Истироҳат боғининг аянчли аҳволи...

11:12 04 Март 2025 Жамият
125 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона туманининг табиати сўлим, хушманзара қишлоқлари, ажойиб ҳордиқ масканлари вилоят номи билан аталувчи ушбу ҳудуднинг ўзига хос ташриф қоғозидир. Туманнинг кўҳна тарихи солномасида битта марварид бўлган ҳамда ўз бағрида миллий қадрият ва анъаналаримизни асраб-авайлаб келаётган «Чинортаги» маданият ва истироҳат боғи яқин йилларгача вилоятнинг машҳур дам олиш масканларидан бири сифатида эътироф этилар эди. Афсуски, кейинги йилларда ушбу файзли боғ кўз ўнгимизда нураб, тўкилиб бормоқда.

Туман маркази – Водил қишлоғида жойлашган ва 3,5 гектар майдондан иборат истироҳат боғи узоқ йиллар давомида туман аҳли учун турли байрам тадбирлари, учрашувлар ўтказиш, ширин дийдор онлари учун қадрдон маскан вазифасини бажариб келмоқда. Айниқса, Наврўз байрами, халқ сайиллари, миллий спорт ўйинлари ва томошалари пайтида боғ жуда ҳам гавжум бўлиб кетади. Боғ ҳудудидаги Оталар чойхонаси нуронийларнинг севимли маскани, бир пиёла чой устидаги мароқли суҳбатларнинг гашти бошқача. Аммо сўнгги йилларда бу масканда меҳмонлар, дам олишга келувчилар тобора камайиб бораётгани айни ҳақиқатдир.

Бир пайтлар Шоҳимардон марказидаги дам олишга мўлжалланган жойлар ҳам мазкур боғ тасарруфида бўлган эди. Пурвиқор тоғлар бағридаги Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларига ошиқувчилар аввал «Чинортаги»даги Хўжа Аҳмад Валий ёдгорлигини зиёрат қилиб, минг йиллик чинорлар томошасидан ҳайратланиб, сўнг яна йўлида давом этиб кетарди. Боғдаги тилга тушган чойхонада бир чўқим ош ейиш учун ҳатто кунлаб навбат кутиларди. Бугун у кунлар ўтмиш, тушга айланган...

— Асосан ёзги мавсумда уч ой фаолият кўрсатамиз. Ўтган йили ҳам ёзда уч ой ишлаб, давлат ғазнасига 30 миллион сўм маблағ топширдик, —дейди «Чинортаги» маданият ва истироҳат боғи раҳбари Адҳамжон Маллаев. — Йилнинг қолган даврида эса боғ ҳудуди деярли бўм-бўш, ҳувуллаб ётади. Айни пайтда атиги иккита – раҳбар ва бош ҳисобчи штати мавжуд бўлиб, боғ маъмурияти бир пайтлар фотостудия бўлган битта хонада жон сақлаймиз. Ёзда иссиқ, қишда совуқ бўладиган мазкур эски бинода рисоладагидек ишлашнинг имкони йўқ.

Боғ ҳудудида фаолият кўрсатаётган 8 та аттракционнинг баъзилари бундан салкам 40 йил олдин олиб келинган. Техника хавфсизлиги, хизмат кўрсатиш сифати талабга жавоб бермайди. Уларнинг атрофидаги ҳимоя тўсиқлари вазифасини бажараётган темир панжаралар ниҳоятда эски. Дам олувчилар ўтиши мумкин бўлмаган хавфли ҳудудлар қурилиш буюмлари ёрдамида оддий, қўлбола усулда тўсиб қўйилган.

Аслида бир қарашдаёқ боғ аллақачон мукаммал таъмирга муҳтож эканлигини англаб олиш қийин эмас. Боғ ҳудуди бўйлаб айлансангиз, чиқинди қутиларига кўзингиз тушмайди. Шу боис ариқлар, йўлаклардаги хунук манзара кайфиятни бузади. Орасталик ва озодалик бўлмаган жойда эса файз-барака бўлмаслиги аниқ. Атрофдаги бундан 63 йил олдин қурилган, маънан эскиргани учун Реновация дастурига тушган 3 та икки қаватли уйлар ҳам боғ манзарасини бузадиган кўринишлар сирасига киради.

Бош ҳисобчи Арофат Маллабоеванинг маълум қилишича, боғ ҳудудида 750 тупга яқин чинор, сосна, бақатерак дарахтлари бор. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида сўнгги йилларда янги манзарали дарахтлар экиляпти, лекин кўкариб кетмаяпти. Назаримизда, янги дарахт экиш юмушлари шунчаки расмиятчилик учун эмас, меҳр билан ва сидқидилдан бажарилиши зарур. Шу боис ҳудуднинг табиий иқлим шароитини ўрганиш учун экология соҳаси мутахассисларини жалб этиш керак. Бўш майдонларга мавсумий гуллар экиш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари ҳам кўнгилдагидек эмас. Ваҳоланки, йилнинг тўрт фаслида ҳам ариқларда зилол сув оқади.

Меҳнат фахрийси, туман тарихини пухта ўрганган собиқ тарих фани ўқитувчиси Холдорали Қулфиддинов ўн йилдан ортиқ вақт давомида боғ ҳудудида мўъжазгина музей ташкил қилиб, баҳоли қудрат тарихий экспонатлар ва маълумотлар йиғиш билан шуғулланиб келмоқда. Аммо узоқ йиллар мобайнида фахрий ўқитувчи бу жойни Фарғона вилояти тарихи ва маданияти музейи филиалига айлантириш орзусини амалга ошира олмаяпти. Тўғри, бу маблағ ва бошқа ташкилий ишлар билан боғлиқ масала. Лекин битта туман миқёсида кичик бир музей фаолиятини юритиш учун наҳотки маблағ бўлмаса?

Бор, албатта. Фақат қунт, ҳафсала, беғараз қўллаб-қувватлаш йўқ.

Боғда собиқ иттифоқ даврида меҳнати туфайли довруқ қозонган Ҳамроқул Турсунқуловга ўрнатилган ҳайкал бор. Бироқ ҳайкал дарахтлар ортида деярли кўзга ташланмайди, бориб зиёрат қилишга бир йўлак йўқ. Атрофини обод қилиш, гулу райҳонлар экиш, иккита ўриндиқ ўрнатиш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Бундай манзарага кўзи тушган одамнинг, айниқса, ёшларнинг юрт қаҳрамонлари борасидаги тасаввури ёмон томонга ўзгариши мумкин.

Туман ҳокимлиги мутасаддиларининг маълум қилишича, бевосита Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан жорий йилда истироҳат боғи ҳудудида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилди. Шу кунларда боғнинг асосий киравериш дарвозасидан бошлаб пиёдалар йўлакларини янгилаш ишларига киришилди. 10 га яқин ноқонуний қурилмалар бузиб ташланди.

Мухтасар айтганда, аянчли ва абгор ҳолатга тушиб қолган истироҳат боғи янгиланиш ҳамда ўзгаришларга муҳтож. Ишонамизки, бу борада режалаштирилган ишлар якунига етказилади ҳамда Фарғона туманининг туризм манзилларидан бири бўлган «Чинортаги» маданият ва истироҳат боғи яқин вақт ичида бугунги даврга мос кўринишга эга бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер