Истиқлол — юксак марралар, буюк мақсадлар сари илҳомлантирувчи куч

11:07 27 Август 2025 Сиёсат
141 0

Танзила НОРБОЕВА, Олий Мажлис Сенати Раиси

Барчамиз энг улуғ, энг азиз байрамимизни ҳар йилгидан-да кўтаринки руҳда нишонлаш тадоригидамиз. Эл-юртимиз учун қадр-қиммати чексиз, аҳамияти улуғ, бебаҳо неъмат бўлган мустақиллик тантаналарини меҳнат ютуқлари, ўзига хос туҳфалар, улкан бунёдкорлик ва яратувчанлик билан нишонлаш эзгу анъанага айланган. Беадад шукрки, мустақиллигимизнинг 34 йиллиги ҳам кўпдан-кўп хушхабарлар, янгиликлар, беқиёс ўзгаришлар билан кутиб олинмоқда. Янги Ўзбекистоннинг бугунги жадал тараққиёти, жаҳон майдонидаги тобора ортиб бораётган обрў-эътибори янада юксак пардаларда тараннум этилмоқда.

Шиддатли ислоҳотларнинг янги тўлқини

Инсоннинг эртанги кунга бўлган ишончи, қувончу ширин ташвишлари, интилишлари замирида аслида Ватанга бўлган муҳаббат ётади. Дуоларимизнинг ҳар бирида бежизга “Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин”, деб айтмаймиз-да. Чунки Ватан — бу ота юрт, аждодлар мероси, ота-онанг излари қолган кўчалар, илк баҳорни таниган, варрак учирган кенгликларинг...

Ватан — бу миллийлик, ўзлик, маънавият ва хотираларнинг жамламасидир. Шу сабабли ҳам ҳар бир инсон учун она Ватаннинг эркинлиги ва ободлиги энг олий қадриятдир.

Мустақиллик, аввало, халқимизни ана шу бахтга муяссар этди. У бизга ўзимиз хоҳлагандек адолатли, демократик, инсонпарвар жамият қуриш, ўз миллий давлатчилигимизни ривожлантиришга имконият яратди.

Яна саноқли кунлардан кейин ана шу қутлуғ сананинг 34 йиллигини улкан шодиёна сифатида кенг нишонлаймиз. Байрам арафасида босиб ўтган йўлимиз, амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қилиб, бугунги ютуқ ва марраларни кўз ўнгимиздан ўтказишимиз табиий.

“Янги Ўзбекистон” иборасини эшитганда, энг аввало, янгича иқтисодий муносабатлар, янгича иқтисодий дунёқараш, янгича иқтисодий дипломатия, янги ютуқлар кўз олдимизда гавдаланади. Кейинги бир неча йилда мамлакатда қанча ўзгариш, янгиланиш бўлгани ҳақида соатлаб, ҳатто кунлаб гапириш мумкин.

Узоққа бормайлик, бундан 7-8 йил олдинги ҳолатни кўз олдингизга келтиринг: одамларимизни хорижий валюталарни сотиб олиш, инвестицион муҳитнинг яхши эмаслиги, фуқароликка эга бўлиш, киши ўзи хоҳлаган ҳудуддан уй-жой ва мол-мулк сотиб олиш ҳуқуқи ҳамда пойтахтга рўйхатга қўйиш билан боғлиқ қатор муаммолар йиллар давомида қийнаб келгани рост.

Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли бугун фуқароларнинг бу борадаги муаммоларига барҳам берилди, ташвишлари ариди.

Яқин ўтмишгача мамлакатимиз иқтисодиёти, асосан, хомашё савдосига боғланиб қолган эди. Бугун эса юқори технологияли саноат, замонавий аграр тармоқ, хизмат кўрсатиш каби соҳалар иқтисодиётнинг асосий драйверларига айланди, ахборот технологиялари соҳаси жадаллик билан ривожланмоқда.

Биргина мисол: сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг шахсан ташаббуси билан пахта яккаҳокимлигига бутунлай барҳам берилди, пахтачилик тармоғи тубдан қайта ташкил этилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга кластер тизими жорий қилингани қисқа муддатда бу соҳада ижобий натижаларга эришиш имконини берди. Даладан бошлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ жараён узлуксиз тизим асосида йўлга қўйилди.

Тўқимачилик саноати деярли нолдан қайта шакллантирилди. Бугун 6 мингдан зиёд мана шундай ишлаб чиқариш корхоналарида 570 мингдан ортиқ одамлар иш билан банд. Ишлаб чиқариш ҳажми эса бундан саккиз йил олдингига нисбатан 4,2 баравар ортиб, 8,2 млрд. долларга етди (эсингиздами, бундан ўн йил илгари биз пахта хомашёсини сотишдан жами бўлиб бир миллиардга етар-етмас даромад қилар эдик). Экспорт 3,1 млрд. долларни ташкил этди. Энг муҳими, бу ўзгаришлар минглаб одамларни иш билан муқим таъминлаш имконини берди. Ўзбекистон эса тайёр маҳсулот сотувчи саноат мамлакатига айланди.

Биз биргина соҳадаги янгиланишларни иқтисодий манфаатдорлик нуқтаи назаридан таҳлил қилдик, холос. Бунинг ижтимоий аҳамияти ҳам кам эмас. Шу ўринда мажбурий меҳнатга қарши фаол кураш олиб борилгани, натижада ўқитувчилар, шифокорлар ва талабалар турли дала ишларига сафарбар қилинишига буткул чек қўйилганини айтиб ўтиш зарур.

Бундай туб ўзгаришларни бугун барча соҳалар мисолида келтириш мумкин. Албатта, буларнинг барчаси Президентимиз томонидан қўйилган Ўзбекистонни ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан чинакам мустақил, кучли ҳамда тенглар ичра тенг буюк давлатга айлантиришдек улуғвор мақсад йўлида ташланаётган салмоқли одимлардир.

2016 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажми жиҳатидан дунёдаги 195 давлат орасида 71-ўринни эгаллаган. 2024 йил якунларига кўра, ЯИМ 115 млрд. долларга етди ва Ўзбекистон глобал рўйхатда 62-ўринни эгаллади. Бу саккиз йилда иқтисодиёт реал ҳажми 1,6 баробар ўсганини кўрсатмоқда.

Турли низо ва зиддиятлар туфайли жаҳон иқтисодиёти ғоят мураккаб даврни бошидан ўтказаётган бир вақтда, прагматик ва проактив сиёсат туфайли бу йил биринчи ярим йилликда иқтисодиётимиз 7,2 фоиз ўсди.

Хусусий мулкка муносабатнинг тубдан ўзгаргани, унга кенг йўл очилгани иқтисодий ислоҳотлар натижадорлигини таъминлашда энг асосий омил бўлаётгани ҳам айни ҳақиқат. Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор натижасида сўнгги беш йилда кичик ва ўрта тадбиркорлар сони икки бараварга кўпайди. Иқтисодиёт ҳажмининг ярмидан кўпи, саноат маҳсулоти ва экспортнинг учдан бир қисми кичик ва ўрта бизнес субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида аҳолининг умумий даромадидаги тадбиркорлик улуши 57 фоизни ташкил этган. Албатта, бу рақамлар тадбиркорлик ривожи нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ҳаётимизга ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатишини яққол исботлаб турибди.

Яқинда Президентимиз, анъанага кўра, тадбиркорлар билан бешинчи марта учрашди. Анжуманда бизнесни “соя”дан чиқаришни рағбатлантириш, якка тартибдаги тадбиркорларга ҳар томонлама кўмаклашиш, хусусан, ижобий натижаларга эришаётган тадбиркорлик субъект­ларига солиқ ҳамда божхона имтиёзлари каби кўплаб янгиликлар эълон қилинди. Бир сўз билан айтганда, давлат ва бизнес ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келаётган мулоқотларнинг бу галгиси ҳам ишбилармонларга маррани янада баланд олишлари учун янгича куч бағишлади.

Халқимиз манфаати учун айтилган ҳар бир гап тез фурсатда амалга кўчди, давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга ўша куниёқ имзо чекди. Унда яқин икки йилда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, зарур молиявий ва инфратузилмавий шароитлар, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда қулайликлар яратиш ва туризмни ривожлантириш, солиқ тўловчиларни рағбатлантириш каби йўналишларда муҳим чора-тадбирлар белгиланди.

