Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилиняпти?
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ахборот хизмати ушбу саволга аниқ мисоллар билан жавоб берди.
Ошхона мебеллари жамланмаси “қимматга“ тушди!
Иш қуролинг соз бўлса — машаққатинг оз бўлар! Асосий вақти ошхонада ўтадиган уй бекаларининг пазандалик маҳоратини намоён этишлари учун жиҳозларнинг аҳамияти катта. Бежирим ошхона мебелларига эга бўлиш эса ҳар бир аёлнинг орзуси саналади. Нархидан қатъий назар кўпчилик бу харидда сифатга кўпроқ эътибор қаратади. Олдиндан буюртма бериш орқали ҳар ким дидига мос мебеллар жамланмасига эга бўлиши мумкин. Аммо буюртма ўз вақтида тайёрланмаса, тадбиркор истеъмолчидан “қочиб юргани” етмагандек ошхона жиҳозларини ҳам, олдиндан тўланган суммани ҳам қайтармаса, буни қандай изоҳлаш мумкин?
Бу каби муаммога Бухоро шаҳар И.Каримов кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Х.Истамов ҳам дуч келди. Жорий йилнинг 11-март санасида истеъмолчи Бухоро туман Работак МФЙ да фаолият юритаётган ЯТТ М.Махмудовга қарашли мебеллар ишлаб чиқариш цехига ўзи истаган ошхона гарнитурини тайёрлаши учун 4.500.000 сўм олдиндан тўлиқ тўловни амалга оширади. Қисқа фурсатда етказиб берилиши айтилган бўлса-да буюртма яқин кунларгача тайёрланмаган.
Тадбиркорнинг ишни пайсалга солаётганидан таъби хира тортган фуқаро Бухоро шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ишонч рақамига оғзаки мурожаат қолдиради. Шахсан жамият раиси К.Хафизов аралашуви билан ҳолат яқиндан ўрганилди ва истеъмолчи фойдасига ижобий ҳал этилди. Х.Истамов тўлаган тўлов тўлиқ қайтарилди ва бу каби ҳолат қайтарилмаслиги учун тадбиркорга зарурий тавсиялар берилди. Бу каби муаммолар сиз билан содир бўлган пайтда сизнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларингиз ҳимоячилари борлигини унутманг!
Нуқсонли товар пули ундирилди
2020 йилнинг март ойида Бухоро туманидаги эҳтиёт қисмлари дўконидан 950 000 (тўққиз юз эллик минг) сўмлик “Texa” русумли чилангарлик аппаратини харид қилган фуқаронинг ҳафсаласи пир бўлди. Аппарат орадан 4 кун ўтгач куйиб қолди. Сотувчига вазиятни тушунтирганхаридор, ундан “-Бу электр кучланишдан бўлган” деган жавобни олади ва сотувчи харидорни ўзининг таниш устасига жўнатади. Ваҳоланки харид чекига қўшиб 2 ой муддатли кафолат талони ҳам берилган экан. Аппарат 300 000 (уч юз минг) сўмга қайта тузатилган, аммо, маьлум кундан сўнг яна бузилган.
Ҳолат юзасидан тумандаги “Раста” буюм бозори ҳудудида амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор Б.Б. иштирокида ўрганиш ишлари ўтказилганда, чилангарлик аппарати ҳақиқатан ҳам юқорида келтирилган суммага харид қилинганлиги, товарга икки ой кафолат муддати белгиланганлиги, аппарат харид қилингандан 4 кун ўтиб истеъмолчи ўз эътирозлари билан келганлиги каби ҳолатлар ўз тасдиғини топди.
Сотувчига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ва “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари” талаблари тушунтирилди. Унга қонун талабларидан келиб чиқиб, нуқсонли товарни мақбул сифатлисига алмаштириш, бунинг имкони бўлмаган тақдирда эса товар учун тўланган пулни қайтариш таклифи билдирилди. Сотувчи нуқсонли товар учун тўланган 950 000 сўм пулни истеъмолчига қайтариб бериб, ўзининг зиммасидаги мажбуриятини бажарди.
Фуқаронинг бузилган ҳуқуқи тикланди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Ишонч телефонига 2020 йилнинг май ойида Бухоро шаҳар И.Каримов кўчаси 44-уй 57-хонада яшовчи фуқаро Икромов Илҳом томонидан оғзаки мурожаат келиб тушган. Мурожаат мазмунига кўра фуқаро Бухоро шаҳрида жойлашган енгил автомобиллар сотиш савдо корхонасидан “Нексия-3” русумли автомобил харид қилиш учун шартнома қилган, аммо шартнома муддати тугагани ва харид қилган автомобилини ўз вақтида олмаганидан норози бўлган. Жамият ходимлари аралашуви билан истеъмолчининг “Нексия-3” русумли автомобили (75 930 613 сўм) тез вақтда олиб берилди ҳамда унинг бузилган ҳуқуқи тикланди.
"Ҳурматли истеъмолчи! Агарда сизнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларингиз бузилса, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациянинг ягона 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишингиз мумкин" дейилади Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ахборот хизмати хабарида.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг