«Иссиқлик электр станциялари» АЖ 2024 йил якунларини сарҳисоб қилди

18:35 27 Март 2025 Жамият
97 0

«Иссиқлик электр станциялари» АЖ 2024 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва корпоратив бошқарувни такомиллаштириш борасида юқори натижаларга эришди. Жамият томонидан йил давомида 32 млрд кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, режадан 3 млрд кВт.соатга кўпроқ натижа қайд этилди.

Инвестиция дастури доирасида 646,14 млн АҚШ доллари ўзлаштирилиб, белгиланган режа 104,73% га бажарилди. Замонавий ва энерготежамкор қурилмаларни жорий этиш доирасида Толимаржон ИЭСда 1065 МВт қувватга эга буғ-газ қурилмаси қурилиши якуний босқичга кирди. Шунингдек, Тошкент ИЭМда 64 МВт қувватга эга газ-турбина қурилмалари фойдаланишга топширилди, Навоий ИЭСда 650 МВт ли 3-сонли буғ-газ қурилмаси қурилиши бошланди.

Жамият пойтахт аҳолисини иссиқлик энергияси билан таъминлашни яхшилаш мақсадида Олмазор ва Сергели туманларида замонавий когенерация қурилмаларини барпо этди. Бу лойиҳалар иссиқлик тармоқларидаги йўқотишларни 90% га камайтириш ва 8 млн кВт.соат электр энергиясини қўшимча ишлаб чиқариш имконини беради.

Қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 53 та энергоқурилма таъмирланди, бу эса 291 МВт электр қуввати ва 235 т/соат иссиқлик қувватини оширишга хизмат қилди.

Жамият корпоратив бошқарувни ривожлантиришда ҳам юқори натижаларга эришди. Халқаро ISO 27001, ISO 37001, ISO 44001, ISO 50001, ISO 45001 ва ISO 14001 сертификатлари қўлга киритилди. Шунингдек, Fitch Rating томонидан «BB- Барқарор» халқаро индикатив рейтинги сақлаб қолинди.

Жамият ходимлари малакасини оширишга катта эътибор қаратилди, йил давомида 5068 нафар ходим малака оширди, 88 нафар мутахассис эса хорижий давлатларда ўқув семинарларида қатнашди.

Коррупцияга қарши курашиш борасида ISO 37001 стандарти жорий этилди ва жамият «E-Anticor.uz» платформасида 84 балл олиб, «яшил» рейтингга сазовор бўлди.

Жамият 2024 йилда қўлга киритган ушбу муваффақиятлар 2025 йилда электр энергетика соҳасини янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратиши шубҳасиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?