Шу ўринда Фармонда назарда тутилган янги қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилишида парламент, хусусан, Сенат ҳам фаол иш олиб бормоқда.

Халқ билан мулоқот — фаолиятимизнинг асосий мезони

“Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган — шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам — шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ. Шундай экан, биз биринчи навбатда ким билан мулоқот қилишимиз керак — одамларимиз билан. Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак — аввало халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади. Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади”.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 14 декабрида Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида шу сўзларни айтганида барчамизнинг кўнглимиз равшан тортган эди. Ҳақиқатан ҳам, давлат раҳбари ишни халқ кўнглига йўл топишдан бошлади. Аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиб, дардини эшитди. Одамларни қийнаётган муаммоларни уйма-уй, хонадонма-хонадон кириб аниқлаш тизимини йўлга қўйди.

Узоқни кўзлаб белгиланган мақсад ва вазифаларнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-институционал асослари яратилди. Халқнинг оғирини енгил қилиш, одамларни ўйлантираётган, ташвишга солаётган масалаларни вақтида самарали ечиш, ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди.

Ҳа, бугун барча даражадаги раҳбарлар, жумладан, депутат ва сенаторлар бежиз қуйи бўғинга, маҳалла даражасига тушиб, аҳоли билан бевосита учрашиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этишга уринишмаяпти.

Бундан ташқари, 2017 йил мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилинди. Унинг дастурига халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилади, деган тамойил асос қилиб олинди.

Очиғи, узоқ йиллар давомида халқ билан раҳбарлар ўртасидаги мулоқотлар сустлашиб, қоғоз тўлдириш, жадваллар ясаш билангина шуғулланадиган мутасаддилар кўп эди. Фуқаролар турли ташкилотлар ўртасида йиллаб сарсон бўларди, идоралар эшиги ёнида ойлаб вақт ўтказарди. Оқибатда давлат органлари билан халқ ўртасидаги масофа анчагина узоқлашиб қолганди. Шунинг учун беписандлик ҳолатларига мутлақо чек қўйилди.

Мамлакатимиз раҳбари ислоҳотларни инсон ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришдан, халқ билан давлат ўртасига ишонч кўпригини ўрнатишдан бошлади. Бугун ана шундай кенг кўламли ишларни амалга ошириш учун раҳбарлар кабинетларидан чиқиб, бевосита пастга, маҳалла даражасига тушиб ишламоқда. Энг муҳими, ҳар бир ходим меҳнаткаш халқ, оддий одамларга яқинлашиб, уларнинг кўнглидаги гапларини ўзидан эшитмоқда.

Айниқса, бу ўринда халқдан ишонч олган, унинг вакили бўлган депутат ва сенаторлардаги масъулиятнинг юки бошқаларга нисбатан залварлироқ бўлиши зарур. Шундай экан, элимиз берган бу рутбани сийлов деб эмас, катта масъулият билиб, бизни сайлаган юртдошларимиз ишончини, ҳурматини қозона олишимиз керак.

Янги Ўзбекистонда бошланган кенг кўламли ислоҳотлар парламент юқори палатасида ҳам ўзгаришлар даврини бошлаб берди. Миллий парламент энг муҳим ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳаларга доир қарорлар қабул қилиш ҳамда уларнинг ижросини тўлақонли таъминлаш жараёнларида фаол иштирок этиб келмоқда.

Шу маънода, Сенат асосий эътиборни ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини мониторинг қилиш, бевосита мулоқотлар чоғида аҳоли томонидан айтилаётган муаммоларни ҳал этиш, айниқса, ижтимоий соҳани, хотин-қизлар, ёшлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлашга қаратиб, бу борада тегишли ижро органлари билан ҳамкорликда иш олиб бораётганини айтиб ўтиш мумкин.

Бу жараёнда мутасадди вазирлик, идоралар, маҳаллий бошқарув органлари фаолиятига баҳо бериш нуқтаи назаридан эмас, балки улар билан биргаликда мавжуд масалаларга самарали ечим топишга бирламчи эътибор қаратмоқдамиз.

