҳозирда «Ювентус» клуби ҳимоя чизиғини мустаҳкамлаш мақсадида ижара асосида жамоа сафига қўшиб олиши мумкин бўлган бир қанча футболчиларни кузатмоқда. Улар орасида Абдуқодир Ҳусанов ҳам бор ва ҳимоячи Турин жамоасига фойдали бўлиши мумкин дея баҳоланмоқда.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов қишки трансфер ойнасида Франциянинг «Ланс» клубидан «Манчестер Сити» таркибига 40 миллион евро эвазига кўчиб ўтган эди. Ҳусанов ҳозирга қадар «шаҳарликлар» таркибида 9 та учрашувда майдонга тушиб, 1 гол киритишга муваффақ бўлган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?