Биз сўнгги йилларда парламент назоратини йўлга қўйиш борасидаги иш услубимизни тубдан ўзгартирдик. Ижро ҳокимияти вакиллари билан биргаликда мавжуд муаммоли масалаларни комплекс ёндашув асосида жойида ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб, пировардида уларнинг бажарилишига эришмоқдамиз.

Сенат аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Сенат девони ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурлар ҳамда Президентимиз ташрифи давомида берилган вазифалар ижросини ўрганиб бормоқда. Ўрганишлар натижалари Сенат Кенгашининг ҳудудларда ўтказилаётган сайёр мажлисларида масъул вазирлик ва идоралар вакиллари, вилоят, туман раҳбарлари иштирокида бафуржа муҳокама қилиниб, уларнинг ҳар бири учун алоҳида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда ҳамда ижроси мониторинг қилиб борилмоқда.

Президентимиз томонидан ҳудудларни ривожлантириш борасидаги дастурлар ижросини назорат қилиш, аҳоли муаммоларини дадил кўтариб чиқиш ҳамда уларнинг ҳал этилишида маҳаллий Кенгашлар таъсирчанлигини ошириш вазифаси олдимизга қўйилган эди. Биргаликда олиб бораётган фаолиятимиз давомида маҳаллий Кенгашлар мустақил равишда тегишли масалаларни ўрганиш, уларни Кенгаш мажлисларига олиб чиқиш ва ҳал этиш бўйича амалий чоралар белгилаш борасида анча тажриба орттирди.

Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат

Эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишига айланди. “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” деган тамойил Конституция даражасида мустаҳкамланди. “Ижтимоий давлат” тушунчаси “Инсон қадри” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, унинг туб негизида инсонни улуғлаш, халққа хизмат қилишдек олийжаноб мақсадлар ётади.

Ўтган қисқа даврда ижтимоий сиёсат йўналишида қабул қилинган қонунлар сони икки баробар кўпайди. Бу борада 1992 — 2016 йилларда 24 та қонун қабул қилинган бўлса, 2017 — 2024 йилларда бу кўрсаткич 44 тани ташкил этди. Давлат бюджетидан таълим ва тиббиёт соҳаcига ажратилган маблағлар сезиларли даражада кўпайди. Айтайлик, 2016 йилда мактабгача таълим қамрови 27 фоиз бўлган. 2025 йилга келиб, бу рақам 76 фоизга етди. Олий таълимга қамров 9 фоиздан 42 фоизга етди.

Тарихимизда илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқилди. 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугунга келиб 2 миллиондан ортиқ оилаларга кўмак берилмоқда. Ажратилаётган маблағ эса 7 баробар кўпайтирилиб, йилига 11 трлн. сўмга етди.

Кам даромадли оилалар фарзандларини парвариш қилиш бўйича нафақалар қамрови кенгайтирилди, нафақа тайинлашда ҳисобга олинган болаларнинг ёши 14 дан 18 ёшгача оширилди, мазкур тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача ҳамда нафақа миқдори ўртача 1,5 баробар кўпайди. 2022 йилдан бошлаб оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад минимал истеъмол харажатлари миқдоридан ошмаганда оила кам таъминланган, деб эътироф этилиши белгилаб қўйилди. Уларни аниқлаш ва манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими жорий қилинди, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар сони охирги уч йилда тўрт баробар ошиб, 1,9 миллионга етди.

Айнан Конституциямизга таянган ҳолда Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми бўлган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси қабул қилинди. Тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган 100 та мақсад доирасида Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар бошланди.

Айниқса, сўнгги саккиз йилда Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар самарасида ижтимоий-сиёсий манзара тубдан ўзгарди.

Рақамлар кесимида яна бир муҳим маълумотни келтириш ўринли, назаримизда. Юртимизда 2019 — 2024 йилларда 180 мингга яқин оилалар арзон уй-жой билан таъминланди. Аҳоли учун йўналтирилган ипотека кредити миқдори 4 баробар оширилди. Кам таъминланган оилалар учун коммунал субсидиялар, ижтимоий ипотека механизмлари жорий этилди. Булар, албатта, қисқа вақт ичида эришилган қатор ютуқларнинг кичик мисоли, холос.

Камбағалликка қарши катта ислоҳотлар

Ҳаёт бор экан, янгиланишга эҳтиёж сезилаверади. Йилдан-йилга кўпроқ эътибор қаратилаётган йўналишлардан бири, шубҳасиз, ижтимоий соҳадаги ислоҳотлардир.

Мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги салмоқли ўзгаришлар ҳақида сўз юритганда, камбағаллик даражасини қисқартириш чора-тадбирлари ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз, албатта.

“Менинг энг катта ниятим — мамлакатимизда камбағаллик ва ишсизликка бутунлай барҳам беришдир, — деб ёзади Президентимиз “Ҳозирги замон ва янги Ўзбекистон” китобида. — Шундай кунлар келишига ишончим комил ва бунинг учун бор куч ва имкониятларимни, борлиғимни бағишлашга тайёрман”.

Шу асосида кейинги йилларда юртимизда бу масалага ёндашув тубдан ўзгаргани, янги тизим яратилгани ва у доимий такомиллашиб бораётгани реал рақамларда кўриниб турибди.

2021 йилда аҳолининг 17 фоизи камбағаллик чизиғидан пастда яшаган бўлса, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 11 фоизгача пасайган. 2024 йилда камбағаллик даражаси 8,9 фоизга тушиб, 719 минг киши камбағалликдан чиқарилган. 2025 йил якуни билан камбағалликни 6 фоизгача камайтириш мақсад қилинди. Хусусан, жорий йилда 5 млн. 200 минг кишини иш билан таъминлаш, 1,5 млн. фуқарони камбағалликдан чиқариш, 42 млрд. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этиш ва экспорт қийматини 30 млрд. доллардан юқорига олиб чиқиш режалаштирилган.

Умумий қиймати қарийб 14 млрд. долларлик 8000 та лойиҳа амалга оширилиб, 272 мингта доимий иш ўрни очиш мўлжалланган. Режага киритилган ушбу мақсадлар бўйича ҳозир жадал ҳаракатлар кетмоқда.

Камбағалликни қисқартириш мақсадида ижтимоий ёрдамнинг янги ва самарали механизмлари жорий этилди. “Темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, маҳаллабай ва хонадонбай ишлаш усуллари орқали ёрдам ва кўмакка муҳтож ҳар бир оила ва фуқаронинг, хотин-қизлар, ёшларнинг муаммолари ўз жойида аниқ ўрганилмоқда, улар вақтида ва самарали ҳал этилмоқда. Айтиш керакки, бу стратегик натижа бўлади, давлат идоралари халққа хизмат қилишда давом этишига ишонч мустаҳкамланади.

Кексалар, ногиронлиги борлар, оғир аҳволга тушиб қолган инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга меҳр ва мурувват кўрсатиш каби эзгу анъаналар амалий ҳаракатлар билан бойиди. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Беш муҳим ташаббус”, “Ҳар бир оила — тадбиркор”, “Ёшлар — келажагимиз” каби дастурлар натижасида минг-минглаб одамларимизнинг руҳи кўтарилди, ҳаётга ишончи ортди. Бир сўз билан айтганда, камбағалликни қисқартиришга йўналтирилган дастурлар туфайли миллионлаб оилалар ҳаётида ижобий ўзгаришлар юз беряпти.

Осон бўлмаган, қатъий қўйилган вазифалар нафақат шу кунларга, халқимиз келажагига қаратилганини яхшироқ тушуниш учун мураккаб вазиятдан чиқиб кетаётган оиладаги муҳитни, кайфиятни яқиндан билиш етарли бўлади. Йиллар мобайнида тайинли бир ишнинг бошини тутиб, рўзғорига яхши егулик олиб кела олмаган отанинг ўз ишини йўлга қўяётгани, даромад кўраётгани, аёли, фарзандларидан ортиб, қўни-қўшниларга қўшилиб, маҳаллада кўриниш бераётганида қанча фикр, қанча хулоса, қанча ибрат ва шукроналик бор?!

Янги Ўзбекистон дунёга юз тутмоқда

Очиқ ва прагматик, ташаббускор ташқи сиёсат Ўзбекистоннинг ўзига хос “ташриф қоғози”га айлангани хорижий давлатлар раҳбарлари ҳамда халқаро экспертлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг олий даражадаги ташрифларига эътибор қаратсак, кўплаб муҳим жиҳатлар кўзга яққол ташланади. Келинг, халқаро майдондаги алоқаларимиз географиясига бир назар ташлайлик: ҳозир ташқи сиёсатимиз доираси нафақат Марказий Осиё, МДҲ ёки Осиёнинг етакчи мамлакатлари, балки Яқин ва Ўрта Шарқ, Европа йўналишларини ҳам қамраб олмоқда. Бу ташқи иқтисодиётни сезиларли даражада диверсификация қилиш имконини беради.

Барча қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли муносабатлар тизими шакллангани, барча соҳалар кесимида ҳар бир қўшни мамлакат билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини айтмайсизми?! Қозоғис­тон, Тожикистон ва Озарбайжон билан иттифоқчилик муносабати ўрнатилди. Бу саъй-ҳаракатлар, албатта, минтақада барқарор ривожланаётган макон яратиш сари ташланган муҳим ва дадил қадамдир.

Бугун Янги Ўзбекистоннинг дунёга очиқлиги, шаффофлиги, прагматик ва конструктив руҳдаги сиёсати ўзига хос ижобий жиҳатлари билан намоён бўлмоқда. Халқаро сиёсий экспертлар фикрича, мамлакатимиз Марказий Осиё давлатлари билан бирга интеграциянинг янгича руҳини кўрсата олди. Бунинг замирида қадрияти, менталитети ва дини ягона, тили бир-бирига яқин давлатларнинг интеграция сари умумий интилиши ётибди.

Давлатимиз раҳбари 2024 йил ташқи сиёсатда жуда қизғин, серқирра фаолият олиб борди. Хусусан, хорижий давлатларга амалга оширилган ташрифлари сони 17 тани ташкил этиб, 260 дан ортиқ икки ва кўп томонлама халқаро ҳужжатлар имзоланди. Юртимизда хорижий давлатлар раҳбарлари ва делегациялари билан 100 га яқин ўтказилган учрашувлар жаҳонга юз тутаётган мамлакатимизнинг мавқеи, дунё ҳамжамиятининг тобора қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради.

Бугунги кунда хорижий мамлакатлар билан муносабатларни янада ривожлантиришда, хусусан, Сенатнинг роли ҳам ортиб бормоқда. Бу айниқса, давлатлараро юқори даражада эришилган келишувларнинг ижроси устидан парламент назорати ўрнатилгани, уларнинг амалга оширилиши қонунчилик нуқтаи назаридан таъминланаётгани, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликнинг самарали йўлга қўйилганида кўзга ташланмоқда.

Сўнгги йилларда миллий парламентимиз Парламентлараро Иттифоқ, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси, Марказий Осиё давлатлари парламентлари форуми каби халқаро тузилмалар ишида фаол қатнашиб, долзарб минтақавий ҳамда глобал миқёсдаги масалаларга доир таклиф ва ташаббусларни дадил илгари суриб келмоқда.

Мана, шу йил апрель ойида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-ассамблеяси Тошкентда ўтказилганининг ўзи ҳам юртимизда амалга оширилаётган ва натижа бераётган кенг кўламли ислоҳотлар, демократик янгиланишларнинг халқаро миқёсдаги улкан эътирофи эканини таъкидлашни истардим. Бу парламентимиз жаҳон парламентаризми даражасида ўз овози ва муносиб ўрнига эгалигини, Ўзбекистоннинг глобал дунёда сиёсий вазни ва мавқеи тобора ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Ҳа, бу йилги мустақиллик байрами ана шундай баланд марралар, катта натижалар ва буюк мақсадлар тантанаси сифатида ҳам кенг нишонланмоқда. Уларнинг таъриф ва тавсифини бир мақолага сиғдириш мушкул. Энг муҳими, буни ҳар биримиз ҳаётимиз, турмушимиз мисолида кўряпмиз. Биз ана шундай улкан имкониятларга тўла, қадримиз баланд, қаддимиз тик даврда яшаяпмиз. Янги Ўзбекистонни барпо этишга киришилган тарихий янгиланиш жараёнларининг ҳар бир йили катта ютуқлар, беқиёс ўзгаришлар билан бошланаётгани ҳар биримизнинг кўнглимизни тоғдек кўтаради, албатта.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?